Тил —  халқнинг тарихий хотираси, тафаккури, руҳияти ва миллий ўзлигини мужассам этган маънавий ҳодисадир. Шу сабабли тил номи билан боғлиқ ҳар бир сўз ва қўшимча ортида муайян маъно ётади. Баъзан эса битта қўшимчанинг қўлланиши ҳам ифодаланаётган тушунчанинг моҳиятини ўзгартириб юбориши мумкин. Шу нуқтайи назардан “она тил” ва “она тили” шаклларини бир-бирининг оддий вариантлари сифатида қабул қилиш масалани соддалаштириб юборади.
          “Она тили” дейилганда, аввало, онанинг тили, яъни муайян бир онага тегишли тил тушунчаси грамматик жиҳатдан юзага келади. Чунки -и қўшимчаси ўзбек тилида эгалик муносабатини ифодаловчи грамматик воситалардан биридир. “Она тили” шаклида “она” ва “тил” ўртасида эгалик муносабати кўринади.
          “Она тил” бирикмасида эса бундай муносабат мавжуд эмас. Бу ерда “она” сўзи тилнинг эгасини эмас, унинг моҳияти ва инсон учун қадрини белгилайди. “Она” — бу ўринда биологик шахс номи эмас, балки туғилиш, манба, меҳр, илдиз ва муқаддаслик тимсолидир. Шунинг учун “она тил” деганда “онанинг тили” эмас, инсоннинг она каби азиз ва туғма тили англашилади.
          Бу фарқ ўзбек тилининг бошқа табиий бирикмаларида ҳам яққол кўринади. Биз “она Ватан”, “она замин”, “она ер” деймиз. Бу бирикмаларда “она” кейинги сўзнинг эгасини билдирмайди. У Ватан, замин ва ерга нисбатан инсоннинг чуқур маънавий муносабатини ифодалайди. Демак, “она” сўзининг бундай қўлланишида унинг семантик вазифаси эгаликдан кўра кенгроқ: у азизлик, туғмалик ва муқаддаслик маъноларини юклайди.
 “Чет эл” бирикмаси ҳам ўзбек тилидаги аниқловчи–аниқланмиш муносабатининг содда ва табиий кўринишларидан биридир. “Чет” сўзи “эл”ни аниқлайди, бироқ “чет эли” шаклига эҳтиёж туғдирмайди. Худди шунингдек, “чет тил” бирикмасида ҳам “чет” сўзи “тил”нинг белгисини аниқлаб келади.
          Шундай экан, “она тил” шаклида қўшимчанинг йўқлигини грамматик нуқсон сифатида баҳолаш шошма-шошарлик бўлади. Тилнинг барча бирикмалари бир хил синтактик қолип асосида тузилмайди. Ўзбек тилида аниқловчи ва аниқланмишнинг битишув асосида боғланиши кенг тарқалган ҳодиса. “Она тил” ҳам шу имконият доирасида талқин қилиниши мумкин.
  Масаланинг энг муҳим томони шундаки, “она тил” шакли фақат грамматик ихчамликни эмас, маъно аниқлигини ҳам таъминлайди. “Она” сўзи “тил”га эгалик қилувчи шахсни эмас, тилнинг инсон ҳаётидаги мақомини белгилайди. Бу — инсон туғилган муҳитдан, оиладан, халқдан ва миллий тафаккурдан сингиб келадиган тил. У инсон учун она каби яқин, она каби азиз.    Шу сабабли бу ерда масалани фақат “қўшимча керакми ёки керак эмасми?” тарзида қўйиш етарли эмас. Асосий савол бошқача: қўшимча қўшилганда дастлабки маъно сақланадими?
          Агар -и эгалик маъносини юзага чиқарса, “она тили” шакли “она” ва “тил” ўртасидаги муносабатни эгалик йўналишида ифодалайди. “Она тил” эса тилни муайян бир онага тегишли нарса сифатида эмас, инсоннинг энг яқин, энг табиий ва муқаддас тили сифатида тасвирлайди.
Демак, масала биргина қўшимчани тушириш ёки қўшиш билан ҳал бўладиган техник масала эмас. Бу — сўзнинг шакли билан маъноси ўртасидаги муносабат масаласидир. Тил меъёрини англаш учун унинг ташқи қолипинигина эмас, ички семантик ва синтактик мантиғини ҳам кўра билиш керак.
          “Она тил” деган икки сўзда эса катта бир маънавий мазмун мужассам: она — илдиз, тил — ўзлик. Уларнинг қўшилишидан халқнинг тарихий хотираси, миллий руҳи ва авлодлар давомийлигини ифодаловчи тушунча пайдо бўлади. Бу фикрни атоқли шоир- тилшунос, этимолиг   Эшқобил  Шукурнинг қуйидаги мисралар ниҳоятда теран ифодалайди:
Она Тил, Она Юрт, азиз Она Ер-
Аждодлар руҳи бу,  авлодлар шони!
Бу жаҳон мулкида ҳазрат Алишер
Маъно оламининг Ўзбекистони.
Ибодулла МИРЗАЕВ,
Самарқанд давлат университети
ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, профессор.