Самарқанд – Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган, уч минг йилдан ортиқ тарих қатламлари остида цивилизациялар нафаси сақланиб қолган шаҳар. Буюк ипак йўли ҳақида сўз кетганда, кўпчилик Хитой ипаклари ёки Рим олтинларини тасаввур қилади. Аммо бу йўл аслида инсоният тарихидаги энг йирик алоқалар тизими бўлган. Милоддан аввалги II асрдан XV асргача фаол ишлаган бу тармоқ Шарқ билан Ғарбни боғлаб келган. Хан сулоласи даврида шаклланган савдо йўллари тизими кейинчалик тарихда Буюк ипак йўли номи билан маълум бўлди.

Бу йўналиш Хитойнинг марказий ҳудудларидан бошланиб, Шарқий Туркистон ва Ўрта Осиё орқали Эрон платоси ҳамда Ўрта денгиз минтақасигача чўзилган мураккаб савдо тармоғини англатади. Дастлаб ипак савдоси билан боғлиқ бўлган бу йўллар вақт ўтиши билан кенгроқ иқтисодий ва маданий алмашинув тизимига айланди. Мазкур йўл орқали нафақат ипак, балки зираворлар, металл буюмлар, шиша, қимматбаҳо тошлар ва чинни маҳсулотлари ташилган. Энг муҳими, моддий неъматлар билан бир қаторда диний қарашлар, санъат услублари, технологиялар ва сиёсий ғоялар ҳам ҳудуддан ҳудудга ўтган. Шу жиҳатдан Буюк ипак йўли қадимги дунёнинг коммуникация ва интеграция механизми сифатида фаолият кўрсатган.

Қизиғи шундаки, Буюк Ипак йўли атамаси ҳам қадимги манбаларда тайёр ҳолда учрамайди – уни XIX асрда немис географи Фердинанд фон Рихтгофен илмий муомалага киритган. Яъни биз бугун бир оғизда айтадиган “Ипак йўли” номи ҳам замонавий илмий тилнинг маҳсули. Самарқанд эса ана шу улкан тармоқнинг шунчаки “эгаси” эмас эди. У кўп ҳолларда савдо, дипломатика ва ахборот оқимларини бошқариб турган “хаб” – яъни тармоқнинг тугун нуқтаси бўлиб хизмат қилган. Тарихий манбаларда у Мароканда, Афросиёб каби номлар билан тилга олинади.

Шаҳарнинг геостратегик кучи жойлашувдан бошланади. Зарафшон водийсининг қоқ маркази, чўл ва воҳа чегараси. Бу ҳолат Самарқандга шимолда дашт-кўчманчи дунёси билан жанубдаги ўтроқ деҳқончилик маданиятлари орасида воситачилик қилиш имконини берган. У асрлар давомида Хитой, Ҳиндистон, Эрон ва Византия орасидаги савдо мувозанатини ушлаб турувчи “тарози палласи” бўлиб турган. Самарқанднинг стратегик ўрни, Зарафшон водийсидаги қулай географик жойлашуви ва савдо йўллари кесишган ҳудудда бўлиши шаҳарнинг тарихий тақдирини белгилаб берди.

Турли даврларда бу савдо тизими йирик давлатлар манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Кушонлар империяси, Сосонийлар империяси, Араб халифалиги ва кейинчалик Темурийлар давлати каби сиёсий тузилмалар айнан шу йўллар орқали иқтисодий ва дипломатик алоқаларни йўлга қўйган. Марказий Осиё марказида жойлашган Самарқанд эса мазкур тизимда муҳим транзит ва сиёсий марказ сифатида ажралиб турган.

Буюк ипак йўлини кўпинча харитада Шарқдан Ғарбга чўзилган ягона чизиқ сифатида тасаввур қилишади. Аслида эса бу мураккаб, кўп тармоқли савдо тизими бўлиб, бир неча асосий ва иккиламчи йўналишлардан иборат бўлган. Товарлар кўпинча “занжирсимон савдо” тамойили асосида ҳаракат қилган, яъни маҳсулот бир карвондан бошқасига, бир бозордан кейингисига ўтиб, узоқ масофаларга етказилган. Бироқ суғдий савдогарлар айрим ҳолларда бу воситачилик занжирини қисқартириб, товарни ишлаб чиқарилган ҳудуддан бевосита истеъмолчи минтақасига олиб боришга интилишган. Бу эса уларнинг савдо жараёнидаги фаоллиги ва ташаббускорлигини кўрсатади.

Самарқанднинг стратегик устунлиги унинг икки йирик йўналиш кесишган ҳудудда жойлашганлиги билан боғлиқ эди. Шимолий йўналиш Самарқанддан Тошкент, Талас ва Еттисув орқали Шарқий Туркистон ҳамда Хитойга олиб борган. Жанубий йўналиш эса Самарқанддан Балх ва Кобул орқали Ҳиндистон томонга ёки Марв ва Нишопур орқали Эрон ҳамда Византия ҳудудларига чўзилган. Шу сабабли шаҳар савдо оқимлари, дипломатик алоқалар ва маданий алмашинувлар марказига айланган. Натижада Самарқандга нафақат товарлар, балки турли тиллар, урф-одатлар, кийим-кечак услублари, диний қарашлар ва сиёсий тажрибалар ҳам кириб келган. Бу жараён шаҳарни минтақавий савдо марказидан кенгроқ – кўп маданиятли ва кўп йўналишли тарихий маконга айлантирган.

Самарқанднинг қадимги қисми – Афросиёб тепалиги – Марказий Осиёда эрта урбанизация жараёнларини акс эттирувчи муҳим археологик маскандир. Стратиграфик тадқиқотлар натижасида бу ерда милоддан аввалги VIII асрга оид маданий қатламлар аниқланган. Бу қатламлар Зарафшон водийсида илк шаҳар типидаги манзил ҳосил бўлганини кўрсатади. Афросиёб ҳудуди қадимги Сўғдиянанинг сиёсий ва иқтисодий маркази бўлган Қадимги Самарқанднинг юраги ҳисобланади. Антик муаллифлар – Арриан ва Квинт Курсий Руф асарларида тилга олинган Мароканда айнан шу археологик майдон билан идентификация қилинади. Милоддан аввалги IV асрда Александр Македонский томонидан эгалланган шаҳар минтақавий сиёсий марказ бўлганини ёзма манбалар тасдиқлайди.

Самарқанднинг Буюк Ипак йўли тизимидаги ўрни унинг географик жойлашуви билан белгиланади. Шаҳар Шарқий Туркистон, Фарғона водийси, Бақтрия ва Эрон платосини боғловчи йўналишлар кесишган ҳудудда жойлашган. Бу йўналишлар орқали ипак, металл буюмлар, шиша, зираворлар ва бошқа товарлар алмашинуви амалга оширилган. Археологик топилмалар, хусусан, импорт қилинган шиша буюмлар, тангалар ва безак элементлари, Самарқанднинг кенг савдо тармоғига интеграциялашганини кўрсатади. I–VIII асрларда суғдий савдогарлар Хитойдан Ўрта денгиз ҳавзасигача бўлган ҳудудда фаолият юритганлари Хитой йилномалари ва археологик материаллар билан тасдиқланади. Самарқанд эса уларнинг сиёсий ва иқтисодий марказларидан бири бўлган.

Афросиёбда аниқланган VII асрга оид монументал девор расмлари шаҳар тарихининг муҳим далилларидан бири ҳисобланади. Улар 1960-йилларда топилган бўлиб, ҳозирда Афросиёб музей экспозициясида сақланади.

Фрескаларда суғдий ҳукмдор саройидаги қабул маросимлари тасвирланган. Тадқиқотчилар бу расмларни VII аср ўрталарида ҳукмронлик қилган Варҳуман даври билан боғлайдилар. Композицияда хорижий элчилар, жумладан Хитой вакиллари, совғалар ва карвон саҳналари акс эттирилган. Элчилар кийимлари ва атрибутлари Тан сулоласи даври иконаграфиясига мос келади. Бу Самарқанд билан Тан империяси ўртасидаги дипломатик алоқалар мавжуд бўлганини кўрсатади.

Мазкур девор расмлари муҳим тарихий манба сифатида қабул қилинади, чунки улар ёзма манбаларда қайд этилган дипломатик алоқаларни визуал равишда тасдиқлайди. Тасвирларда турли этник гуруҳ вакиллари кўрсатилган бўлиб, бу Самарқанднинг кўп томонлама ташқи алоқалар тизимига эга бўлганини англатади. Афросиёбда олиб бортлган қазиш ишлари шаҳар ички инфратузилмасининг ривожланганлигини кўрсатади. Яъни мудофаа деворлари, режалаштирилган кўчалар тизими, ҳунармандчилик устахоналари ва сув таъминоти иншоотлари аниқланган. Бу тизим узоқ масофали савдо учун зарур логистика шароитларини таъминлаган.

Савдо алоқалари нафақат иқтисодий, балки маданий алмашинувни ҳам кучайтирган. Суғдиёна ҳудуди орқали буддавийлик, манихейлик ва бошқа диний оқимлар тарқалган. VIII аср бошларида Қутайба ибн Муслим юришлари натижасида минтақада сиёсий ўзгаришлар юз берган бўлса-да, Самарқанд савдо ва ҳунармандчилик маркази сифатидаги аҳамиятини сақлаб қолган.

Афросиёб материаллари Самарқанднинг милоддан аввалги даврлардан бошлаб ўрта асрларгача бўлган даврда минтақавий ва халқаро савдо тизимида муҳим ўрин тутганини кўрсатади. VII аср девор расмлари эса шаҳар ташқи алоқаларининг аниқ далили сифатида баҳоланади. Шу сабабли Афросиёб Буюк ипак йўли тарихини ўрганишда асосий археологик ва визуал манбалардан бири ҳисобланади.

Самарқанд яқинидаги Кофирқалъа ҳудудида олиб борилган археологик тадқиқотлар шаҳар иқтисодий ҳаётининг ташкилий жиҳатлари ҳақида муҳим маълумотлар беради. Қазишмалар давомида топилган муҳрлар ва ҳужжат фрагментлари бу ерда савдо жараёнлари назорат остида бўлганини кўрсатади. Мӯҳрлар, одатда, товар партияларини тасдиқлаш, омбор ва юк назоратини амалга ошириш ҳамда маъмурий ҳужжатларни расмийлаштириш учун ишлатилган. Бу эса Самарқандда савдо фаолияти тасодифий эмас, балки маълум бошқарув тизими доирасида олиб борилганини англатади.

Кофирқалъа топилмалари шуни кўрсатадики, Самарқанд савдо оқимларини шунчаки қабул қилувчи ҳудуд бўлмаган. Аксинча, у товарлар ҳаракати устидан назоратни таъминлай оладиган ва иқтисодий жараёнларни тартибга соладиган марказ вазифасини бажарган. Муҳр тизимининг мавжудлиги давлат бошқаруви билан иқтисодий фаолият ўртасидаги боғлиқликни кўрсатади. Бундай тизим одатда транзит савдо йўллари кесишган ҳудудларда шаклланади ва бож, омбор назорати ҳамда ҳужжатлаштириш амалиётларини талаб қилади.

Нумизматик материаллар ҳам Самарқанднинг иқтисодий аҳамиятини тасдиқлайди. Турли даврларга оид Хитой тангалари, маҳаллий суғд тангалари ва араб динарлари бир ҳудудда топилгани шаҳар кўп йўналишли савдо алоқаларига эга бўлганини кўрсатади. Турли пул тизимларига мансуб тангаларнинг бир маконда учраши халқаро савдо операцияларининг фаол кечганидан далолат беради. Бу нафақат товар алмашинуви, балки молиявий муомалаларнинг ҳам кенг кўламли бўлганини билдиради.

Бир сўз билан айтганда, Кофирқалъа муҳрлари ва нумизматик топилмалар Самарқанднинг Буюк ипак йўли тизимидаги ўрнини янада аниқроқ тасаввур қилиш имконини беради. Шаҳар савдо жараёнида фақат воситачи эмас, балки иқтисодий бошқарув ва назорат механизмларига эга марказ сифатида намоён бўлади. Айни жиҳат Самарқандни ўрта асрлар Шарқининг муҳим иқтисодий ва маъмурий марказларидан бири сифатида баҳолаш учун асос яратади.

V–VIII асрларда Самарқанд ва умуман Суғдиёна минтақаси йирик сиёсий кучлар кесишган ҳудудда жойлашган эди. Шарқда Тан империяси, Ғарбда Сосонийлар, кейинчалик Араб халифалиги, шимолда эса Турк ҳоқонлиги ҳукмрон куч сифатида майдонга чиққан. Шундай мураккаб геосиёсий шароитда Самарқанд ҳукмдорлари – ихшидлар ташқи сиёсатда мувозанатни сақлашга интилишган. Уларнинг асосий мақсади шаҳар мустақиллигини ва савдо йўлларидаги мавқеини йўқотмаслик эди.

Тарихчи Ходадод Резахони таъкидлаганидек, Сосонийлар давлати қудратли бўлганига қарамай, шарқий савдо устидан тўлиқ назорат ўрната олмаган. Хитой билан алоқаларда кўпинча суғд савдогарларининг воситачилиги зарур бўлган. Бу эса Самарқанд ва умуман суғдий савдо тармоғига иқтисодий фойда билан бирга сиёсий аҳамият ҳам берган. Савдо алоқалари орқали шаҳар маълум даражада мувозанатли ташқи сиёсат олиб бориш имконига эга бўлган.

Самарқанд тарихида иқтисодий омиллар билан бир қаторда маданий омиллар ҳам муҳим рол ўйнаган. Археологик ва ёзма манбалар бу ерда буддавийлик, зардуштийлик ва кейинчалик ислом дини мавжуд бўлганини кўрсатади. Бу турли диний анъаналар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлганини англатади. Афросиёб девор расмларида турли ҳудудлардан келган элчилар ва савдогарлар тасвирланган. Уларнинг кийим-кечаклари, совғалари ва маросим саҳналари Самарқанднинг халқаро алоқалар доирасини кўрсатади. Бу тасвирлар шаҳарни фақат иқтисодий эмас, балки маданий алмашинув маркази сифатида ҳам баҳолаш имконини беради.

Суғд савдогарлари Шарқдан Ғарбга борар экан, ўз тиллари ва ёзувини ҳам ёйганлар. Суғд тили узоқ вақт давомида Ипак йўли ҳудудларида савдо ва дипломатик мулоқот воситаси сифатида қўлланилган. Бу ҳолат Самарқанднинг маданий таъсир доираси кенг бўлганини кўрсатади.

VIII аср бошларида араб фатҳлари натижасида Самарқанд Араб халифалиги ҳокимиятига бўйсунди. Сиёсий тузум ўзгарганига қарамай, шаҳар савдо ва ҳунармандчилик маркази сифатидаги мавқеини сақлаб қолди. Халифалик даврида карвон йўллари мусулмон дунёсининг кенг ҳудудларини боғлаб, Самарқандни янги иқтисодий ва илмий тармоқларга қўшди. Кейинги асрларда – Сомоний, Ғазнавий, Салжуқий, Қорахонйлар даврида бу ерда масжидлар, мадрасалар ва илмий муассасалар шаклланди. Самарқанд Мовароуннҳарнинг йирик илм марказларидан бирига айланди.

XIV асрда Амир Темур Самарқандни пойтахт сифатида танлади. Бу қарор тасодифий эмас эди. Шаҳар аввалдан савдо йўллари кесишган марказ сифатида шаклланган, ҳунармандчилик ва иқтисодий инфратузилмага эга эди. Темурийлар даврида Самарқандда йирик меъморий иншоотлар барпо этилди. Самарқанддаги Кўксарой, Бўстонсарой, турли қаср ва боғлар, Регистон майдони, Темурийлар мақбараси, Бибихоним жоме масжиди, Улуғбек расадхонаси шаҳар сиёсий ва маданий мавқеининг рамзига айланди. Темурийлар даврида Ҳиндистон, Эрон ва Яқин Шарқдан усталар ва олимлар Самарқандга таклиф этилган. Бу эса шаҳарни халқаро дипломатик ва маданий марказ сифатида мустаҳкамлади. Савдо алоқалари кенгайиб, шаҳар яна бир бор кенг минтақавий иқтисодий тизимнинг муҳим бўғинига айланди.

Темурийлар давридаги Самарқанд меъморчилиги фақат эстетик ёки диний мақсадларни кўзламаган. Бу иншоотлар шаҳарни Буюк ипак йўлининг марказий бўғинларидан бири сифатида намоён этган. Савдо йўллари орқали келган бойлик, усталар ва маданий таъсирлар Самарқанд меъморчилигида мужассам бўлиб, уни XIV–XV асрларда яна бир бор халқаро миқёсдаги сиёсий ва маданий марказга айлантирган.

XXI асрда Самарқанд тарихини ўрганиш янги босқичга кўтарилди. Географик ахборот тизимлари ёрдамида қадимги шаҳар ҳудудлари, суғориш тармоқлари ва карвон йўлларининг жойлашуви аниқроқ хариталаштирилмоқда. Радиокарбон таҳлиллари эса археологик қатламларнинг санасини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу усуллар ёзма манбалар билан бирга қўлланилганда, шаҳар ривожланиш босқичларини янада ишончли тиклаш имконини беради. Афросиёб ҳудудида олиб борилган тизимли қазиш ишлари ва Самарқанд яқинидаги Кофирқалъада топилган муҳрлар, ҳужжат парчалари ҳамда моддий маданийлик намуналарининг таҳлили шаҳар иқтисодий ва маъмурий ҳаётини илмий асосда ёритишга хизмат қилмоқда. Бу топилмалар савдо назорати, бошқарув тизими ва халқаро алоқаларнинг амалий жиҳатларини кўрсатади.

Буюк ипак йўли тушунчаси бугунги кунда ҳам илмий ва сиёсий муҳокамаларда фаол қўлланилади. Хусусан, Хитой томонидан илгари сурилган “Бир камар, бир йўл” ташаббуси қадимги савдо йўллари ғоясининг замонавий талқини сифатида баҳоланади. Бу ташаббус тарихий алоқалар ва иқтисодий интеграция масалаларига қизиқишни яна кучайтирди. Самарқанднинг халқаро миқёсдаги аҳамияти ҳам эътироф этилган. ЮНЕСКО томонидан шаҳар “маданиятлар чорраҳаси” сифатида тавсифланади. Бу таъриф тарихий манбаларга асосланади: Самарқанд асрлар давомида турли цивилизациялар, тиллар ва динлар учрашган ҳудуд бўлган.

Тадқиқотчилар Самарқандни Буюк Ипак йўли тизимининг муҳим марказларидан бири сифатида баҳолайдилар. Шаҳар савдо алмашинуви, дипломатик алоқалар, маданий ва илмий жараёнларда фаол иштирок этган. Археологик топилмалар – тангалар, девор расмлари, муҳрлар ва турли қатламлар – бу жараёнларнинг моддий далилидир. Улар Самарқанднинг ўтмишдаги ролини янада аниқроқ тушунишга ёрдам беради. Шу сабабли Самарқанд тарихи нафақат ўтмиш ҳақидаги ҳикоя, балки бугунги глобал алоқалар илдизларини англаш учун ҳам муҳим илмий манбадир.

Юнг МУНГ ЧУЛ,
Самарқанд давлат университети профессори,

Евросиё Ипак йўли институти раиси.