Хитойнинг йирик нашриёт гуруҳи вакиллари Самарқанд давлат университетида
Самарқанд давлат университетининг Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институтига Хитой Халқ Республикасининг йирик давлат нашриёт ва медиа компанияларидан бири — Пҳоених Публишинг & Медиа Гроуп (ППМГ) вакиллари ташриф буюрди.
Ташриф доирасида делегация аъзоларини институт директори, профессор Жўлибой Элтазаров кутиб олди. Мулоқот давомида Марказий Осиё халқларининг тиллари, адабиёти ва маданиятига оид илмий тадқиқотларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш, илмий нашрлар ва таржима лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, икки томоннинг нашриётчилик салоҳиятидан самарали фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда Жиангсу Пҳоених Элеcтрониc Аудио-Висуал Публишинг Cо., Лтд. бош муҳаррир ўринбосари Лин Хуе, Жиангсу Пҳоених Хинҳуа Принтинг Гроуп Cо., Лтд. маркетинг бўлими бош менежери Чен Хин ҳамда Жиангсу Пҳоених Ҳигҳер Эдуcатион Публишинг Cо., Лтд. халқаро ҳамкорлик бўлими раҳбари Wу Лили иштирок этди.
Томонлар, шунингдек, илмий ва маърифий нашрларни биргаликда тайёрлаш, таржима ишларини ривожлантириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш орқали академик ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Маълумот ўрнида, Пҳоених Публишинг & Медиа Гроуп таркибида 134 та корхона, 9 та нашриёт уйи, 24 та журнал ва бир шаҳар газетаси фаолият юритади. Гуруҳда 10 мингдан ортиқ ходим меҳнат қилади. Компания ҳар йили 6 мингдан зиёд китоб нашр этиб, муаллифлик ҳуқуқи ва халқаро нашриётчилик йўналишларида дунёнинг 62 та мамлакати билан ҳамкорлик қилади.
Учрашув якунида томонлар илмий-маърифий ва маданий алоқаларни изчил ривожлантириш, халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини йўлга қўйиш ҳамда қўшма нашриёт ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.



