Дунё аҳолиси қаримоқда...
ёки жаҳон мамлакатлари демографик муаммолар билан юзма-юз келмоқда
Аҳоли сонининг ўсиб боришида унинг ёш таркиби асосий омил ҳисобланади. ХХ асрнинг ўрталарида иқтисодий ривожланган давлатларда аҳоли такрор барпо бўлиши, туғилиш даражасининг нисбатан пастлиги ва аҳоли умумий таркибида болалар салмоғининг камлиги билан характерланади. Ривожланаётган давлатларда ана шу даврда нисбатан юқори туғилиш ва аҳоли таркибида болалар салмоғининг юқорилиги характерли эди. Туғилиш юқори ва уни назорат этиш даражаси паст бўлган шароитда аҳолининг ёш таркиби, аҳоли сони ўсиб боришига бевосита таъсир этади.
Сўнгги ўн йилликларда оилани режалаштириш ва давлатларнинг жадал иқтисодий ўсиши туфайли туғилиш даражасининг пасайиб бораётганлиги кузатилади. Шу билан бирга, турмуш даражасининг яхшиланиши ва тиббий технологияларнинг ривожланиши натижасида ўртача умр кўриш давомийлиги кескин ошиб бориши маълум даражада аҳолининг қаришига олиб келади.
Аҳолининг қариши жуда узоқ давом этган демографик ўзгаришларнинг натижасидир. Айниқса туғилиш, ўлим аҳоли қаришига олиб келувчи асосий демографик омиллардир. Аҳоли миграцияси ҳам аҳоли қаришига ўзига хос таъсир этади.
Аҳоли қариши “қуйидан”, яъни туғилишнинг қисқариши ҳисобига қариши ва “юқоридан” аҳолининг ўртача умр кўриш муддатининг узайиши ва ўлимнинг камайиши ҳисобига қариши каби турларда намоён бўлади. Ривожланган давлатлар аҳолиси ҳам “қуйидан” ва ҳам “юқоридан” қариётган бўлса, Ўзбекистон аҳолисида “юқоридан” қариш жараёнлари кузатилмоқда.
Аҳолининг қариш даражасини аниқлаш учун Россия ва бошқа қатор давлатларда аҳолининг ёш чегараси – 60 ёшдан бошланди. Қатор ғарб мамлакатларида ва халқаро миқёсда – 65 ёшдан бошлаб қарилар гуруҳига киритилади. Дунё аҳолиси мисли кўрилмаган қаришни бошдан кечирмоқда. 65 ёшдан ошганларнинг улуши бошқа гуруҳларга қараганда тезроқ ўсиб бориши кузатилади. 1950 йилдаги 5 фоиздан 2020 йилда 9 фоизгача ўсди ва 2050 йилга келиб 16 фоизга етиши тамин қилинмоқда. 2018 йилда кекса одамлар сони 5 ёшгача бўлган болалар сонидан кўп бўлган ва 2080 йилга келиб улар 18 ёшгача бўлган болалар сонидан кўп бўлади. Энг кекса аҳоли Европа ва Осиё учун хос ҳисобланади .
Аҳоли қаришининг асосий тенденциялари қуйидаги кўринишларга эга, яъни рекорд даражадаги узоқ умр кўриш. Бунда кекса одамлар 65 ёш ва ундан юқори ёшдагилар аҳолининг тахминан 10 фоизни ташкил қилади. Уларнинг сони тез суръатлар билан ўсиб бораётгани кузатилмоқда. Дунё аҳолисининг қаришида ўзига хос минтақавий фарқлар мавжуд бўлиб, Европа "қадимги" минтақа сифатида аҳолиси таркибида кекса ёшдагилар салмоғи 21 фоиздан зиёдни ташкил этади. Қариш жараёнлари ривожланаётган мамлакатларда тезроқ содир бўлмоқда. Дунё аҳолисининг қаришига туғилиш даражасининг пасайиши ва умр кўриш давомийлигининг ошиб бориши кабиларни сабаб қилиб кўрсатилади. Аҳолининг қариш жараёни соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимларига маълум даражада юкламалар тушиши, шунингдек ишчи кучи етишмаслиги каби оқибатларни келтириб чиқаради.
Аҳолининг қариши давом этаётган бир пайтда бутун дунё аҳолисининг тахминан 1,2 миллиардини ёшлар, яъни 15-24 ёшдагилар ташкил этади. Ривожланаётган мамлакатларда, айниқса Африкада туғилиш даражаси юқори бўлганлиги сабабли демографик "ёшлик" (ёшларнинг устунлиги) сақланиб қолмоқда. Дунё аҳоли сони ўсишидаги тенденциялар шу тарзда давом этадиган бўлса 2050-йилга бориб гарчи Осиё қитъаси қарияларнинг умумий сони бўйича етакчи бўлиб қолсада (62фоиз), бироқ кекса ёшдаги аҳолининг энг катта ўсиши Африкада (3 баравар) содир бўлиши кутилмоқда.
Умуман олганда, дунё улғаймоқда, аммо қариш минтақалари сифатида Европа ва Шарқий Осиё алоҳида ажралиб турса, аксинча ёш минтақалар Африка ва Осиёнинг айрим қисмлари ҳисобланиб булар ўртасида сезиларли тафовут сақланиб қолмоқда.
Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигининг ошиши инсониятнинг энг муҳим жамоавий ютуқларидан бири саналади. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ютуқлар, айниқса кекса одамлар орасида ўлим даражасининг пасайишига олиб келди. Натижада бу 60 ёш ва ундан ошган аҳоли қатламида яшаш учун мўлжал олиш имконини берди.
Бундан ташқари, урбанизация даражаси, олий таълим қамровининг ошиб бориши ва оилани режалаштириш хизматларидан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши каби омиллар оилалар сонининг камайишига ва туғилишнинг пасайишига олиб келди. Бу кўплаб мамлакатларда болалар сонининг камайишига сабаб бўлди. Натижада, 60 ёш ва ундан катта ёшдаги одамлар сони ундан ёшроқ одамлар сонига қараганда тезроқ ўсиб бормоқда, бу аҳолининг қаришига олиб келади.
Ушбу ўзига хос демографик ўзгариш узоқ умр кўриш орқали инсон салоҳиятини максимал даражада ошириш имкониятларини беради, аммо шу билан бирга барча соҳаларда ижтимоий тузилмаларни мослаштиришни талаб қиладиган янги муаммоларни ҳам келтириб чиқаради.
2024 йилда ўртача умр кўриш давомийлигининг дунё бўйича ўртача кўрсаткичи 73,3 ёшга етди, бу 1995 йилга нисбатан 8,4 йилга кўп. 60 ёш ва ундан катта ёшдаги одамларнинг дунё бўйича сони 2023 йилдаги 1,1 миллиарддан 2030 йилда 1,4 миллиардга кўпайиши прогноз қилинмоқда. Бу тенденция ривожланаётган минтақаларда аниқ жадаллашаётганлиги кузатилмоқда. Ўзбекистон Республикасида аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги йил сайин ошиб боришда давом этмоқда. 2010 йил 73 ёшни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 75,1 ёшдан иборат бўлди.
Европа ва Марказий Осиё дунёдаги энг кекса аҳолига эга минтақалар қаторига киради. Хусусан, Европа аҳолини барқарорлаштиришга демографик ўтиш даврининг охирига яқинлашмоқда. Шу билан бирга, Марказий Осиёнинг нисбатан ёш аҳолиси тезда Европанинг ортидан бормоқда.
Европа ва Марказий Осиёда аҳолининг қариш жараёни Ғарбий Европа ва Шарқий Осиёдагидан фарқ қилади, одамлар узоқ умр кўришмасада, аммо аҳоли қариб бормоқда. Европа ва Марказий Осиёда ўртача ёшнинг ошиши, узоқ умр кўришнинг кўпайиши билан эмас, балки туғилишнинг пасайиши билан боғлиқ. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Марказий Осиёда ўртача умр кўриш давомийлиги 2020 йилда 71,8 ёшни ташкил этди, бу Шарқий Осиё ўртача кўрсаткичидан 74,2 йил 2,4 йилга ва дунё ўртача кўрсаткичдан 79,7 йил 7,9 йилга паст. Европа ва Марказий Осиёнинг кўплаб мамлакатларида ёшларнинг миграцияси туфайли жамиятларнинг қариши ҳам тезлашди.
Соғлиқни сақлаш ва пенсия харажатларининг ошиши, қарамлик коэффициентларининг ошиши, иқтисодий ўсишнинг секинлашиши, давлат бюджетининг барқарор эмаслиги ва авлодлараро кескинликларнинг кучайишини имкониятларини ҳисобга олган ҳолда аҳолининг қариши одатда жамиятда ташвиш манбаи ҳисобланади. Демографик тенденциялар кўпинча енгиб бўлмайдиган ёки иқтисодий харажатлар ошишининг муқаррар сабаби сифатида қаралади. Бироқ, аҳоли ҳам, бизнес ҳам ўзгарувчан шароитларга жавобан ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартирмоқда.
Европа ва Марказий Осиё минтақасида фаол узоқ умр кўриш ва соғлом, самарали қаришни қўллаб-қувватлаш учун бир нечта соҳаларда мослашувчан давлат сиёсати чораларини кўриш лозим. Бунга нафақат авлодлараро муносабатлар ва пенсия тизимини, балки соғлиқни сақлаш тизимининг асосий эътиборини профилактика ёрдами, бирламчи тиббий ёрдам ва кенгайтирилган диагностикага йўналтириш, узоқроқ меҳнат қилиш давомида самарали бандлик учун зарур бўлган кўникмаларни ривожлантириш учун таълим тизимларини ислоҳ қилиш, аёлларга оила ва карера, кекса одамларга эса мослашувчан ишлаш имконини бериш учун меҳнат бозори институтларини ислоҳ қилиш талаб этилади.
Соғлиқни сақлаш хизматларидан самарали фойдаланишни ошириш, касбий тайёргарликни яхшилаш ва инновацион фаолиятни кучайтириш каби сиёсатлар қариган ишчи кучининг салбий самарадорлик таъсирини юмшатишга ёрдам бериши мумкин.
Қариб бораётган аҳолининг демографик муаммоларини ҳал қилиш учун айрим давлатлар чекловларни юмшатади ва жалб қилиш учун иммиграция ва хорижий ишчилар сиёсатини амалга оширади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кекса ишчиларнинг тажрибаси уларнинг унумдорлигини пасайтиришдан сақлайдиган ҳал қилувчи хусусиятдир. Кекса ишчилар, айниқса, ҳаётий вазифаларни бажаришда қийин вазиятларни тушунишга қодирлигини таклиф қилади. Мутахассислар кекса одамлар ташкилотнинг ривожланиш мақсадларига ижобий ҳисса қўшишига ишонишади ва кекса ходимларга эга бўлишнинг энг тез-тез тилга олинган афзалликлари – бу катта донолик ва етуклик, профессионаллик, иш аҳлоқи, содиқлик ва ишончлилик. Бундан ташқари, улар ёш ишчи кучини тайёрлаш ва уларга маслаҳат беришда қимматли институционал билим ресурсидир.
Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасида аҳоли сонининг ўсиши ва ёш таркибидаги ўзгаришлар ўзига хос демографик жараёнлар асосида содир бўлмоқда. Рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, аҳоли турмуш даражасидаги сифат кўрсаткичларининг ошиб бориши, турли соҳаларда аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларининг замон талабларига мос ҳолда ташкил этилаётганлиги, аҳоли турмуш тарзи маданиятининг кўтарилиши кабилар аҳоли сони динамикасига маълум даражада ижобий таъсир кўрсатади. Бунда демографик жараёнлардаги ўзгаришлар минтақаларнинг ривожланганлик даражасига мос равишда шаклланади. Ўзбекистонда ва унинг вилоятларида аҳоли сони ўсишини унинг табиий ҳаракати, аниқроғи туғилиш даражаси белгилаб бермоқда. Бинобарин, айтиш мумкинки, республиканинг барқарор ривожланиш ҳолати нафақат иқтисодиётда, балки демографик жараёнларда, аҳолининг демографик кайфиятида ҳам содир бўлади.
Минтақалар аҳоли сони ўсишининг турличалигига аввалги йиллардаги аҳолининг ёш ва жинс таркибидаги номувофиқликлар, тарихий демографик вазият, никоҳ, туғилиш, ўлим ҳолатларининг фарқлари, миграция, шунингдек, турли даврлардаги ижтимоий-иқтисодий имкониятлар ҳам сабаб бўлган.
Умуман олганда, республика вилоятлари аҳоли сонинг ўсиши олдинги йилларга нисбатан сезиларли даражада ортмоқда. Аҳоли ўсишига табиий, агроиқлимий шароит ҳам қисман таъсир кўрсатади; қулай иқлим шароити, унумли ерлар ва сув ресурсларининг етарлилиги мавжуд ҳудудда аҳоли зич жойлашишига ва унинг ўсишини нисбатан юқори бўлишига сабаб бўлади.
Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида аҳолининг ёш таркиби муҳим таянч кўрсаткичлардан саналади. Ёш таркиб меҳнат бозорига, нафақа тизимига, истеъмол ва ижтимоий эҳтиёжларга бевосита таъсир кўрсатади. Шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот ва нафақа бериш кабиларни турли ёш гуруҳлари эҳтиёжларига мос равишда режалаштиришга ёрдам беради. Иқтисодий жиҳатдан ёш таркиб ишчи кучи ҳажми, меҳнат унумдорлиги ва истеъмол талабларига таъсир қилади. Демографик жараёнлар ривожланишида ҳам ёш таркиб муҳим аҳамият касб этгани ҳолда туғилишнинг пасайиши аҳолининг қаришига ва аксинча туғилиш даражасининг юқорилиги аҳолининг ёшаришига олиб келади.
Ўзбекистон аҳолисининг ёш таркибида меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар 2023 йилда жами аҳолининг 31,8 фоизини, меҳнатга лаёқатли ёшдагилар 56,9 фоиз, меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар 11,3 фоизни эгаллайди.
Ўзбекистонда демографик жараёнлар ривожланишининг дунё мамлакатларидан фарқли жиҳатлари шундан иборатки, сўнгги йилларда аҳоли туғилиш даражасининг нисбатан кўтарилиши кузатмоқда. Бу аҳоли такибида ёшлар салмоғининг кўп бўлишига ва ўртача ўртача умр кўриш давомийлигининг ошиб бориши аҳоли таркибида кекса ёшдагилар улушининг кўпайишига асос бўлади. 2013 йилда 65 ёш ва ундан катта ёшдагилар салмоғи 4,0 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилда келиб 5,9 фоиздан иборат бўлди, яъни бу улуш ошиб бормоқда. Дунё аҳолисида мазкур кўрсаткич 9 фоиздан зиёдни ташкил этади. Бундан хулоса қилиш керакки республика аҳолисининг юқоридан қариши жадаллашмоқда.
Хулоса қилиб айтганда Ўзбекистонда демографик вазият аҳоли сони ўсишининг жадаллашиши томон бормоқда. Республика ўртача умр кўриш давомийлигининг ошиб бориши натижасида аҳолининг қариши тезлашмоқда.
Аҳоли қаришидаги тўлқинлар Европа давлатларидан бошланиб Марказий Осиё давлатларида, Ўзбекистонда ҳам сезиларли даражада давом этмоқда. Ўзбекистонда аҳоли қариши туғилиш даражасининг нисбатан кўтарилганлиги сабабли “юқоридан қариши” содир бўлмоқда.
Одил МУҲАМЕДОВ,
Самарқанд давлат университети доценти.

