МАКТАБЛАРДА БИРИНЧИ ҚЎНҒИРОҚ
Самарқанд давлат университети ректори «Биринчи қўнғироқ» ҳамда «Мустақиллик соати» тадбирларида иштирок этди ва Президент совғаларини тантанали топширди
Бугун республикамиздаги умумий ўрта таълим мактабларида «Ягона Ватан, ягона оила бўлиб, янги ҳаёт ва келажак сари!» шиори остида янги 2026–2027-ўқув йили бошланишига бағишланган «Биринчи қўнғироқ» тадбирлари бўлиб ўтди.
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов Самарқанд шаҳридаги ўзи ўқиган 14-умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюриб, «Биринчи қўнғироқ» ҳамда «Мустақиллик соати» тадбирларида иштирок этди.
Тадбирда профессор Рустам Холмуродов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун яратилаётган кенг имкониятлар, айниқса, хорижий тилларни пухта ўрганишнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталди. Билим олиш ва келажакда муносиб мутахассис бўлиб етишиш учун мавжуд шароитлардан самарали фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади. Пировардида мактаб остонасига илк қадам қўйган ўқувчиларга Президент совғаларини тантанали топширди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда 14-умумий ўрта мактабда 1740 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Янги ўқув йилида 1-синфга 175 нафар ўқувчи қабул қилинди. 2025–2026-ўқув йилида эса 106 нафар ўқувчи мактабни тамомлаган бўлиб, уларнинг 48 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.













