Инсоният тафаккурига қўйилган ҳайкал
2025 йил октябрь ойида Ўзбекистон ва Япония университетлари ректорлари форумида иштирок этиш учун Самарқандга бордим. Бу менинг тарихий шаҳарга илк ташрифим эди. Аслида бу сафар оддий хизмат сафари эмас, балки узоқ йиллик орзунинг рўёбидир. Чунки биз японлар учун Самарқанд аввало, Буюк Ипак йўлининг афсонавий шаҳри, Шарқ ва Ғарбни боғлаган цивилизациялар чорраҳаси ҳисобланади.
Шаҳарга етиб келганимизда, бу ерда ЮНЕСКО Бош конференцияси ҳам ўтаётганди. Самарқанд давлат университетида бизни куй-қўшиқ садолари ва ўзбек нону ширинликлари билан самимий кутиб олишди. Бу нафақат меҳмондўстлик, балки қадимий маданиятнинг тирик ифодаси эди.
Форум университетнинг Биокимё кампусида бўлиб ўтди. Бу ернинг ўзига хос руҳи ва тарихий муҳитини дарҳол ҳис қилдим.
Танаффусларда биз япон дидига ҳам ниҳоятда мос келадиган ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлдик.
Оқшом Регистон майдонига бордик. У ердаги учта улкан мадраса гўё осмон остидаги мовий кемалардек сузиб кетаётган эди. Самарқанднинг нега “Мовий шаҳар” деб аталишини қалбан ҳис қилдим.
Аммо бу сафарнинг энг муҳим нуқтаси ҳали олдинда эди.
Бир ярим кунлик расмий дастурдан сўнг, бизга шаҳарни мустақил томоша қилиш учун ярим кун вақт берилди. Мен қаерга боришни аллақачон ҳал қилиб қўйгандим. Бу Мирзо Улуғбек Расадхонаси эди.
Аслида, айнан шу жойни кўриш истаги мени Самарқандга етаклаганди. Астрономлар учун Самарқанд оддий тарихий шаҳар эмас. У астрономиянинг таъмал тоши қўйилган муқаддас маскан.
XV асрда бу ерда қурилган расадхона ўз даврининг энг илғор илмий марказига айланган эди. Астрономия инсоният тарихида тақвим яратиш заруратидан туғилган. Қадимги Месопотамия, Юнонистон ва Искандария орқали ривожланган бу фан Ислом цивилизацияси даврида янги чўққига кўтарилди. Ана шу буюк анъананинг энг ёрқин чўққиларидан бири Самарқанддаги Улуғбек Расадхонасидир.
1428 йилда Мирзо Улуғбек томонидан қурилган бу илмий марказ ўз даврида тенгсиз эди.
Бу ерда ўрнатилган улкан Фахрий секстанти дунёдаги энг йирик астрономик асбоблардан биридир. Унинг радиуси 36 метр бўлган.
Телескоплар ҳали ихтиро қилинмаган даврда бу асбоб ёрдамида Улуғбек ва унинг шогирдлари юлдузлар координаталарини мисли кўрилмаган аниқликда ўлчашга муваффақ бўлдилар. Натижада янги юлдузлар каталоги яратилди.
Бу каталог бир асрдан ортиқ вақт давомида дунёдаги энг мукаммал астрономик жадвал бўлиб қолди ва кейинчалик Европа астрономиясига ҳам кучли таъсир кўрсатди. Улуғбек ҳатто йил давомийлигини ҳисоблаб чиққан. Бу натижа XV аср учун ҳақиқий илмий мўъжиза эди.
Расадхонага боришдан олдин биз Амир Темур мақбарасини зиёрат қилдик. Сўнг расадхона томон йўл олдик.
Кириш қисмида Улуғбекнинг улкан бронза ҳайкали қад кўтарган. Зинапоялардан кўтарилганимиздан сўнг, ниҳоят расадхона кўриниш берди. Аввал музейга кирдик.
Бу ерда расадхонанинг реконструкция модели мени чуқур ҳайратга солди. Бир пайтлар қад кўтарган улкан илмий иншоотнинг улуғворлигини тасаввур қилишса бўлади.
Кейин расадхонанинг ўзига йўл олдик. Ва ниҳоят… Мен унинг қаршисида турардим. Ер бағрига ўйилган улкан тош ёй бу Улуғбек ишлатган секстантнинг ўзи эди. Шу пайт ҳис-туйғуларимни сўз билан ифодалаш қийин. Мен қимирлай олмадим. Бу оддий тарихий ёдгорлик эмасди. Бу инсон тафаккурининг абадий ёдгорлиги эди. Орадан олти аср ўтган бўлса ҳам, унинг улуғворлиги сақланиб қолган.
Бу ерда туриб, сиз вақт чегараларини унутиб қўясиз. Гўё XV аср олимларининг нафаси ҳали ҳам шу ерда сезилиб тургандек. Улуғбек барча замон астрономлари учун буюк устоздир. Унинг расадхонаси инсоният илмий тарихининг энг муҳим масканларидан биридир.
Мен учун Самарқандга келиш шунчаки сафар эмас, балки умр давомида орзу қилинган учрашувдир. Ипак йўли шаҳри, илм-фан бешиги, астрономия маркази бўлган Самарқанд барча тасаввурларимдан ҳам ошиб кетди.
Мен бу ерга яна қайтаман. Бу сафар узоқроқ қолиш учун. Чунки Самарқанд нафақат тарихни эслатади. У келажак ҳақида ҳам ўйлашга мажбур қилади.
Сугияма НАОШИ,
Нагоя университети президенти.

