Инсон тақдирини баъзан битта нигоҳ, битта ишонч ўзгартириб юборади. Самарқанддаги лицейда бўлган пайтимда биология фанига қизиқишим деярли йўқ эди. Аммо биология ўқитувчим Ҳайрулла Ацар яхши ўқувчиларни фан олимпиадаларига жалб қилишга интилар, улардаги яширин қобилиятни кўра оларди. Устознинг ишончи ва саъй-ҳаракати билан мен биология оламига кириб бордим. Аввалига бу шунчаки фан эди, кейин бутун ҳаётим мазмунига айланди.

Биология фани бўйича вилоят, республика ва халқаро олимпиадаларда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритдим. Бу муваффақиятларим туфайли исталган тиббиёт олийгоҳига имтиҳонсиз кириш имконияти бор эди. Аммо 1999 йилда мен онгли равишда бошқа йўлни танладим. Самарқанд давлат университетининг биология факультетига ҳужжат топширдим. Бу қароримда ота-онамнинг ишончи ва қўллаб-қувватлаши ҳал қилувчи роль ўйнади.

Университетда талабалик пайтларимда, 2001 йилда инсон геномининг биринчи қоралама варианти эълон қилинди. Бу воқеа биология учун янги давр  молекуляр генетика асрининг бошланиши эди. Ўша пайтда илм-фан олдида очилаётган имкониятлар мени чексиз илҳомлантирарди.

Бакалавр битирув ишини инглиз тилида, доцент Эркин Ҳалимов ва профессор Зафар Исмоилов раҳбарлигида ёздим. Тупроқ микроорганизмларининг органик ксенобиотикларни парчаланишидаги роли ҳақида олиб борилган бу тадқиқот менинг илмий дунёқарашимни шакллантирди. 2003 йилда диплом олдим ва илмий изланишдан ортга қайтмасликка қарор қилдим.

2003 йил мен учун бурилиш нуқтаси бўлди. “УМИД” жамғармаси танловининг сўнгги совриндорларидан бири бўлдим. АҚШнинг Техас A&M университети магистратурасига қабул қилиндим. Аммо жамғарма тизимидаги ўзгаришлар сабаб хорижга кетиш насиб этмади. Мен Ўзбекистонда қолиб, Самарқанд давлат университетида биотехнология йўналишида магистратурани давом эттирдим.

Магистрлик диссертациям буғдой патогенларини тупроқ микроорганизмлари ёрдамида биоконазорат мавзусида эди. Шу йилларда Президент стипендияси совриндори бўлдим. Бу эътироф илмий йўлимни давом эттириш учун катта рағбат берди.

2005 йилда Германиянинг Ҳайдельберг университети ва Кореянинг Сеул Миллий университетларига қабул қилиндим. Биомедицина соҳасида дунёга машҳур Ҳайдельберг университетини танладим. Бу ерда молекуляр ва ҳужайра биологияси йўналишида таҳсил олдим. Таълим жараёнининг асосий қисми лабораторияда ўтди. Айнан шу ерда мен келажакдаги илмий йўналишимни белгилаб берган ҳодисага дуч келдим.

Ёш олим доктор Герхард Шрат нерв тизимидаги микроРНКлар устида ишларди. Ўша пайтда бу молекулалар ҳақида илм-фанда жуда кам маълумот бор эди. Аммо айнан шу кичик молекулалар ҳужайра ҳаётининг энг муҳим жараёнларини бошқаришини англаш илмий тафаккуримни тубдан ўзгартирди.

МикроРНКлар атиги 19–21 нуклеотиддан иборат кичик молекулалар. Аммо улар генларнинг ишлашини бошқаради, ҳужайра ривожи, метаболизм, ҳатто саратон каби жараёнларга таъсир қилади.

2007 йилда бу йўналишда илмий мақолалар сони жуда кам эди. Аммо қисқа вақт ичида бу соҳа биологиянинг энг тез ривожланаётган йўналишларидан бирига айланди. Илмий пойга бошланди: ким биринчи бўлиб янги микроРНК функциясини очади?

Мен Герхард Шрат лабораториясида ишлашни бошладим. Биз дунёда биринчилардан бўлиб нерв ҳужайраларидаги микроРНКларнинг ролини ўргандик. Нерв ҳужайралари ўсиши, дендритлар ривожи ва синапслар фаолиятини бошқарувчи микроРНКларни аниқладик. Тадқиқот натижалари дунёнинг энг нуфузли илмий журналларида чоп этилди.

2024 йилда микроРНКларни кашф этган олимлар Нобель мукофоти билан тақдирланди. Бу хабарни эшитганимда қалбимда ўзгача туйғу пайдо бўлди. Чунки мен ҳам шу соҳанинг илк ривожланиш даврида ишлаган, унинг шаклланишига оз бўлса ҳам ҳисса қўшган эдим.

Бу илмий меҳнатнинг энг катта мукофоти эди. Нафақат мукофот, балки ўз вақтида танланган йўлнинг тўғрилигини англатарди.

2014 йилда Германиянинг Марбург университетида PhD диссертациямни муваффақиятли ҳимоя қилдим. Тадқиқотим нерв ҳужайраларида микроРНКларнинг фаолликка боғлиқ бошқаруви ва уларнинг нерв тизими ривожига таъсирига бағишланди.

Бугунги кунда Марбург университети Физиологик кимё институтида катта илмий ходим сифатида фаолият юритаман. Илмий изланишларим асаб ҳужайраларининг асосий оқсилларидан бири актин ва унинг нерв тизими ривожидаги ролини ўрганишга қаратилган.

Бундан ташқари, талабаларга дарс бераман, ёш тадқиқотчиларга илмий раҳбарлик қиламан. 2021 йилдан буён Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов таклифига биноан магистрантларга масофадан дарс ўтиб келмоқдаман.

Ортга назар ташласам, бу йўл Самарқанддан, Самарқанд давлат университетидан бошланганини кўраман. Устозлар ишончи, ота-онамнинг қўллаб-қувватлаши мени дунё лабораторияларигача олиб келди.

Бугун чоп этилган йигирмага яқин илмий мақола, халқаро журналлардаги тадқиқотлар, етишиб чиқаётган шогирдлар - буларнинг барчаси ўша Самарқанддан бошланган йўлнинг давомидир.

 

Шароф ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Германиянинг Марбург университети
катта илмий ходими, PhD.