Тантанали тадбирни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Халмурадов кириш сўз билан очди. Тоттори университети президенти Тасуку Харада, Таълим ва илм-фан вазири ўринбосари Санжар Мирзалиев, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаевлар табрик сўзларини ўқиб эшиттирди. Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Файзиева, Япония фан ва технологиялар агентлиги вице-президенти Шигео Моримото, Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мамору Сакаи, профессор Бакриддин Зариповларнинг табрик сўзлари ҳам тадбир дастуридан ўрин олди. Очилиш маросимидан сўнг ялпи мажлис ўтказилиб, унда Марказий Осиёнинг қурғоқчил ҳудудларида мавжуд илмий муаммолар, тадқиқот имкониятлари, халқаро ҳамкорлик тажрибаси ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди. Дастлаб, Киото университети Табиий офатларнинг олдини олиш тадқиқот институти доценти Темур Хўжаназаров «Марказий Осиё қурғоқчил ҳудудларида илмий муаммолар ва тадқиқот имкониятлари. Минтақавий масалалар ҳамда Blue-SATREPS лойиҳаси илғор тажрибалари» мавзусида маъруза қилди. Тоттори университетининг Самарқанд давлат университетидаги ваколатхонаси раҳбари Кристина Тодерич икки университет ҳамкорлиги доирасида эришилган натижалар ва келгусидаги режалар ҳақида тақдимот қилди. Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори Тошпўлат Ражабов марказ фаолияти, устувор тадқиқот йўналишлари, шунингдек, университетнинг ўқув ва илмий-тадқиқот режаларини ривожлантириш масалалари ҳақида тўхталди. Тоттори университети профессори, Қурғоқчил ерларни тадқиқ қилиш маркази директори Мицури Цубо илмий ҳамкорлик, академик алмашинувлар ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маъруза қилди. Тоттори университети Қишлоқ хўжалиги факультети декани Киня Акаши, профессор Хисаши Цужимото ҳамда ICARDAнинг илмий ходими Густав Гинцбургер қурғоқчил ҳудудларни ўрганиш натижаларини қишлоқ хўжалигида қўллаш, инновацияларни амалиётга татбиқ этиш ва таълим билан илмий тадқиқотлар интеграцияси масалаларига тўхталди. Тадбирнинг муҳим босқичларидан бири «Чўл тадқиқотлари» марказини ташкил этиш тўғрисидаги келишув меморандумини имзолаш бўлди. Меморандумни Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ва Тоттори университети президенти Тасуку Харадалар имзолади. Рамзий лентaлар қирқилди. Ушбу марказ нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг кенг қурғоқчил ҳудудларини барқарор ривожлантириш йўлида илғор илмий ютуқлар, замонавий таълим, инновацион ечимлар ва халқаро тажрибани амалиётга татбиқ этувчи муҳим илмий-маърифий ҳабга айланишни мақсад қилган. Тадбир якунида меҳмонлар Биокимё институти кампуси билан яқиндан танишди. Оранжерея, зоология музейи, Муҳандислик физикаси ҳамда Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар институтларини кўздан кечирди.