Томск давлат университети ректори Эдуард Галажинский Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовни Университет куни билан табриклади

Ҳурматли Рустам Ибрагимович!
Томск давлат университети — Миллий тадқиқот университети жамоаси номидан Сизни ҳамда Самарқанд давлат университетининг бутун академик жамоасини 21 сентябрь — Университет куни муносабати билан самимий муборакбод этаман.
Сиз билан ушбу қутлуғ санани баҳам кўриш, Самарқанд давлат университетининг олий таълим, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни ривожлантириш, шунингдек, юқори малакали мутахассислар тайёрлашга қўшаётган салмоқли ҳиссасини эътироф этишдан мамнунмиз.
Томск давлат университети ва Самарқанд давлат университетининг Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар институти ўртасида ривожланиб бораётган ҳамкорликни юксак қадрлаймиз.
Институт сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва турдош илмий йўналишлар бўйича магистрантлар ҳамда докторантларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади.
Университетларимиз қўшма илмий лойиҳалар, академик ва талабалар алмашинуви, ҳамкорликдаги илмий нашрлар, магистрантлар ва докторантларга илмий раҳбарлик қилиш, илмий конференциялар ўтказиш, шунингдек, қўшма таълим ва тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга.
Самарқанд давлат университетига бундан буён ҳам улкан академик ва илмий муваффақиятлар, халқаро миқёсда юксак эътироф, шунингдек, дунёнинг энг яхши 300 та университети қаторидан муносиб ўрин олишдек эзгу ва улкан мақсадни муваффақиятли амалга оширишини тилаймиз.
Университетларимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни изчил ривожлантиришга умид билдирамиз.
Чуқур ҳурмат ва эзгу тилаклар билан,
Эдуард Галажинский
Томск давлат университети ректори.

