“Ялдо кечаси” янги замон ўзбек адабиётида тамомила кашфиёт
Тўрт юз-у етмиш икки саҳифадан иборат бу кутилмаган асар қўлёзмасини 2024 йилнинг илк ҳафтасида ўқиб чиқишга муяссар бўлдим. Кўп китобларга ошно-дўст бўлган эдим, лекин бу гал дастлабки саҳифаларданоқ ҳайратим зиёда бўлди. Унинг “Ялдо кечаси” деб аталиши ҳам, тагига “Абдулла Қодирий қаламига мансуб, “Ўткан кунлар”нинг иккинчи китоби деб тахмин қилинаётган қўлёзма” деб изоҳлангани ҳам, “Махфий” деб аталган кириш сўзи ҳам, унда баён этилган сир-синоатга тўла тушунтиришлар ҳам – барчаси ўқувчининг таажжубларини ҳаддан ортиқ оширгандан оширарди.
Кириш сўзидан 1937 йилнинг 31 декабрь кечасидаги машъум тинтув пайтида Абдулла Қодирий билан бирга, унинг хонадонидан олиб кетилган, адибнинг шахсий мулкига доир қимматли ашёлар орасида, 2060 варақдан иборат қўлёзма ҳам бўлганидан хабар топдик. Мазкур Сўзбошида ёзилишича, мустақиллик йилларида тузилган, ушбу тоқат қилиб бўлмайдиган зўравонлик ва қароқчиларга хос тинтув тарихини ўрганган махсус комиссия бу асарни собиқ Марказнинг махфий ҳужжатгоҳларидан бирида, Қодирийнинг эмас, балки ўша замонлар сиёсий арбобларидан бўлмиш Қурбон Берегиннинг “жиноят иши” ичидан топгани баён этилади.
Қўлёзма қандай қилиб бу ҳужжатлар орасига тушиб қолгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Эҳтимол, Берегинга ўқиб, баҳо бериш учун топширилгандир? Қўлёзманинг Қодирийга мансуб асар эканлиги аниқ бўлса ҳам, лекин унга муаллиф номи қўйилмаган экан. Шундан “тахмин қилинаётган” деган ибора туғилган.
“Ялдо кечаси” матнида Абдулла Қодирийга нисбат берилган “Ёзғучидан” деб номланган дебоча сўз ҳам келтирилган. Ва, унда адиб миллионлаган ихлосмандларнинг ўтинч ва илтижоларини ҳисобга олиб, “Ўткан кунлар”нинг иккинчи китобини ёзишга қарор берганини маълум қилади.
Таъкидлаш жоизки, бу гаплар “Ялдо кечаси” нинг мен бундан қарийб бир йил аввал ўқиган илк нусхасида битилган эди. Шундан сўнг ўтган вақт давомида мана шу Сўзбошининг бир-биридан тубдан фарқ қиладиган учта варианти яратилганига, роман матни қандай сайқал топиб борганига гувоҳ бўлдим.
Шундай муқаддималардан кейин романнинг Биринчи бўлими келади, у “Пири сиддиқ. Икки ғариб” деб аталади. Дастлабки жумла “Ҳижрий 1274 йил, моҳи рамазоннинг ўн олтинчи куни” деб бошланаётганининг ўзиёқ дарҳол ўқувчиларга “Ўткан кунлар”даги “1264 инчи ҳижрия, далв ойининг ўн еттинчиси” деган жумлани эслатади. Ўқувчи ҳар икки китоб ўртасида чамбарчас боғлиқлик борлигини сезади. Бундай боғлиқлик ва унцият барча ҳолларда бадииятнинг ёзилган-ёзилмаган қонуниятлари ва талабларига кўра ғоятда муайян ва ўқувчини лол қолдирадиган даража ва санъаткорона комилликда яққол кўринади.
Албатта, муштарийларимиз юқоридаги қисқача тушунтириб бўлмайдиган сўзлардан суюкли адибимиз Хайриддин Султон адабий мистификациядан фойдаланиб, янги асар битганини фаҳмлаб етгандирлар, деб ишонаман.
У “Ўткан кунлар”нинг Иккинчи китобини ёзиб тугатди. Бу китобни у буюк Қодирий номидан ёзди; Қодирий бўлиб ёзди; қаттол замон Қодирийнинг қўлини кишанлаб, унга ёзиш учун имкон бермаганлиги боис фозил издош ва увайс шогирд сифатида ёзди. Ҳеч кимнинг хаёлига келмаган фантастик бир орзуни рўёбга чиқарди.
Зукко китобхонларга аёнки, Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи адибнинг қисқагина “Ёзғучидан” деган сўзлари билан якун топган эди. Унда муаллиф Юсуфбек ҳожининг набираси Ёдгорбек ХХ асрнинг ўн тўққизинчи–йигирманчи йилларида, очлик замонларида вафот қилгани, ундан икки ўғил фарзанд қолгани – уларнинг бири шўро ҳукуматида масъул ишчи, иккинчиси эса босмачилар орасида эканини маълум қилиб ўтган эди.
Хайриддин Султон мумтоз адибимиз келиб тўхтаган мана шу жойдан унинг табаррук қаламини қўлга олишга жазм этади ва ўзида мислсиз бир азм-у қарор, жидду жаҳдни отлантиради. Очиқдан очиқ ёзадиган бўлсак, у энди Отабекнинг зурриёдлари – Ёдгорбек ва унинг икки мард фарзанди тақдирини бадиий воситалар билан ёритиш ва ифода этишга бел боғлайди.
Азиз ўқувчиларимиз яхши биладиларки, “Ўткан кунлар” халқимизнинг энг севимли романи, унинг қаҳрамонлари эл-юрт қалбининг тўридан жой олган, бир асрдан ортиқ вақт мобайнида янги-янги авлодларни сўнмас бир маънавий руҳ билан тарбиялаб келади. Романга қараган киши худдики ойинага қарагандай ўз қиёфасини кўради. Ўзини буюк маданий тарихга эга бўлган халқ каби ҳис қилади. Маънолар ўқийди, келажагига умид ва ишонч билан боқади.
Замонлар эврилиб, Юсуфбек ҳожи, Отабек ва Кумуш зурриёдларининг тақдирлари қандай кечди? Бу авлодлар мустамлакачилик ғолиб бўлган дунёда – урушлар, очарчиликлар, айбсиз кишилар устидан авж оладиган тазйиқ ва зўравонлик, мисли кўрилмаган ҳақсизликлар, абгорлик, қашшоқликлар ёпирилган ХХ асрда қай ҳолларга тушадилар? Чумолидек увол бўлиб кетадиларми ё ақл бовар қилмас жанг майдонларида ўз инсонлик эрклари, шаън-шавкатларини ҳимоя қилиб чиқадиларми, адолатга эришадиларми?
Хайриддин Султон Ёдгорбек, унинг фарзандлари – Озодбек ва Одилбек тимсолида эркин инсон қадри, ҳақ-ҳуқуқлари, эл-юрт озодлиги йўлида қандай оташин курашчига, ортга қайтмас маърифатчига айланганликларини тадрижма-тадриж, эволюцион ижодкорликда тасвирлаб, ҳикоя қилиб беради. Уларга Қодирий ва ҳурриятпарвар жадид намояндаларнинг издошлари, уларнинг курашларини давом эттирувчи шахслар, деб қарайди. Ўқувчи учун қоронғи бўлиб келаётган вақт ҳамда маконларни тафаккур ва бадиият ёғдуси билан ёритади.
Ёдгорбек аждодларининг олижаноб интилишларини, халқ озодлиги, адолат ва маърифат жабҳасидаги улуғ саъй-ҳаракатларини бутун жисм-у жонида туяди, газета чиқаради, жаҳолат ғовлаб кетган бир муҳитда ўғил ва қиз болалар учун мактаб очади. Ҳар бир қадамида эл-юрт учун қайғуради, жонини ҳурлик учун тикади, беқиёс матонатли ва мард курашчи бўлиб майдонга чиқади. Ўғиллари Озодбек ва Одилбек ундан улги ва ўрнак оладилар. Уларда юртпарварлик, элсеварлик фазилати мужассам ва қатъий бир тус олади.
Ёдгорбек Юсуфбек ҳожидан қолган мол-мулкларни сотиб, пулини “Нажот” деб номланган мактаб қуриш, миллий жарида чиқаришга сарф қилади. Ва мана шундай эзгу фаолияти учун мустабид тузум томонидан Сибирга бадарға қилиниб, оғир уқубатлар ичида ҳалок бўлади. Фарзандлари ҳам босқинчилар зулмига қарши омонсиз жангчига айланадилар. Уларнинг тақдирлари ҳам қонли фожиалар ичида тугайди. Озодбек ва Одилбек шўро истибдодига қарши ҳаёт-мамот жангларида азиз жонларини фидо этадилар.
Қизил ва оқ террор замонлари ёзувчининг ўткир нигоҳидан бирма-бир ўтади, фожиали, мудҳиш тафсилотлар чархнинг қора қуюнлари каби айланади. Ҳар қадамда талафот, ҳар нафасда офат, зулм-у зулмат ўз ваҳший ҳукмида собит. Ўзини “тарихий ҳужжатлар асосидаги бадиий тўқима муаллифи” деб атаган ёзувчи Хайриддин Султон алғов-далғов замон пўртаналарини синчиклаб кузатади, мураккаб воқеликни назаридан қочирмай, чуқур бадиий таҳлил қилиб боради.
Ёдгорбек, Озодбек ва Одилбек ўз курашларида Исмоил Ғаспрали ва Нусратхон домла каби улуғ маърифатпарвар зотларга, жонкуяр, фидокор, эл-улус ишига садоқатли олижаноб муаллимларга, ношир ва муҳаррирларга, илм ва дин аҳлларига суянадилар. Бу қаҳрамонларнинг ҳаёт йўлларида Зумрад биби, Ойниса, Суйима, Зайнаб ва Ризвон сингари олижаноб, вафодор аёллар илҳомчи ва мададкор бўлиб турадилар. Уларнинг соф ўзбекона образлари ғоят суюкли ва жозибадордир.
Романда ёвуз, маккор ва мунофиқ кучларга қарши ажойиб эл фарзандлари, имон-эътиқодли кишилар фаол ҳаракатда бўлади, уларнинг мафтункор сиймолари ўқувчи қалбини забт этади, муҳаббатини қозонади.
Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и руҳи ва услубида ёзилган бу роман мумтоз асаримизнинг бадиий тили, тасвир воситаларини янги йўналишда давом эттиради. Ёзувчи ўзининг барча интилишлари, изланишлари, ижодий ҳужайралари билан Қодирий кашфиётларига ҳамоҳанглик яратади. Ҳамоҳанглик тақлид эмас, асло. Балки Қодирий тирик бўлса, қўллаши эҳтимолдан узоқ бўлмаган янги ёзув усули ва бадиий мантиғидир. Шуларнинг ҳаммаси “Ялдо кечаси”ни жуда ўқишли, ҳар жиҳатдан янги замон китобхони учун қизиқарли қилади ва ўзига оҳанрабодек тортади.
Мен ўтган йил мобайнида асар тўғрисида муаллиф билан кўп бор ижодий мулоқот қилганим ҳамда “Хайбар-25” нашриёти илтимосига кўра, ушбу китобнинг масъул муҳаррири сифатида унинг юзага чиқишига камтарона ҳисса қўшганимдан бахтиёрман.
“Ялдо кечаси”ни янги замон ўзбек адабиётида тамомила кашфиёт, деса арзигуликдир. Хайриддин Султоннинг ушбу адабий мистификацияси тарихий, инсоний, замоний ҳақиқатларни янгича очгани, уларга кучли урғу бергани билан эътиборга сазовор.
Бу ғоят салмоқли асар долғали асрларда халқимиз бошига тушган мислсиз ижтимоий зулм, миллий қашшоқлик, ожизлик туфайли туғилган беҳад аянчли оғриқлар, дард-алам, армонларимиздан ниҳоят қутулганимиз, қутулаётганимизни англатади. Бундай ғамбода оғриқлар юз йилларча давом этар экан, фожиали томони шундаки, умуммиқёсда халқнинг ўзига бўлган ишончини барбод этиши, жасоратини заҳарлаши, ғайратини маҳв этиши мумкин. Бургутлардан чумчуқлар, арслонлардан манфур шоқоллар урчиши мумкин.
“Ўткан кунлар” ва унинг мантиқий давоми – кураш достони бўлган “Ялдо кечаси” ҳар қандай оғир шароитда ҳам манқуртлашмаган шахслар учун ҳақиқий тозариш уммони вазифасини бажаради. Буни қадимгилар “катарсис” дейишган. Шекспир трагедиялари жамики инглизлар учун ана шундай катта миқёсдаги катарсис бўлган, жамиятни тозалаб, улусни жаҳоншумул миллатга айлантирган.
“Ялдо кечаси”даги бош қаҳрамонлар миллатнинг эркпарвар вакиллари сифатида, миллат ойдинлари сифатида тозариш океанига тушадилар. “Миллат вакили” деган озод сўз, озод тушунча, озод туйғули инсон пайдо бўлади. Бу аср романида миллат мана шундай қаҳрамон яратишга қодир экани тасвирланади. Унда катта даврлар қамралган. Барча ижтимоий салмоқли ҳодисалар аксини топган. Ёдгорбек, Озодбек, Одилбек, Нусратхон тўра, Мақсуд понсад, Ҳайдар Бурҳонлар улуғ Қодирий орзусидаги буюк ва матонатли курашчилардир.
Асарни ҳаяжонлар ичра ўқиб, қалбимда ҳосил бўлган таассуротларнинг бир шингили ана шу.
Табиат – ажиб дунё. Ялдо кечалари шундай улуғ самовий ҳодисалар юз беради.
Иброҳим ҒАФУРОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони.

