Бугун 21 сентябрь – Самарқанд давлат университети куни. Бу сананинг ўзига хос тарихи бор, албатта. 1420 йил 21 сентябрь куни бундан 606 йил муқаддам Мирзо Улуғбек олий мадрасасига асос солинган эди.

Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг вориси эканлигида улкан шараф билан бирга жуда катта масъулият ҳам мужассамлашган.

2016 йилдан бошлаб Самарқанд давлат университети мисолида замонавий университет барпо этишга киришилди.  Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил август ойида университетнинг Биокимё институтига ташриф буюриши бу борада ишларни истиқболини белгилаб берди.

Самарқанд давлат университети битирувчилари  академиклар Акбар Отахўжаев, Толиб Мўминов, Назар Тўраев, Муҳсин Ашуров, Бобомурод Аҳмедовлар билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Техас университети профессори, Квант маркази илмий раҳбари Анвар Зоҳидов, Берлин техника университети профессори Валентин Попов, Калифорния университети профессори Шароф Тўғизов, Германиянинг Марбург университети катта илмий ходими, PhD Шароф Худойбердиев университет довруғини жаҳонга ёйишмоқда, нуфузини кўтаришмоқда. Бугунги кунда Самарқанд давлат университети Фахрий профессорлари сафидан икки нафар Нобель мукофоти лауреатларининг ўрин олганлиги барчамизни қувонтиради.

Самарқанд давлат университети куни муносабати билан Амир Темур мақбарасида Мирзо Улуғбек руҳига Қуръон тиловат қилинди.  Тадбирда вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари,  жамоатчилик вакиллари ҳамда СамДУ профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар.

Самарқанд давлат университети куни муносабати билан бош бинога маърифий юксалиш бардавомлигининг рамзи сифатида Амир Темур салтанати байроғи ўрнатилди.

Амир Темур байроғи ўрнатилишига бағишланган тантанали тадбирда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти директори Жўлибой Элтазаров сўзга чиқиб, бу тадбирнинг маърифий моҳияти, ижтимоий аҳамиятини таъкидлади. Амир Темур таъсис этган байроқ давлатнинг сиёсий, иқтисодий барқарорлигининг, музаффарлигининг, халқ бирдамлигининг рамзи бўлган. Байроқнинг мағрур ҳилпираши дилларда ифтихор туйғусини кучайтиради.

Самарқанд давлат университети аждодларнинг маънавий-маърифий анъаналарини давом эттирмоқда. 2024 йил 20 августдан бошлаб Самарқанд давлат университети муассислигида “Самарқандим” ва “My Samarkand” ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий, тарихий, оммабоп журнали нашр этиб келинмоқда.

Туркистон жадидлари раҳнамоси, самарқандлик Маҳмудхўжа Беҳбудий 1913 йил 20 август куни “Ойина” журналига асос солган эди. Демак, замонавий журналнинг Ватани ҳам Самарқанддир. Орадан 111 йил ўтиб “Самарқандим” - “My Samarkand” журнали ташкил этилгани ҳам тасодиф эмас, албатта. Ушбу журнал “Ойина”нинг маънавий ворисидир.  

Байрам тантаналари университет хиёбонида давом этди. Самарқанд вилоят ҳокими Адиз Бобоев сўзга чиқиб, барчани қутлуғ кун билан табриклади. Талаба ёшларни буюк аждодларга муносиб издош бўлишга даъват этди.

Тадбирда халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Негматов, Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосарлари Рустам Қобилов, Ҳусан Тўхтаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошевлар қатнашди.

Талабалар ва ва жамоатчилик иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Самарқанд давлат университети тарихий, илмий тадқиқот фаолияти, таълим жараёнларидан ҳикоя қилувчи лавҳалар, санъаткорларнинг чиқишлари, талабалар жамоалари иштирокидаги “Заковат” интеллектуал ўйинлари барчанинг эътиборини тортди ва олқишларга сазовор бўлди. Байрам муносабати билан дастурхон тузалиб ош тортилди.