Самарқанд давлат университетига Эрон Ислом Республикаси Исломий Кенгаши Фанлар Академияси илмий журнали ҳамда “Бухоро” илмий-адабий-маданий журнали бош муҳаррири, таниқли журналист ва ёзувчи, доктор Али Деҳбоший бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Меҳмонларни Самарқанд давлат университетининг Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти директори, профессор Жўлибой Элтазаров кутиб олди.

Ташриф давомида меҳмонларга институтнинг фаолияти, таълим ва илмий-тадқиқот йўналишлари, хусусан, форс тилини ўқитиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Учрашувда томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, форс тили ва адабиётини чуқур ўрганиш, шунингдек, хорижий олимларни университет илмий фаолиятига жалб этиш бўйича фикр алмашилди.

Суҳбат давомида “Бухоро” журналининг Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва илмий-маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ўрни алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни изчил давом эттириш ва янги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олдилар.