Самарканд Давлат университети ректори проф. Р.И.Халмурадов

Самарқанд Давлат университети нафақат Ўзбекистонда, жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ҳам машхур қадимий ва мумтоз олий таълим муассасасидир. Олий таълим муассасамизнинг расман ташкил топиши 1927 йил билан белгилансада, унинг шаклланиши ва олий таълим мақомига эга бўлиши илм-фан ва таълим, санъат ва маданият дурдоналари, архитектура-қурилиш иншоотлари билан жаҳонга машҳур бўлган Темурийлар даври, хусусан, Улуғбек академиясининг бой тарихи ва ютуқлари билан узвий боғлиқ.

Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи, Ғиёсиддин Коший, Алишер Навоий, Абдурахмон Жомий каби буюк авлодларимиз Самарқандда маърифат ва маданиятни юксалтирган ва жаҳон тамаддуни тамал тошлари қўйганликлари, уларнинг бой мерослари асосида бугунги олий таълим муассасалари ташкил топганидан ғурурланамиз. Ана шундай олий таълим муассасаларидан бири - Самарқанд давлат университета ўзининг узоқ йиллик фаолияти даврида Ўзбекистонимиз халқ хўжалигига минглаб мутахассислар ва олий малакали кадрлар тайёрлаб берди.

Самарқанд Давлат университети 1927 йил 22 январда Ўзбекистон Ҳукумати қарори билан Олий педагогика институти номи билан ташкил қилинган (1927-1933), 1930 йили Ўзбекистон давлат педагогика академиясига (1930- 1933) ва 1933 йилда эса Ўзбекистон давлат универеитетига (1933-1941) айлантирилган, 1941-1944 йилларда иккинчи жаҳон уруши муносабати билан Ўзбекистон давлат университети Ўрта Осиё университети таркибига киритилган (хозирги Ўзбекистон Миллий университети), 1944 йилда Ўзбекистон Давлат университети қайта тикланди (1944- 1960), 1960 йилдан бошлаб Ўзбекистон Давлат университети Самарқанд Давлат университети деб аталиб келмоқда.

Бугунги кунда Самарқанд Давлат университетининг 14 та факультет ва 63 та кафедраларида 34 та таълим йуналиши ва 40 та магистратура мутахассислиги бўйича 13000 га яқин талабалар таҳсил олмоқда. Уларга 800 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар, жумладан, 3 нафар ЎзФА академиклари, 81 нафар фан докторлари ва  311 нафар фан номзодлари таълим беришмоқда. 40 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича фалсафа доктори (Phd) ва фан докторлиги (DSc.) докторантуралари, уларни химоясини ўтказувчи 9 та илмий кенгашлар фаолият юритмоқда.

Университети таркибида 3 млн. дан ортик илмий ва ўқув адабиётлари, жумладан, 15 000га яқин нодир китоб ва шарқ қўлёзмалари мавжуд бўлган кутубхона ҳамда 3 та академик лицей, 4 та музей, 1та оранжерея, 2та ноёб қурилма фаолият юритмокда.

Таълим-тарбия жараёнини мунтазам ишлашини таъминлаш мақсадида “Самарқанд Давлат университети илмий ахборотномаси” илмий-услубий журнали ва “Самарқанд университети” газетаси даврий равишда чоп этилмоқда, ўқув ва илмий адабиётларни тахрир ва нашр қилувчи босмахона ишлаб турибди.

Мустақиллик йилларида университет талабаларидан 19 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти номидаги давлат стипедиялари, 98 нафари эса атоқли шахслар номидаги давлат стипендияларини, 9 нафар талаба эса “Зулфия” номидаги давлат мукофоти олишга сазовор бўлишган. 7 нафар талабаларимиз жаҳон чемпиони, 57 нафар талабалар Осиё чемпиони, 170 нафардан ортиқ талабалар Ўзбекистон чемпиони, 300 нафардан ортиқ талабалар универсиада чемпиони ва совриндорлари бўлишган.

Университет профессор-ўқитувчилардан 1 нафари “Буюк хизматлари учун”, 5 нафари “Эл -юрт хурмати ”, 5 нафари “Мехнат шухрати” орденлари, 3 нафари “Шухрат” медали билан тақдирланган, 3 нафари “Ўзбекистон Фан арбоби” ва 6 нафари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвонларини олишган.

Самарканд Давлат университети Ўзбекистонда таълим ва илм-фан сохаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, таълим-тарбия жараёнини уйғунлаштириш, тайёрланадиган мутахассис кадрларнинг рақобатбардошлигини ошириш, илғор педагогик технологияларни жорий қилиш, илмий тадқиқотларни устиворлиги ва долзарблигини таъминлаш ишларида ташаббускорлик кўрсатаётган маскандир.