Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов янги ўқув йили бошланишида Самарқанд шаҳридаги 14-умумий ўрта таълим мактабида юқори синфлар ўқувчилари билан учрашди. Тадбирда университет матбуот котибияти раҳбари Фаррух Ҳамроев иштирок этди.

Суҳбат давомида профессор Рустам Холмуродов давлатимизнинг ёшларга оид сиёсати моҳияти ва мақсади, мамлакатимизда ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун яратилаётган кенг имкониятлар, бундай ғамхўрликка жавобан Ўзбекистон ёшлари, хусусан Самарқанд давлат университети талабалари халқаро миқёсда эришаётган муваффақиятлар ҳақида алоҳида тўхталди.

Билим олиш ва келажакда муносиб мутахассис бўлиб етишиш учун мавжуд шароитлардан самарали фойдаланиш, Ватан тараққиётига ҳар бир киши ўз бурчини бажариш орқали ҳисса қўшиши муҳимлигини таъкидлади. Сўнгра мактаб ўқувчиларининг фикр-мулоҳазаларини тинглади, саволларига жавоб берди.