Давлат мустақиллигидан тафаккур мустақиллигигача

Мустақиллик — тақвимдаги сана эмас. У халқнинг тарихий хотираси, ўзлигини англаш ва ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқидир. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги бизни фақат ўтган йилларни сарҳисоб қилишга эмас, истиқлолнинг бугунги мазмуни ҳақида ўйлашга ҳам ундайди. 1991-йилда биз давлат мустақиллигига эришдик. Энди эса олдимизда ундан кам бўлмаган яна бир вазифа турибди: давлат мустақиллигини тафаккур мустақиллиги билан мустаҳкамлаш.Бугунги дунёда мамлакатлар ўртасидаги асосий рақобат тобора ҳудуд ва табиий бойликлардан кўра билим, технология, инновация ва инсон тафаккури майдонига кўчмоқда. Демак, мустақилликнинг замонавий мезони ҳам ўзгариб бормоқда.Савол энди фақат:“Биз мустақил давлатмизми?” шаклида эмас, балки: “Биз мустақил фикрлай оламизми? Янги билим ярата оламизми? Дунё билан тенг фикрлаша оламизми?” тарзида қўйилиши керак.Мана шу саволлар бугунги авлод олдидаги тарихий вазифани белгилайди.

Янгиланиш ва инсон омили

Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳам ана шу нуқтаи назардан баҳолаш, менимча, муҳим. Таълим ва илм-фан, ёшлар, замонавий касблар, рақамлаштириш, инновация, маданият ва инсон манфаатига қаратилаётган эътибор жамият ҳаётидаги янгиланишларнинг муҳим йўналишларига айланмоқда. Бу жараёнларнинг халқимизга манзур бўлаётган жиҳати шундаки, ўзгаришлар инсон ҳаётига дахлдор бўлишга интилмоқда.Ота-она фарзандининг таълимидаги имкониятни кўради. Ёшлар ўз қобилиятини намоён этиш учун майдон топади. Олим илмий изланишига шароит излайди. Устоз ўз меҳнатининг қадрланишини кутади. Оддий фуқаро эса эртанги кунига ишонч билан қарашни хоҳлайди. Ислоҳотнинг ҳақиқий мезони ҳам унинг инсон ҳаётида қандай акс этишидир. Шу билан бирга, давлат яратиб бераётган имкониятни реал натижага айлантириш ҳар биримизнинг масъулиятимиздир.

Тил — тафаккур майдони

Филолог сифатида мен учун бу масаланинг энг муҳим нуқталаридан бири — она тилидир. Тил фақат алоқа воситаси эмас. У халқнинг тарихий хотираси, дунёни идрок этиш тарзи ва тафаккур механизмларини авлоддан авлодга етказадиган улкан маънавий ҳодисадир. Аммо тил фақат ўтмишни сақлаб қолмаслиги керак. У келажакни яратадиган воситага ҳам айланиши зарур. Ўзбек тили илм-фан, олий таълим, замонавий технологиялар, рақамли коммуникация ва сунъий интеллект даврининг фаол тилига айланиши керак. Шунинг учун она тилини ривожлантириш — фақат тил масаласи эмас. Бу — миллий тафаккурнинг интеллектуал мустақиллиги масаласидир.Ўзбек тилида қанча янги илмий билим яратилмоқда? Замонавий тушунчаларни қанчалик аниқ ифодалай оляпмиз? Электрон луғатлар, корпуслар, рақамли ресурслар ва сунъий интеллект тизимларида тилимизнинг имкониятлари қай даражада кенгаймоқда? Келажакдаги тил сиёсати ана шу саволларга ҳам жавоб бериши керак.

Ренессанс нимадан бошланади?

Бугун “миллий тафаккур ренессанси” ҳақида гапириш осон. Аммо ренессансни сўздан воқеликка айлантириш қийин. Ренессанс — фикрнинг уйғониши. Тайёр хулосани такрорламаслик. Савол бера олиш. Изланишдан қўрқмаслик. Янгилик яратишга интилиш. Ўзлигини сақлаган ҳолда дунё билан тенг фикрлаш ва б.Биз буюк аждодларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий номлари миллий ғуруримизнинг ажралмас қисмидир. Аммо улар билан фахрланишнинг энг муносиб шакли — уларнинг номларини такрорлаш эмас, илмий ва тафаккурий жасоратини давом эттиришдир. Буюк тарих бизга тайёр келажак бермайди. У биздан буюк келажак яратишни талаб қилади.

Энг катта мерос

Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ўзимга ҳам, барча юртдошларимизга ҳам битта саволни беришни истардим: Биз келажак авлодга нима қолдирамиз? Фақат обод шаҳарлар ва замонавий иншоотларми? Фақат моддий бойликларми? Йўқ. Энг катта мерос — мустақил тафаккур. Илмга ҳурмат. Она тилга эҳтиром. Тарихий хотира. Ҳалол меҳнат. Ватанга дахлдорлик. Ўз кучига ишонч. Чунки технология янгиланади, иқтисодий шароит ўзгаради, бинолар қайта қурилади. Аммо тафаккури юксак халқ ҳар қандай тарихий бурилишда ўз йўлини топа олади.Шунинг учун бугунги вазифамиз аниқ: Сиёсий мустақилликни — тафаккур мустақиллиги билан, иқтисодий тараққиётни — илм билан, миллий ўзликни — она тил билан, келажакни эса маърифат билан мустаҳкамлашдир.

Азиз ватандошлар!

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг қутлуғ 35 йиллиги барчамизга муборак бўлсин! Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва янгиланишлар халқимиз фаровонлиги, ёшларимиз келажаги ва Ватанимиз тараққиётига пойдевор эканини унутмайлик. Биз эса бу тарихий жараённинг томошабини эмас, фаол бунёдкори бўлайлик. Мустақиллигимиз абадий бўлсин! Тилимиз барҳаёт бўлсин! Тафаккуримиз эркин ва теран бўлсин! Маърифатимиз юксалсин! Келажагимиз буюк бўлсин!

Ибодулла МИРЗАЕВ,
Филология фанлари доктори, профессор.