Глобал иқлим ўзгаришлари рўй бераётган, инсон фаолиятининг атроф-муҳитга салбий таъсирлари яққол сезилаётган даврда Самарқанд давлат университетининг табиий фанлар таълими йўналишидаги институтлари ва факультетларида экологик маърифат масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, экология ва ҳаёт хавфсизлиги кафедрасида бу йўналишда кўплаб илмий-амалий ва таълимий лойиҳаларни амалга ошириб келинмоқда.

    Кафедрадаги “Ёш эколог” ва “Фламинго” клублари йўналишида қуйидаги ишлар ташкил этилган. Олий таълим муассасаларининг веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқларида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича махсус бўлимлар ҳамда саҳифалар яратиш орқали талабаларга экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича самарали маълумот тарқатиш, маълумотларни кенгайтириш билан экологик билимларини оширишга ёрдам берилмоқда. Бугунги кунда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича семинарлар, давра суҳбатлари, тренинглар ва маърузалар ташкил этиб келинмоқда. Шу жумладан Экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси қошида “Ёш эколог” тўгараги ва “Фламинго” клуби номи билан t.me/zakovatekologiya  телеграм гуруҳи шакллантирилган.

    Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида ўқув йили давомида ўтказиладиган тадбирлар экологик тақвим асосида тайёрланган.  Доимий равишда очиқ дарслар ташкил этилиб, оммавий ахборот воситалари ва газеталарда мақолалар чоп этиб бормоқдалар.

    16-сентябр - “Бутунжаҳон озон қатламини ҳимоя қилиш куни” тадбир Озон видео https://www.youtube.com/shorts/dDAnyKgBYmU ижтимоий тармоқ орқали фикрлар баён этилди.

    Самарқанд давлат университетида 2-феврал - “Бутунжаҳон сув-ботқоқ ҳудудлари куни” муносабати билан “Дарё ва кўлларнинг экотизим барқарорлигидаги аҳамияти” мавзусида семинар ўтказилди. Анжуман Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Зебинисо Пўлатова иштирок этди. Тадбирда талабалар фаол қитнашгиб, дарё ва кўлларни, сув-ботқоқ ҳудудларни муҳофаза қилиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдиришди.

    Шу билан бирга экология ва ҳаёт фаолияти хахфсизлиги кафедраси қошидаги “Ёш эколог” тўгараги ва “Фламинго” клубида минтақа ва мамлакатда мавжуд экологик муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этишга йўналтирилган семинар ва давра суҳбатлари ташкил этиш талабаларда экологик маданиятни шакллантириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига жамоатчилик эътиборини жалб қилишда муҳим ўрин тутади. Шунга асосан, кафедрада “Ёшларнинг экологик онги ва маданиятини юксалтириш” мавзусида тадбирлар мунтазам ташкиллаштирилиб келинмоқда.

    Самарқанд давлат университети ва вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ўртасида тузилган шартномага асосан кафедра профессор-ўқитувчилари ва бошқарма ходимлари биргаликда иш олиб бормоқдалар. Бошқарма тасарруфидаги объектларда талабалар малакавий амалиёти олиб борилади. 5-декабр куни кафедра ассистенти ПҳД М.Ғ. Боратова ҳамда Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Ўзбекистон экологик партияси Самарқанд вилоят ташкилоти аъзолари билан биргаликда “Экология ва саломатлик” мавзусидаги тадбир ўтказилди.

    Бундан ташқари  миллий ва халқаро миқёсда долзарб бўлган биологик хилма-хилликнинг табиат ва жамиятдаги ўрнини асословчи - “Ўсимлик ва атроф-муҳит”, “Иқлим ўзгариши”, “Ўсимликлар дунёсига экологик омилларнинг таъсири”, “Ўсимликларга одам фаолиятининг таъсири”, “Ўсимликларни муҳофаза қилиш”, “Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси” мавзусида қўриқхона ва миллий табиат боғларига экскурсияларга олиб бориш билан талабаларга кенг маълумотлар берилиши муҳим ҳисобланади.

    Кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан иқлим ўзгаришининг Ўзбекистон ҳудудидаги таъсир механизмлари, айниқса, Зарафшон водийси ва Самарқанд вилоятидаги экологик муаммоларни аниқлаш, мониторинг қилиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда. Магистратура ва бакалавриат босқичидаги талабалар экологик мониторинг, биоиндикация, агроэкологик мослашув ва сув ресурсларини бошқариш мавзуларида илмий изланишларга жалб этилган.