- Кимё саноати ва унинг бугунги жамият ва иқтисодиётдаги ўрни нимадан иборат?

- Кимё саноати бугунги иқтисодиётнинг энг муҳим ва стратегик тармоқларидан бири. У нефть, газ, кўмир, руда ва туз каби табиий бойликларни қайта ишлаб, инсон ҳаёти учун зарур бўлган минглаб маҳсулотларни яратади. Масалан, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни оширадиган минерал ўғитлар, қурилишда ишлатиладиган пластмасса ва лак-бўёқлар, тиббиёт учун дори воситалари, турли ёнилғи турлари буларнинг барчаси кимё саноати маҳсулидир.

Бу тармоқнинг аҳамияти фақат маҳсулот ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмайди. Кимё қишлоқ хўжалигида юқори ҳосил олишга ёрдам беради, тиббиётда инсон саломатлигини сақлашга хизмат қилади, қурилиш ва энергетика соҳаларини замонавий материаллар билан таъминлайди. Шу билан бирга, янги технологиялар, жумладан, наноматериаллар ва энергияни сақлаш тизимларини ривожлантиришда ҳам кимёнинг ўрни беқиёс.

Кимё саноати иқтисодиёт учун ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки у хомашёни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар яратади, экспорт орқали мамлакатга валюта олиб киради. Энг муҳими, кимё корхоналари минглаб инсонларни иш билан таъминлайди, транспорт, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг ривожланишига туртки беради, давлат бюджетига салмоқли солиқ тушумлари келтиради.

Қисқача айтганда, кимё  бу оддий формулалар йиғиндиси эмас. У инсон ҳаётини енгиллаштирадиган, янги имкониятлар эшигини очадиган ва келажак тараққиётига хизмат қиладиган беқиёс кучдир.

- Кимё фанини чуқур ўрганиш ёшлар учун қандай имкониятлар яратади? Бу фан инсон ҳаётини қайси жиҳатлари билан ўзгартира олади?

- Кимё фани бу фақат дарсликлардаги формула ва мураккаб реакциялар эмас. У инсон ҳаётини ўзгартиришга қодир бўлган буюк имкониятлар манбаидир. Кимёни чуқур ўрганган ёшлар фармацевтика, нефт-газ саноати, озиқ-овқат технологияси, материалшунослик, экология ва нанотехнология каби замонавий соҳаларда ўз ўрнини топади. Бу эса уларга барқарор иш, муносиб даромад ва ҳатто халқаро миқёсда фаолият юритиш имкониятини беради.

Энг муҳими, кимё бу кашфиётлар фани. Янги дори воситаси, янги материал ёки янги энергия манбасини яратиш орқали бир олим миллионлаб инсонлар ҳаётини яхшилаши мумкин. Бу эса илмнинг жамият тараққиётидаги нақадар катта куч эканини яққол кўрсатади.

Кимёвий билимлар фақат иш топиш учун эмас, балки иш ўрни яратиш учун ҳам хизмат қилади. Чунки кимёни яхши билган мутахассис лаборатория ташкил қилиши, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши ёки қишлоқ хўжалиги учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқариши мумкин. Бу эса нафақат шахсий муваффақият, балки жамият ривожига ҳам ҳисса демакдир.

Қисқача айтганда, кимё фанини чуқур ўрганиш ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очади. Чунки кимё  бу келажакни яратадиган, инсон ҳаётини яхшилайдиган ва тараққиётга йўл очадиган фан.

- Бугунги кунда мактабларда кимё фанини ўқитиш ҳолатини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, асосий муаммо ва камчиликлар нимада?

- Бугун мактабларда кимё фани ўқитилаётган бўлса-да, у ҳар доим ҳам ўқувчилар учун қизиқарли ва “тирик фан” сифатида намоён бўлаётгани йўқ. Кўп ҳолларда дарслар формула ва тенгламаларни ёдлаш билан чекланиб қолмоқда. Натижада ўқувчи кимёни тушуниб эмас, балки ёдлаб ўзлаштиради. Бу эса фанга бўлган қизиқишни пасайтиради.

Аслида кимё тажриба ва кашфиёт фани. Уни китобдан ўқишнинг ўзи етарли эмас, балки кўриш, синаб кўриш ва ҳаёт билан боғлаш зарур. Масалан, нима учун хамир кўпаяди, нима учун сочни шампунь билан ювамиз ёки атроф-муҳитни қандай ҳимоя қилиш мумкин буларнинг барчасига кимё жавоб беради. Афсуски, кўп мактабларда лаборатория жиҳозлари ва реактивлар етарли эмаслиги сабабли дарслар амалиётдан кўра назария билан чекланиб қолмоқда.

Яна бир муҳим масала ўқувчи ўзига: “Кимё менга келажакда нима беради?” деган саволга жавоб топа олмаяпти. Агар фаннинг ҳаётдаги аҳамияти, касб ва имкониятлар билан боғлиқ томонлари тушунтирилса, қизиқиш ҳам албатта ортади.

Албатта, таълим тизимида ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ бу борада энг муҳим вазифа кимё дарсларида амалиётни кучайтириш, замонавий лабораториялар ташкил этиш, интерактив усулларни кенг жорий қилиш ва ўқитувчилар малакасини оширишдир. Чунки кимё бу қуруқ формулалар эмас, балки ҳаётнинг ўзи. Уни ҳис қилган ўқувчигина бу фаннинг ҳақиқий қудратини англайди.

- Мамлакатимизда кимё саноатини ривожлантириш масаласи сўнгги йилларда устувор йўналишлардан бирига айланди. Хусусан, 2016-йилдан буён бу борада қандай муҳим ўзгаришлар ва лойиҳалар амалга оширилди?

2016 йилдан кейин кимё саноатида “хомашё сотиш”дан кўра чуқур қайта ишлаш ва қўшилган қиймат яратишга йўналиш кучайди. Қисқача айтганда, тармоқ “қазиб олиш”дан “маҳсулот тайёрлаш”га қараб бурилди.

2016 йилдан кейин қуйидаги устувор йўналишларда мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди: модернизация ва қувватларни янгилаш газ-кимёсини ривожлантириш ва полимер ишлаб чиқаришни кескин кўпайтириш учун газ-кимё лойиҳалари илгари сурилди. Масалан, Шўртан газ-кимё мажмуасини кенгайтириш ва буни GTL маҳсулоти билан боғланган кластер сифатида ривожлантириш, янги йирик “газ кимё” мега-лойиҳалар, метанолдан олефин-полимер олиш каби йирик лойиҳалар кун тартибига чиқди. Масалан, Хоразмда қиймати 10 миллиард долларлик  MTO газ-кимё мажмуаси ва Бухоро  ҳудудида MTO асосидаги завод қурилиши,  минерал ўғитлар ва асосий кимё маҳсулотларини кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи учун ўғитлар, шунингдек асосий кимёвий маҳсулотлар қувватларини ошириш режалари ва ишлари тезлашди. Тайёр компонентлар ва кимёвий реагентларни мамлакат ичида ишлаб чиқаришга урғу берилди: коагулянтлар, катализаторлар, полимер қувурлар, маиший кимё, тиббий бир марталик маҳсулотлар каби йўналишлар, шунингдек, кимё-саноат технопаркларида янги линиялар.

Кимё саноати-иқтисодиётни хомашёга боғлиқликдан олиб чиқиб, уни қайта ишлаш ва юқори даромадли маҳсулотлар йўлига бошлаётган муҳим кучдир. У экспортни кучайтириб, мамлакатнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамламоқда ва “қиймат қўшувчи фабрика”га айланмоқда. Қўшилган қиймат ошмоқда, янги иш ўринлари яратилмоқда, бюджет тушумлари кўпаймоқда, экспорт турлари кенгаймоқда,  бозор рақобатбардошлиги ошмоқда,  валюта тушуми ортиб бормоқда. Табиий газни оддий хомашё сифатида сотишдан ёки иситиш учун ишлатилгандан кўра, ундан полиэтилен ёки полипропилен ишлаб чиқариб экспорт қилиш анча даромадли ва афзалдир. Бир хил хомашё-лекин даромад бир неча баробар кўп. Янги газ-кимё мажмуалари, ўғит ва полимер заводлари минглаб мутахассисларни иш билан таъминламоқда. Кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотишдан тушган солиқ ва валюта тушумлари иқтисодий барқарорликни мустаҳкамламоқда. Илгари экспорт қилинган хомашёлар бугунги кунда минерал ўғитлар, полимерлар, сода каби тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қўлланилмоқда.

2016 йилдан бошлаб асосий мақсад-хомашёни шунчаки экспорт қилиш эмас, балки уни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтиш даври бошланди ҳамда газ-кимё соҳасида туб бурилиш юз берди ва табиий газни хомашё ҳолда сотиш ўрнига, полиэтилен, полипропилен, нефть ва табиий газдан олинадиган, мустаҳкам, енгил ва узоқ хизмат қиладиган пластик материал каби полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилди. Табиий газни суюқ ёнилғига айлантириш технологияси жорий этилди, кўпгина мажмуалар модернизация қилинди. Минерал ўғитлар соҳасида ҳам аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш кенгайтирилди, энергия ва ресурстежамкор технологиялар жорий этилди, комплекс ўғитлар ҳажми оширилди.

2019 йилдан институционал ислоҳотлар жадаллашди. 2019–2030 йилларга мўлжалланган инвестиция дастури қабул қилинди, давлат корхоналари трансформация қилинди, хусусий ва хорижий инвесторлар жалб этилди ҳамда корпоратив бошқарув стандартлари жорий этилиб, рақобатбардошлик оширилди. Навоий ва Шўртан лойиҳалари мисолида кластер ёндашуви жорий этилиб хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи бир ҳудудда жамлаш орқали логистика камайди, қўшилган қиймат ортди ва янги иш ўринлари яратилди. Кимё саноатининг ресурс сотувчидан юқори қўшилган қиймат яратувчи, экспортбоп ва технологик драйверга айланиш йўлига ўтиши иқтисодиётни мустаҳкамлаб, ёшлар учун янги имкониятлар яратмоқда.

- Кимё саноатининг ривожланиши мамлакат иқтисодиёти ва экспорт салоҳиятига қандай таъсир кўрсатмоқда?

-  Кимё саноати бугунги кунда нафақат саноат тармоғи, балки мамлакат иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи стратегик кучлардан бирига айланмоқда. Унинг аҳамияти шундаки, кимё фани арзон ва оддий хомашёни юқори қийматли, экспортбоп маҳсулотга айлантириш орқали иқтисодиётга янги нафас бахш этади.

Энг аввало, кимё саноати иқтисодий мустақилликни мустаҳкамлайди. Агар кимёгар олимлар маҳаллий шароитга мос катализатор, реагент ёки дори воситаларини яратса, илгари чет давлатлардан миллионлаб долларга импорт қилинган маҳсулотлар эндиликда мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилади. Бу эса валюта чиқимини камайтиради, ички бозор барқарорлигини таъминлайди ва миллий иқтисодиётнинг ташқи омилларга қарамлигини пасайтиради.

Кимё саноати аҳоли саломатлигига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Янги дори воситалари ва тиббий материалларнинг яратилиши нафақат даволаш самарадорлигини оширади, балки тиббий харажатларни камайтиради. Энг муҳими, бундай маҳсулотлар мамлакат учун янги экспорт йўналишини очиб, фармацевтика соҳасини юқори даромадли тармоққа айлантиради.

Бироқ кимё саноатининг энг катта иқтисодий қудрати - хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали қўшилган қиймат яратиш имкониятидир. Масалан, метан оддий ёқилғи сифатида ишлатилса, у фақат энергия манбаи бўлиб қолади. Лекин уни кимёвий қайта ишлаш орқали этилен, полиэтилен ва турли тайёр маҳсулотларга айлантириш мумкин. Натижада дастлабки хомашёнинг қиймати 10–20 баробаргача ошади.

Рақамлар бу ҳақиқатни янада яққол тасдиқлайди. Масалан, 1000 метр3 метаннинг бозор нархи ўртача 150-200 доллар бўлса, ундан олинган полиэтилен маҳсулотлари 2000–3500 долларгача баҳоланади. Яъни, хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган ҳар бир босқич янги қиймат яратади.

Худди шу ҳолатни бошқа ресурслар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бир тонна хом пахтанинг нархи 1500–1800 доллар атрофида бўлса, ундан тайёрланган кийим-кечакнинг умумий қиймати 15-25 минг долларгача етади. Шунингдек, бир баррел хом нефть 70-85 доллар турса, уни чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот қиймати 3000-8000 долларгача ошиши мумкин.

Бу мисоллар оддий бир ҳақиқатни кўрсатади: хомашёни сотиш тез, аммо кам даромадли йўл. Уни қайта ишлаш эса кўпроқ меҳнат, илм-фан ва инвестиция талаб қилади, бироқ мамлакатга бир неча баробар кўп даромад келтиради.

Шу маънода кимё саноати нафақат қўшилган қиймат яратади, балки ялпи ички маҳсулот ўсишига, бюджет тушумлари ортишига, янги иш ўринлари яратилишига ва солиқ базаси кенгайишига хизмат қилади. Минерал ўғитлар, полимерлар ва бошқа тайёр маҳсулотларнинг мамлакат ичида ишлаб чиқарилиши импортни қисқартиради, валюта тежайди ва экспорт салоҳиятини кучайтиради.

Энг муҳими, кимё саноати мамлакат табиий бойликларини хом ҳолда эмас, балки юқори қийматли тайёр маҳсулот сифатида жаҳон бозорига чиқариш имконини беради. Бу эса миллий иқтисодиётни барқарор ва рақобатбардош қилишнинг энг муҳим омилларидан биридир.

- Бугунги кунда кимёгар олимлар олдида турган энг долзарб илмий муаммолар нималардан иборат?

- Бугунги кунда кимёгар олимлар олдида турган вазифалар ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва масъулиятлидир. Чунки замонавий дунё инсониятдан табиатни асраш, янги энергия манбаларини топиш ва инсон саломатлигини ҳимоя қилишга хизмат қиладиган инновацион ечимларни талаб қилмоқда.

Энг аввало, олимлар табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни чуқур қайта ишлаб, импорт ўрнини босадиган, экспортбоп маҳсулотлар яратиш устида ишламоқда. Масалан, табиатда тез парчаланадиган биопластик ишлаб чиқиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бирига айланган. Чунки бу орқали атроф-муҳитни пластик чиқиндилардан ҳимоя қилиш мумкин.

Шунингдек, ичимлик сувини арзон ва самарали усулларда тозалаш, қуёш батареялари самарадорлигини ошириш, арзон ва хавфсиз аккумуляторлар яратиш ҳам муҳим йўналишлардан ҳисобланади. Айниқса, электр автомобиллари учун узоқ хизмат қиладиган янги авлод батареяларини ишлаб чиқиш бугунги илм-фан олдида турган устувор вазифалардан биридир.

Тиббий кимё соҳасида ҳам катта изланишлар олиб борилмоқда. Олимлар саратон, вирусли касалликлар ва антибиотикларга чидамли бактерияларга қарши самарали янги дори воситаларини яратиш устида ишламоқда. Бу эса миллионлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради.

Бундан ташқари, озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини таъминлаш, камёб ресурсларга қарамликни камайтириш, янги материаллар ва нанотехнологияларни яратиш ҳам замонавий кимёнинг асосий вазифаларидан бирига айланди.

Қисқача айтганда, бугун кимё фани лаборатория деворлари билан чекланиб қолган фан эмас. У инсоният дуч келаётган глобал муаммоларга ечим топаётган, табиатни асрашга, энергияни тежашга ва инсон саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилаётган стратегик илмга айланмоқда. Келажак кимёси бу “яшил”, инновацион ва инсон манфаатига хизмат қиладиган кимёдир.

- Кимё фанининг келажагини қандай тасаввур қиласиз? Яқин йилларда бу соҳада қандай кашфиётлар ёки янгиликлар бўлиши мумкин?

- Кимё бу балки келажакни яратадиган буюк кучдир. Яқин йилларда бу фан инсоният ҳаётини янада қулай, хавфсиз ва экологик тоза қилишга хизмат қиладиган муҳим кашфиётлар билан бойиши кутилмоқда.

Энг аввало, экологик кимё жадал ривожланади. Чиқиндисиз ишлаб чиқариш, табиатда тез парчаланадиган биопластиклар ва ҳаводаги зарарли СО₂ газини фойдали маҳсулотга айлантириш технологиялари кенг қўлланилади. Бу эса атроф-муҳитни муҳофаза қилишда катта қадам бўлади.

Энергия соҳасида ҳам катта янгиликлар кутилмоқда. Водород ёнилғиси, хавфсиз ва узоқ хизмат қиладиган аккумуляторлар, қуёш энергиясини самарали сақлаш технологиялари пайдо бўлади. Бу орқали энергия тежамкор ва экологик тоза келажакка йўл очилади.

Кимё ва сунъий интеллект уйғунлиги эса илмий тадқиқотларни янги босқичга олиб чиқади. Янги моддалар аввал компьютерда моделлаштирилиб, кейин лабораторияда яратилади. Бу эса вақтни тежайди ва кашфиётларни тезлаштиради.

Тиббиёт соҳасида эса ҳар бир инсонга мос, шахсийлаштирилган дорилар яратиш имконияти кенгаяди. Шунингдек, ўз-ўзини тиклайдиган, енгил ва ўта мустаҳкам “ақлли” материаллар яратилиши ҳам кутилмоқда. Бу материаллар қурилиш, тиббиёт ва саноатда кенг қўлланилади.

Келажак кимёси нафақат илм, балки иқтисодиёт ривожининг ҳам муҳим омили бўлади. Табиий газ ва нефть каби хомашёни шунчаки сотиш ўрнига, улардан полимерлар, пластмасса, дорилар, ювиш воситалари ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор кучаяди. Бу эса импортни камайтиради, экспортни оширади ва мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлайди.

Қисқача айтганда, келажак кимёси бу экологик тоза, рақамли технологиялар билан уйғунлашган ва инсон манфаатига хизмат қиладиган фан. У нафақат янги моддалар, балки янги имкониятлар, янги саноат тармоқлари ва янги тараққиёт эшикларини очади.

 

Техника фанлари доктори, профессор

Нормурод Файзуллаев билан суҳбат