Мустақиллик йилларида Ўзбекистон таълим тизими: тараққиёт, ислоҳотлар ва янги ўзбекистон таълим модели
(Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланади)
Таълим ҳар қандай жамиятнинг бугунини белгилабгина қолмай, унинг эртанги қиёфасини ҳам шакллантиради. Давлатнинг иқтисодий салоҳияти, технологик рақобатбардошлиги, фуқаролик жамиятининг барқарорлиги ва миллий тараққиёт суръати кўп жиҳатдан инсоннинг билим, кўникма ва компетенсияларига боғлиқ. Шунинг учун замонавий дунёда таълим оддий ижтимоий соҳа эмас, балки миллий тараққиётнинг стратегик ресурси сифатида қаралмоқда.
Ўзбекистон учун бу масаланинг аҳамияти айниқса катта. 1991-йилда давлат мустақиллиги қўлга киритилганидан кейин таълим тизими олдида икки томонлама вазифа пайдо бўлди: бир томондан, мустақил давлатнинг ҳуқуқий ва институционал эҳтиёжларига мос миллий таълим тизимини барпо этиш, иккинчи томондан эса жаҳондаги илғор таълим тенденсияларидан ортда қолмаслик. Шу маънода мустақиллик йилларидаги таълим ислоҳотларини фақат алоҳида қарорлар ёки дастурлар йиғиндиси сифатида эмас, балки миллий таълим фалсафасининг босқичма-босқич трансформацияси сифатида баҳолаш мақсадга мувофиқ.
Мазкур жараённи шартли равишда уч йирик босқичга ажратиш мумкин: миллий таълим тизимининг ҳуқуқий ва институционал асосларини яратиш; таълимни модернизация қилиш ва замонавий талабларга мослаштириш, 2017 йилдан кейин таълимнинг барча бўғинларини қамраб олган тизимли ислоҳотлар. Бу босқичлар бир-бирини инкор этмайди, аксинча, кейинги давр учун зарур шарт-шароитларни яратиб берган ўзаро боғлиқ жараёнлардир.
Бугунги вазифа эса ўтган 35 йиллик тажрибани сарҳисоб қилиш билан чекланмасдан, унинг мантиқий давомини – сифат, натижадорлик, тенг имконият,
рақамли трансформация, илм-фан ва меҳнат бозори билан интеграцияга асосланган таълим моделини англашдан иборат.
И. Мустақилликнинг дастлабки йиллари: миллий таълим тизимининг ҳуқуқий ва маънавий пойдевори. Мустақилликнинг илк даврида таълим соҳасидаги энг долзарб масала мавжуд тизимни янги давлатчилик эҳтиёжларига мослаштириш эди. Собиқ иттифоқ давридан мерос қолган таълим мазмуни, бошқарув усуллари ва кадрлар тайёрлаш механизмларини миллий тараққиёт манфаатлари асосида қайта кўриб чиқиш зарурати туғилди.
Бу даврда таълимнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш, таълим олиш ҳуқуқининг кафолатларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятлар ва давлатчилик ғояларини таълим мазмунига уйғунлаштириш, янги авлод дарсликларини яратиш ҳамда миллий кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш устувор вазифалардан бўлди.
1997-йилда қабул қилинган «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» мазкур жараённинг муҳим консептуал нуқтаси бўлди. Дастур таълимни шахс, давлат ва жамият, узлуксиз таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро боғлиқлик асосида кўришга ундади. Шу жиҳатдан у таълимни фақат билим бериш институти эмас, балки миллий тараққиётни таъминловчи яхлит тизим сифатида талқин қилишга замин яратди.
Мустақилликнинг биринчи босқичи шунинг учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга: айнан шу даврда кейинги ислоҳотларни амалга ошириш имконини берган ҳуқуқий, ташкилий ва ғоявий пойдевор яратилди.
ИИ. Таълимни модернизация қилиш: мазмун ва инфратузилманинг янгиланиши. ХХИ аср бошларига келиб таълимга қўйилаётган талаблар янада мураккаблашди. Глобаллашув, ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши, янги касбларнинг пайдо бўлиши ва билимлар иқтисодиётининг шаклланиши таълим тизимидан билимни такрорлашдан кўра, уни қўллаш ва янги билим яратиш қобилиятини шакллантиришни талаб эта бошлади.
Ўзбекистонда ҳам таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқув хоналари ва лабораторияларни замонавийлаштириш, компютер технологияларини таълим жараёнига киритиш, ўқув дастурлари ва адабиётларни янгилаш каби ишлар кенг тус олди. Таълим мазмунида амалий кўникмалар, мустақил фикрлаш ва ижодий ёндашувга эътибор кучайди.
Шу билан бирга, бу давр тажрибаси муҳим бир ҳақиқатни кўрсатди: таълим инфратузилмасини янгилаш зарур, аммо у ўз-ўзича сифатни кафолатламайди. Бино, жиҳоз ва технологиялар таълим мақсадига хизмат қилгандагина самара беради. Демак, модернизациянинг кейинги босқичи табиий равишда таълим натижаларининг сифати ва ўқитиш методларини янгилаш масаласига олиб келди. .
ИИИ. 2017 йилдан кейинги босқич: таълим ислоҳотларининг тизимли тус олиши. 2017 йилдан бошланган янги босқич Ўзбекистон таълим сиёсатида кенг кўламли ва тизимли ўзгаришлар билан характерланади. Бу даврда таълимнинг алоҳида бўғинларини эмас, балки мактабгача таълимдан олий таълим ва илм-фангача бўлган яхлит занжирни ривожлантиришга эътибор кучайди.
Энг муҳим ўзгаришлардан бири таълимга муносабатнинг институционал даражада янгиланиши бўлди. Мактабгача таълимнинг боланинг кейинги интеллектуал ва ижтимоий ривожидаги ўрни қайта баҳоланди, умумий ўрта таълим мазмунини янгилаш, педагог касбининг нуфузини ошириш, олий таълимга кириш имкониятларини кенгайтириш ва таълимни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича кенг ислоҳотлар бошланди.
Мактабгача таълимни ривожлантиришда қамровни ошириш билан бир қаторда таълим сифати, давлат-хусусий шериклик ва замонавий педагогик технологияларни жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди. Расмий маълумотларга кўра, тизимда 38 мингдан ортиқ мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритиши ва қамров 78 фоизга етказилди.
Бу кўрсаткичлар, аввало, қамров масаласида катта силжиш бўлганини англатади. Бироқ қамровнинг ўзи якуний мақсад эмас: кейинги вазифа ҳар бир боланинг сифатли эрта ривожланиш хизматларидан фойдаланишини таъминлашдир.
ИВ. Замонавий мактаб: билимни ўзлаштиришдан компетенсияни шакллантириш. Бугунги мактаб моделида ўқувчининг маълумотни ёдлаб қолиши эмас, балки уни тушуниши, таҳлил қилиши, амалиётда қўллаши, муаммога ечим топиши ва мустақил фикр билдириши тобора муҳимлашмоқда. Бу ўзгариш таълим мазмуни билан бирга ўқитувчининг ролига ҳам янги талаб қўяди.
Замонавий мактаб моделида юз бераётган муҳим ўзгаришлардан бири ўқув жараёнининг репродуктив, яъни тайёр билимни ўзлаштиришга асосланган усулдан фаол ва компетенсиявий таълимга босқичма-босқич ўтаётганидир. Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари тармоғининг шаклланиши мазкур жараённинг институционал ифодаларидан бири бўлмоқда. Уларда амалий машғулотлар, вазиятли таҳлил, муаммоли топшириқлар ва ечим излашга йўналтирилган ўқув усулларининг қўлланилиши ўқувчини тайёр ахборотни қабул қилувчи субъэктдан мустақил фикрлайдиган, таҳлил қиладиган ва қарор қабул қила оладиган фаол таълим субъэктига айлантиришга хизмат қилмоқда. Шу жиҳатдан, мазкур мактаблар тажрибаси таълим мазмунини янгилашнинг ўзи билан чекланмай, ўқитишнинг методологик парадигмасини ҳам ўзгартириш – «билимни бериш»дан «билимни қўллаш ва янги ечим яратиш»га ўтиш жараёнини намоён этади. Айнан шу тенденсия Янги Ўзбекистон таълим моделининг муҳим хусусиятларидан бири сифатида қаралиши мумкин.
В. Педагог омили: ислоҳотларнинг ҳал қилувчи субъэкти. Таълим тизимидаги энг замонавий технология ҳам уни самарали қўллайдиган педагогсиз кутилган натижани бермайди. Шунинг учун таълим ислоҳотларининг марказида ўқитувчи шахси туриши табиий. Педагогнинг касбий билими, методик маҳорати, рақамли компетенсияси, академик ҳалоллиги ва ўқувчи билан мулоқот маданияти таълим сифатининг бевосита омилларидир.
Сўнгги йилларда педагогларнинг малакасини ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, сертификатлаш ва касбий ривожланиш механизмларини такомиллаштиришга эътибор кучайди.
Бироқ педагогни қўллаб-қувватлашни фақат иш ҳақи билан ўлчаш тўлиқ ёндашув эмас. Мутахассиснинг касбий автономияси, ортиқча бюрократик юкламадан ҳоли бўлиши, замонавий методик ресурсларга кириши ва мунтазам малака ошириши ҳам таълим сифати учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис «кучли ўқитувчи – кучли мактаб – кучли таълим» занжири таълим сиёсатининг амалий мезонига айланиши лозим.ВИ. Олий таълим: қамровдан сифат ва рақобатбардошликка. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон олий таълим тизими миллий давлатчилик эҳтиёжларига мослашишдан тортиб, замонавий ва рақобатбардош таълим маконини шакллантиришгача бўлган мураккаб эволюсион йўлни босиб ўтди. Айниқса, сўнгги йилларда янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, хорижий университетлар билан ҳамкорликнинг кенгайиши, нодавлат таълим секторининг ривожланиши ва олий таълимга кириш имкониятларининг сезиларли даражада ошиши тизимни нисбатан ёпиқ ва чекланган моделдан кенг қамровли, кўп субъэктли ва рақобат муҳитига асосланган тизимга айлантириш жараёнини тезлаштирди. Бу ўзгаришларнинг моҳияти фақат талабалар сонининг ортишида эмас, балки олий таълимнинг жамиятдаги ижтимоий функцияси ва иқтисодиётдаги ўрни қайта белгилаб борилаётганида намоён бўлмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, 2025-йилда Ўзбекистонда ёшларнинг олий таълим билан қамров даражаси 44 фоизга етган. Шу билан бирга, олий таълим тизимида халқаро интеграция ва университетларнинг глобал академик майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш борасида ҳам муайян натижалар қайд этилди. Хусусан, Тимес Ҳигҳер Эдуcатион Импаcт Ранкингс 2025-натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг 59 та олий таълим муассасаси рейтингда қайд этилган бўлиб, уларнинг 12 таси жаҳоннинг ТОП-1000 университетлари қаторига кирган. Мазкур натижа Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро рейтинглардаги институционал иштирок кўлами кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Мазкур кўрсаткичлар олий таълимдаги ислоҳотларнинг дастлабки натижаларини ифодаласа-да, уларни фақат миқдорий ўсиш сифатида талқин қилиш етарли эмас. Зеро, олий таълим қамровининг 44 фоизгача кенгайиши тизим олдига янги, анча мураккаб вазифани – оммавийликни таълим сифати билан, таълим имкониятини эса реал билим, амалий кўникма ва замонавий компетенсиялар билан уйғунлаштириш вазифасини қўймоқда. Шу нуқтаи назардан, кейинги босқичда ислоҳотларни баҳолашда талабалар сони ва қамров даражаси билан бир қаторда таълим натижалари, битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги, илмий-тадқиқот самарадорлиги, халқаро илмий ҳамкорлик ва университетларнинг глобал рейтинглардаги барқарор позицияси каби сифат кўрсаткичларига устувор аҳамият бериш талаб этилади.
Шу нуқтаи назардан, олий таълим тизими тараққиётининг кейинги босқичида «қанча талаба ўқийди?» деган савол билан бир қаторда, «улар қандай билим ва компетенсияларга эга бўлиб чиқмоқда?», «олган таълими меҳнат бозорида қанчалик қимматли?», «университет яратаётган илмий билим қандай қилиб инновацияга айланмоқда?» деган саволлар ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Демак, университет фаолиятини энди фақат қабул қилинган талабалар сони, битирувчилар ёки берилган дипломлар билан баҳолаш етарли эмас. Таълим натижалари, битирувчиларнинг касбий ва интеллектуал рақобатбардошлиги, илмий тадқиқотларнинг сифати ва таъсири, инновацион ишланмаларнинг амалий натижаси, иш берувчилар билан ҳамкорлик даражаси ва халқаро таълим-илмий маконидаги мавқе олий таълим самарадорлигининг муҳим мезонларига айланмоқда.
Шу маънода, Янги Ўзбекистон шароитида олий таълимнинг мазмунан янги формуласи «университет – билим – тадқиқот – инновация – меҳнат бозори» узвий занжири орқали ифодаланиши мумкин. Бу занжирда университет фақат тайёр билимларни узатувчи таълим муассасаси эмас, балки янги билим яратадиган, уни технологик ва ижтимоий инновацияларга айлантирадиган ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжлари билан уйғунлаштирадиган интеллектуал марказ сифатида намоён бўлади. Бунда академик эркинлик, институционал автономия, таълим дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш, профессор-ўқитувчининг илмий ва педагогик салоҳиятини юксалтириш ҳамда талабанинг мустақил таълим олиш имкониятларини кенгайтириш мазкур моделнинг муҳим институционал шартларини ташкил этади.
Шундай қилиб, мустақилликнинг дастлабки босқичларида олий таълим олдида миллий кадрлар тайёрлаш ва тизимни шакллантириш вазифаси устувор бўлган бўлса, бугунги босқичда асосий мезон рақобатбардош инсон капитали ва янги билим яратиш салоҳиятига кўчмоқда. Айнан шу трансформация олий таълимни Янги Ўзбекистон тараққиётининг нафақат ижтимоий, балки иқтисодий, илмий ва инновацион драйверига айлантириш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.
ВИИ. Таълим, илм-фан ва инновация: инсон капиталидан билимлар иқтисодиётига. Янги Ўзбекистон таълим моделининг муҳим белгиси – таълимни илм-фан ва инновациядан ажратмаслик. Агар таълим фақат мавжуд билимларни узатиш билан чекланса, у жамиятнинг технологик тараққиётига тўлиқ хизмат қила олмайди. Университет ва илмий муассаса янги билим яратиши, уни амалиётга олиб кириши ва иқтисодий ҳамда ижтимоий муаммолар ечимига айлантириши керак.
Шу сабабли илмий мақолалар сонидан ташқари, тадқиқотларнинг сифати, уларнинг амалий аҳамияти, технология трансфери, стартаплар, патентлар, ишлаб чиқариш билан ҳамкорлик ва ёш тадқиқотчилар учун илмий муҳит яратиш каби кўрсаткичлар ҳам муҳимлашмоқда.
Бу жараённинг стратегик мақсади – инсон капиталини билимлар иқтисодиётининг асосий ресурсига айлантириш. Бунда университет фақат кадр тайёрловчи эмас, балки билим, инновация ва интеллектуал ташаббуслар маркази сифатида намоён бўлади.
ВИИИ. Рақамлаштириш ва сунъий интеллект: таълим архитектурасининг ўзгариши. Рақамли трансформация таълимдаги энг тезкор ўзгаришлардан бирига айланди. Электрон ресурслар, онлайн платформалар, рақамли бошқарув ва масофавий таълим воситалари таълим олиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Аммо рақамлаштиришни фақат техник жиҳозланиш билан тенглаштириш методологик жиҳатдан тўғри эмас.
Рақамли таълим маълумотга тезкор кириш, индивидуал таълим траекторияси, электрон баҳолаш, таълим натижаларини таҳлил қилиш ва персоналлаштирилган ўқитиш имкониятларини бирлаштиради. Сунъий интеллектнинг ривожланиши эса бу жараённи янада тезлаштирмоқда.
Шу билан бирга, технология таълим мақсадининг ўрнини эгалламаслиги керак. У ўқитувчини алмаштиришдан кўра, унинг имкониятларини кенгайтирувчи восита бўлиши мақсадга мувофиқ. Шунинг учун келажак таълими «ўқитувчи ёки технология» эмас, балки «ўқитувчи ва технология» ҳамкорлигига таяниши лозим.
ИХ. Инклюзив таълим: имкониятлар тенглигидан ижтимоий адолатга. Таълим ислоҳотларининг сифат мезони унинг қанчалик кўпчиликка очиқлиги билан бирга, турли эҳтиёжларга эга инсонлар учун қанчалик адолатли имконият яратиши билан ҳам белгиланади. Инклюзив таълим шу маънода фақат махсус педагогик ёндашув эмас, балки таълимда ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш механизми ҳисобланади.
Алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болаларни таълим жараёнига самарали жалб этиш, ҳудудлар ўртасидаги сифат тафовутларини камайтириш, таълим инфратузилмасини барча учун қулайлаштириш ва ўқитувчиларнинг инклюзив компетенсияларини ошириш Янги Ўзбекистон таълим моделининг муҳим вазифаларидандир.
Шу нуқтаи назардан, замонавий таълимнинг мезони «ҳаммага бир хил таълим» эмас, балки «ҳар бир инсоннинг таълим олиш ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб имконияти» бўлиши керак.
Х. Янги Ўзбекистон таълим модели: мазмун ва фалсафа. Мустақилликнинг 35 йиллик тажрибаси Ўзбекистонда таълим моделининг эволюсион хусусиятга эга эканини кўрсатади. Дастлаб миллий таълим тизимининг ҳуқуқий пойдевори яратилган бўлса, кейинчалик модернизация, ҳозирги босқичда эса инсон капитали сифатини ошириш ва таълим натижадорлигини кучайтириш марказий ўринга чиқмоқда.
«Янги Ўзбекистон таълим модели» атамаси мазкур жараённи ифодаловчи таҳлилий тушунча сифатида қўлланиши мумкин. Уни расмий-ҳуқуқий атама сифатида эмас, балки сўнгги йиллардаги ислоҳотларни умумлаштирувчи илмий-оммабоп консептуал ифода сифатида тушуниш муҳим.
Ушбу моделнинг асосий хусусиятларини етти йўналишда кўриш мумкин:
инсон марказий қадрият сифатида қаралади ва таълим шахснинг интеллектуал, ижтимоий ва касбий салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилади;
қамров билан бир қаторда таълим сифати ва натижадорлигига эътибор кучаяди; компетенсиявий ёндашув асосида билимни амалиётда қўллаш, танқидий фикрлаш ва муаммони ҳал қилиш кўникмалари устуворлашади;
рақамли технологиялар ва сунъий интеллект таълим жараёнини индивидуаллаштириш ҳамда бошқаришнинг муҳим воситасига айланади;
таълим, илм-фан, инновация ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқалар кучайтирилади;
олий таълим халқаро илмий ва таълим макони билан тобора яқинлашади;
узлуксиз таълим ва бутун умр давомида ўқиш инсоннинг касбий барқарорлиги учун зарур шартга айланади.
ХИ. «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ва таълимнинг келгуси стратегик устуворликлари. Таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг барқарорлиги уларнинг алоҳида даврга хос ташаббуслар сифатида эмас, балки мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегияси билан уйғунлашган яхлит сиёсат сифатида амалга оширилишига боғлиқ. Шу маънода «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар таълим тизимининг келгуси ривожланиш йўналишларини белгилашда муҳим консептуал асос бўлиб хизмат қилади. Стратегия инсон салоҳиятини ривожлантириш, билимли ва маънавий баркамол авлодни шакллантириш ҳамда ҳар бир фуқаронинг ўз қобилияти ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун зарур имкониятларни яратишни муҳим мақсадлар қаторида белгилайди.
Бу ёндашув таълимнинг стратегик мақсадини ҳам қайта идрок этишни талаб қилади. Агар мустақилликнинг дастлабки босқичларида асосий эътибор миллий таълим тизимининг ҳуқуқий ва институционал асосларини яратишга, кейинги даврда уни модернизация қилиш ва таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган бўлса, энди асосий вазифа яратилган имкониятларни юқори сифатли таълим натижаларига айлантиришдан иборат. Бошқача айтганда, таълим сиёсатида «қанча инсон таълим билан қамраб олинди?» деган миқдорий савол билан бир қаторда «бу таълим инсоннинг қандай салоҳиятини ривожлантирди?» деган сифатий савол ҳам марказий ўринни эгаллаши лозим.
Шу нуқтаи назардан, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида таълимнинг келгуси тараққиётини қамровдан натижадорликка, натижадорликдан инсон капитали сифатини оширишга йўналтирилган узлуксиз жараён сифатида талқин қилиш мумкин. Бу жараёнда таълим муассасаларининг сони ёки уларнинг моддий базаси муҳим бўлиб қолаверади, бироқ уларнинг ҳақиқий самарадорлиги ўқувчи ва талабада шаклланган билим, кўникма, компетенсия, мустақил фикрлаш ва ижодий салоҳият орқали намоён бўлади.
Бундай сифат трансформацияси, аввало, таълим натижаларини объэктив ва халқаро мезонлар асосида баҳолашни тақозо этади. Таълим сифати ҳақида ишончли хулоса чиқариш учун нафақат таълим жараёнига киритилаётган ресурслар, балки унинг якуний натижалари ҳам мунтазам таҳлил қилиниши зарур. Бу эса таълим сифатини баҳолаш тизимини такомиллаштириш, таълим дастурларини натижа ва компетенсияларга йўналтириш ҳамда олинган натижалар асосида таълим сиёсатини қайта кўриб боришни талаб этади.
Иккинчи муҳим устуворлик – педагогнинг инсон капитали сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлашдир. Ўқитувчи таълим ислоҳотларининг оддий ижрочиси эмас, балки унинг бевосита яратувчи субъэкти ҳисобланади. Шунинг учун педагогнинг касбий компетенсияси, методик маҳорати, илмий-тадқиқот салоҳияти, рақамли кўникмалари ва профессионал мустақиллигини ривожлантириш таълим сифатининг узоқ муддатли кафолатларидан бири бўлиб қолади.
Учинчи йўналиш – мактаб таълимининг мазмунини амалий компетенсиялар билан янада бойитиш. Замонавий меҳнат бозорида фақат маълумотни билишнинг ўзи етарли эмас. Танқидий фикрлаш, муаммони таҳлил қилиш, мулоқотга киришиш, жамоада ишлаш, рақамли воситалардан фойдаланиш ва янги ечимлар ишлаб чиқиш қобилияти тобора катта аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли мактаб таълими ўқувчини фақат кейинги таълим босқичига тайёрловчи эмас, балки уни мустақил ҳаёт ва ўзгарувчан касбий муҳитга тайёрловчи институт сифатида ривожланиши керак.
Тўртинчи устуворлик – олий таълимни меҳнат бозори ва миллий иқтисодиёт эҳтиёжлари билан янада чуқур интеграциялаш. Университетда берилган билимнинг ижтимоий қиймати унинг битирувчи фаолиятида қанчалик самарали намоён бўлиши билан ҳам белгиланади. Шунинг учун таълим дастурларини меҳнат бозори талаблари асосида мунтазам янгилаш, иш берувчилар билан ҳамкорликни кучайтириш, амалий тайёргарликни кенгайтириш ва талабаларнинг касбий компетенсияларини ривожлантириш олий таълим сифатининг муҳим мезонларига айланиши лозим.
Бешинчи йўналиш – таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга кўтариш. Замонавий университетнинг вазифаси фақат мавжуд билимларни авлоддан авлодга етказиш билан чекланмайди. У янги билим яратиши, илмий натижаларни амалиётга жорий этиши ва иқтисодиётнинг технологик ривожига ҳисса қўшиши керак. Шу жиҳатдан илмий тадқиқотларнинг амалий натижадорлиги, инновацион ишланмалар ва технология трансфери таълим сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Олтинчи устуворлик – рақамли трансформация ва сунъий интеллект имкониятларидан масъулиятли фойдаланиш. Рақамлаштириш таълимни фақат техник жиҳатдан янгилаш эмас, балки уни ташкил этиш, баҳолаш ва индивидуаллаштириш усулларини ўзгартириш имкониятидир. Бироқ бу жараёнда технологик самарадорлик билан бир қаторда академик ҳалоллик, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, ахборот хавфсизлиги ва таълимнинг инсонпарварлик хусусиятини сақлаш масалалари ҳам эътиборда бўлиши керак.
Еттинчи йўналиш – инклюзив ва ҳудудий жиҳатдан адолатли таълим муҳитини шакллантириш. Таълим сифатининг умумий ўсиши билан бирга турли ҳудудлар, ижтимоий гуруҳлар ва таълим олувчилар ўртасидаги имкониятлар тафовутини камайтириш ҳам стратегик вазифа бўлиб қолади. Чунки инсон капиталига инвестициянинг самараси таълим имкониятларининг қанчалик кенг қатламларга етиб бориши билан ҳам белгиланади.
Ниҳоят, таълим муассасаларининг академик, ташкилий ва бошқарув мустақиллигини кенгайтириш уларнинг ўзгарувчан эҳтиёжларга тезкор мослашиш қобилиятини ошириши мумкин. Университет ва бошқа таълим муассасаларига оқилона даражада мустақил қарор қабул қилиш имконияти берилган тақдирдагина улар таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар, кадрлар сиёсати ва ҳамкорлик йўналишларини ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб самарали белгилай олади.
Шундай қилиб, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси нуқтаи назаридан таълимнинг келгуси тараққиётини биргина соҳавий ислоҳот сифатида эмас, балки инсон капиталини ривожлантиришнинг узоқ муддатли миллий стратегияси сифатида баҳолаш мумкин. Унинг асосий мазмуни таълим тизимини янада кенгайтиришдан кўра, мавжуд салоҳиятни сифатли натижага айлантириш, таълимни шахснинг ўзини рўёбга чиқаришига хизмат қиладиган муҳитга айлантириш ва билимни мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучига айлантиришдан иборат.
Демак, Янги Ўзбекистон таълим моделининг 2030 йилгача бўлган энг муҳим вазифаси – «кўпроқ таълим» эмас, балки «юқори сифатли, натижадор ва инсон салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқарадиган таълим»ни таъминлашдир.
ХИИ. 35 йиллик тажрибадан қандай хулоса чиқариш мумкин? Мустақиллик йилларида таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг энг муҳим натижаси – таълимнинг давлат ва жамият тараққиётидаги ўрни ҳақидаги тасаввурнинг ўзгаришидир. Таълим энди фақат ижтимоий хизмат эмас; у миллий рақобатбардошлик, инсон капитали ва инновацион иқтисодиётни шакллантиришнинг асосий механизмларидан бири сифатида қаралмоқда.
Таҳлилларга кўра, 35 йиллик йўлни бир нечта натижа билан умумлаштириш мумкин:
миллий таълим тизимининг ҳуқуқий ва институционал асослари шаклланди; таълимнинг барча босқичларида ислоҳотлар амалга оширилди; мактабгача таълим қамрови кенгайди;
замонавий ва ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи ривожланди; олий таълимга кириш имкониятлари ошди;
халқаролашув жараёнлари кучайди; педагогларни қўллаб-қувватлаш механизмлари такомиллашди; таълим, илм-фан ва инновация ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланди. Шу билан бирга, 35 йиллик тажриба таълим ислоҳотларининг кейинги мантиқий босқичи миқдорий ўсишдан сифат трансформациясига ўтиш эканини кўрсатади. Энди таълим муассасаларининг сонидан кўра, улардаги таълим натижаси; қабул кўрсаткичларидан кўра, битирувчининг компетенсияси; илмий мақолалар сонидан кўра, тадқиқотнинг таъсири; технология мавжудлигидан кўра, ундан самарали фойдаланиш муҳимроқ бўлади.
Демак, Янги Ўзбекистон таълим моделининг ҳақиқий самараси унинг ташқи кўриниши билан эмас, балки инсон ҳаётида қандай ўзгариш яратаётгани билан ўлчанади.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги мамлакат таълим тизими тараққиётини чуқур таҳлил қилиш учун муҳим тарихий нуқтадир. Бу даврда миллий таълим тизимининг ҳуқуқий пойдевори яратилди, институционал механизмлар шакллантирилди, таълим инфратузилмаси янгиланди, таълимнинг қамрови кенгайди ва унинг мазмуни замонавий талабларга мос равишда ўзгариб борди.
Айниқса, кейинги йиллардаги ислоҳотлар таълимнинг мақсад ва фалсафасида сифат жиҳатидан янги ёндашувларни қарор топтирмоқда. Инсон қадри, таълим сифати, компетенсия, рақамли трансформация, инклюзивлик, халқаролашув, илм-фан ва инновация билан интеграция ҳамда узлуксиз таълим ғоялари шу янги ёндашувнинг асосий элементларини ташкил этмоқда.
Шу маънода Янги Ўзбекистон таълим модели – янги бинолар, дарсликлар ва технологиялар йиғиндиси эмас. Унинг моҳияти таълимни инсон салоҳиятини очишга хизмат қиладиган, жамият ва иқтисодиёт эҳтиёжлари билан уйғунлашган, илм-фан ва инновацияга таянган очиқ ва динамик тизимга айлантиришдан иборат.
Келгуси босқичда асосий эътибор эришилган миқдорий натижаларни сифат жиҳатидан мустаҳкамлашга, ҳудудлар ва таълим босқичлари ўртасидаги тафовутларни камайтиришга, педагогнинг касбий салоҳиятини оширишга, таълим натижаларини холис баҳолашга, олий таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги алоқани кучайтиришга ҳамда илм-фанни иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг амалий ресурсига айлантиришга қаратилиши лозим.
Зеро, мустақилликнинг 35 йиллик тажрибаси бир ҳақиқатни яққол кўрсатади: мамлакатнинг келажаги, аввало, унинг инсонлари қандай таълим олаётгани билан белгиланади. Таълимга инвестиция – бу фақат бугунги авлодга эмас, балки келажак Ўзбекистоннинг интеллектуал, иқтисодий ва маънавий салоҳиятига киритилаётган инвестициядир.
Раҳматулла МИРЗАЕВ,
Самарқанд давлат университети
юридик факултети декани,
юридик фанлар доктори, доцент.

