УНИВЕРСИТЕТДА ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ...
Самарқанд давлат университетида 1 октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни тантанали нишонланди. Тадбир миллий куй ва қўшиқларнинг дилрабо оҳанглари оғушида бошланди.
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов йиғилганларни қутлуғ байрам билан табриклади ва университетда кейинги йилларда амалга оширилаётган ишларга тўхталди:
— 2016–2026 йиллар Ўзбекистонда ўқитувчининг шаънини, қадр-қимматини, унинг жамиятдаги ўрнини юксалтириш йиллари бўлди. Биз муаллим камситилган замонларни ҳам кўрдик. Ўқитувчини қадрламаган миллат ҳеч қачон рўшнолик кўрмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз зиёлиларига, айниқса, таълим соҳаси ходимларига чексиз ғамхўрлик қилмоқда. Кейинги ўн йилда профессор-ўқитувчиларнинг маоши оширилди.
Самарқанд давлат университетида биз яна бир муҳим қадам ташладик. Бу мавжуд илмий мактабларни ривожлантириш билан бир қаторда, замон талабларига мос янги илмий мактаблар яратиш концепциясидир. Бунинг натижасида Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, Ядро технологиялари институтларига асос солинди. Ўқув ва илмий лабораторияларни замонавий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш учун 40 миллиардга яқин маблағ ажратилди. Самарқанд давлат университетида сўнгги бир йилда ташкил этилган 20 га яқин ёзги мактабларга Франция, Хитой, Буюк Британия, Германия, Туркия, Россия, Япония ва Марказий Осиё давлатларидан 500 дан ортиқ талаба жалб қилинди. Тадбир давомида соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган профессор-ўқитувчиларнинг бир гуруҳига “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони топширилди. Юзлаб профессор-ўқитувчилар моддий рағбатлантирилди ёки қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Табрик учун сўзга чиққан профессорлар Оқназар Ҳасанов, Назмия Муҳиддинова, университетнинг Трансформация офиси раҳбари Моҳд Назиш Хан ва бошқалар таълим соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган катта ўзгаришларни алоҳида таъкидлади. Тантанали тадбир якунида мусиқий дастурга навбат берилиб, “Устозга таъзим” мавзусидаги видеоролик намойиш этилди.













