Муҳаммадризо Огаҳий  ўзгача завқу шавқ билан Наврўз айёмини тараннум этади. Унинг “наврўз” радифли ғазаллари кўнгилларни ўзига ром этади:

Қилиб ойини меҳр оғоз Наврўз,

                            Келиб қиш фаслин этти ёз Наврўз,

    Наврўз меҳру муҳабббат маросимини бошлаб берадиган қутлуғ айёмдир. У  келгач, қиш  ёзга айланади. Бунда “қиш” ва “ёз” фасли  ўзига хос ажойиб бадиий санъатни юзага келтиради. Қиш - “зулумот”, “қоронғулик”, “тундлик”, ёз – “равшанлик”, “ойдинлик”, “хушкайфият” каби маъноларни билдиради. Бунда табиат манзараси билан инсон руҳияти ҳамоҳанглашади, Наврўз табиат ва инсон оламидаги ички мувозанат  марказида олиб қаралади.

    Байтда фасллардаги ўзаро алмашиш қонунияти орқали инсон ботинидаги ўзгаришларга ишора этилади. Кейинги байтдаги “олам бошдан-аёқ файзу сафо, шоду хуррамликка қадам ташлагани ва Наврўз шундай жаннатий маконга мос бир файз бўлиб келганлиги” ҳақида тасвир давом эттирилади.

                            Жаҳон сарто қадам файзу сафода,

                            Бўлуб жаннатга файз андоз Наврўз.

    Ижодкор наздида, Наврўз мана шу ташқи ва ички ҳуснга элчи, мана шу икки оламга даракчи сифатида талқин этилади ҳамда мажозан ёруғлик қоронғулик, эзгулик ёвузлик устидан ғолиблигига ишора ҳамдир. Иккинчидан “жаҳон” ёки “жаннат” бир “андоза”, яъни шакл бўлса, Наврўз унга гўё мазмун-руҳ бўлиб жилоланади. Жаннат номи билан жаннат,  эзгу туйғулар макони, таърифлар  ундаги маъмурчиликни ифодалашга ожиз. Унда “файз” ҳам, “соғинч” ҳам комилдир. “Наврўз жаннатга файз” ва “жаннатда ёр юзини соғиниш” мотивлари буюк қалб ижодкорлиги, илҳоми саналади. Огаҳий “барча элу халқ айшу базмга майл кўрсатгани, бунда хуррамлик ва хушнудлик сози Наврўз томонидан чалингани, Наврўз табиатга, одамлар ўзларига  зийнат берганлигини бадииий манзарага айлантиради.

                            Ҳамма эл айш базмиға қилиб майл,

                            Тараб қонунин этти соз Наврўз.

                            Ўзига ҳар киши борича имкон,

                            Бериб юз зийнату пардоз Наврўз.

    Шу ўринда савол туғилади? Қадимда ёки яқин тарихда Наврўз қандай нишонланар эди. Огаҳий гувоҳ давраларда “маъшуқалар ошиқларига гоҳ юз лутф, гоҳ минг ноз” кўрсатганмикин? Ёхуд “ошиқлар ҳам маъшуқасидан баҳра олиб, ҳамсуҳбат ва сирдош” бўлганмикин? Уларга Наврўз ҳамдард бўлганми? Айтиш лозимки, умумхалқ миқёсида нишонланадиган байрамларда “ёри азиз” билан бўладиган ҳамрозлик онлари ифодаси бошқа тур асарларда ҳам келтирилади. Бу борада гап кетганда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг биргина машҳур “ёз фасли...” ғазалини  эслаш кифоя. Огаҳий эса бу ўринда  масалани “анжуман” ва “хилват”да талқин этганлиги унинг Наврўз мавзусига янгича ёндашганлигини кўрсатади.

                            Қилиб маъшуқлар ошиқлариға,

                            Гаҳи юз лутфу, гаҳ минг ноз Наврўз.

                            Олиб ушшоқ ҳам маъшуқидин ком,

                            Бўлуб ҳамсуҳбату ҳамроз Наврўз.

    Бунда “маъшуқ ошиққа кўрсатган лутфу марҳамати, нозу ишвалари... ташқи манзаралар ичра жонлангани, Наврўз тафти ошиқ кўнгилда ҳам тирилганига ишора этади. Ғазал давомидаги “бори эл топганини харж қилиб, шодлик маҳбубаси Наврўзга улфат бўлганлиги” ҳам шунга яқин туйғуни англатади. Наврўз бир бора олам ва одамга чин бир севинч олиб келгани учун “жаҳон бойлиги”га қиёсланади. Бу ўша юқорида айтилган табиат ва руҳият ифодалари бирлашганини билдиради. Эҳтимол, “жаҳон бойлиги”ни бир вақтда ва бир жойга тўплаш имконсиз, бироқ маънавий шодиёналикни ифодалашда шу бир Наврўз атамаси шоирдил учун етарлидир. Шоир асар охирида бу “айш васфи Наврўз” таърифини узун арқондай чўзмасдан бир жумла билан илоҳий бир “мўъжиза” деб қўя қолиш керак дейди.

                            Бори эл харж этиб нақдини бўлди,

                            Тараб маҳбубиға дамсоз Наврўз.

                            Нишот асбобиға харж айлар элга,

                            Жаҳон ганжи ҳам ўлса оз Наврўз.

                            Неча атноб қилсанг айш васфин,

                            Ўлур, э Огаҳий, иъжоз Наврўз.

    Наврўз бадииятда “меҳр оинаси”, “шодлик сози”, “ишқ лаззати”, “жаҳон ганжи”, “илоҳий мўъжиза” каби ташбиҳларда акс эттирилади. Табиат ва жамият, олам ва одам мафтункор бир ҳиснинг айни бир вақтда пайдо бўлиши, бир нуқтада жам этилиши лаҳзасига ишонч ҳамда муҳаббатни билдиради. Қайсики, ижодкор шу мавзуга мурожаат этса, айни атамалардан фойдаланади ёки уларни бошқа бир нуқтаи назарлар билан талқин этади. Бу шодлик, севинч, суҳбат, баҳор, меҳр, муҳаббат, ёшлик, ёруғлик, сайроқи қушлар, зилол сувлар, дарахтлар гуллаши, самовий поклик, ялпизлар, кўкарчин, яшиллик ва бошқалар. Бундай ёруғ руҳ ифодаси Огаҳий қаламидан ёғилган “Наврўз” радифли иккинчи ғазалда ҳам акс этган. Бироқ ундаги ташбеҳ-ўхшатишлар, қаҳрамон аҳвол руҳияси ўзгача манзара намоён этади.  Наврўз қуёш сингари ер юзидан сояни кўтаргани, элга файз, шодлик, айшу ишратни насиба этиб улашгани, табиат оламга янги туғилган бола шодлигини инъом этган бўлса, унга Наврўз доялик қилгани, “моҳлиқо”лар  юзини вараққа чизилгандай гўзал ва латиф этгани дастлабки тўрт байтда ўз таърифини топади. Кейинги беш байтда  бироз мискин  кайфият ифодаси кўзга ташланади.

                            Кийиб аҳли ғино юз ранг хилъат,

                            Тўло бошдин аёқ пероя наврўз.

                            Ҳамма ўйнаб олиб қўлға юмурта,

                            Менинг илгимда йўқтур хоя наврўз.

    Бунда “аҳли ғино”  ўзига тўқ кишилар юз хил рангдор кийимлар билан  бошдан-оёқ безаниб, қўлларида “юмурта” уйнаб, айш-ишрат учун маблағлари етарли, бироқ базилар етар-етмасликда  Наврўзни кутади. Бошқача айтганда, уйлар зебу зийнат билан Наврўзга келса, лирик қаҳрамон “жаноби шаҳға” кўз ёшларига тоя-тоя келади ва қаҳрамонимиз шояд Наврўз сабаб шоду хуррамликка етсам – деган фикрни айтади. Бироқ бундай тасвирларни зинҳор озурдадиллик деб тушунмаслик лозим. Чунки Наврўз баҳонасида  мискин дилларни зиёрат этиш, Ҳақ борлиғидан эзгу тилаклар исташ, “жаноби шаҳга” дарду дунёсини очиш, кўнгил қошшоқлигидан озод бўлиш, ёниқ руҳ файзига эришишга даъват этилади.

 

Усмон ҚОБИЛОВ,

филология фанлари доктори,  профессор.