Мен 2023 йилда 70 ёшга тўлдим. Бу сана босиб ўтган умр йўлимга қайтадан назар ташлашга, янги орзулар, умидлар туғилишига асос бўлди.

Ўзбекистоннинг икки буюк шаҳри Самарқанд ва Бухорога зиёрат қилишни истадим. Бу бежиз эмас, албатта. Мен 30 йил давомида ватандан узоқда, Ватан соғинчи билан яшадим. Бу йиллар, энг аввало, менга ватанимни танитди, англатди. Мен қандай буюк ватаним борлигини мусофирчиликда тушуниб етдим, танидим.

Самарқанд сафарини ихтиёр этганимда Самарқанд давлат университетига Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжар ташрифи кутилаётган экан.

Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ташаббуси билан СамДУда Азиз Санжар номидаги илмий лаборатория ташкил этилган экан. Тўғрисини айтганда, бу хабар мени ҳайратга солди. Илм-фанга, олимга айниқса у тириклигида шунчалик ҳурмат, эҳтиром кўрсатилаётганидан фахрландим.

Мен иккита олим   бир вақтда Самарқандга борса бир-бирга халақит қилмасин деган андиша билан аввал Бухорога йўл олдим. Абу Али ибн Сино туғилган Афшона қишлоғини ўз кўзим билан кўрдим. Америкада сафарга тайёргарлик кўриш жараёнида Абу Али ибн Сино китобларини ўқиб чиқдим. Олимнинг буюклиги олдида бутун дунё бежизга таъзим қилмаган экан.

Бухородан кейин Самарқандга мўлжалланган сафарим бошланди. Самарқанд давлат университетида квант технологияларига бағишланган анжуман ўтказдик.

Рустам Холмуродов, Россия квант маркази директори Руслан Юнусов  бирга суҳбатлашдик. Ушбу мулоқот давомида Самарқандда Марказий Осиёда ягона бўлган Квант маркази яратиш ғояси туғилди.

2023 йил август ойида АҚШнинг Далласдаги Техас университети билан ҳамкорликда Самарқанд квант маркази ташкил этилди.

Марказнинг асосий мақсади квант технологиялари асосида юқори технологияли тижорат маҳсулотлари ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистон бренди номи остида изланишлар олиб боришдан иборат.

Самарқанд квант марказида олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишлари сифатида фотоника, квант оптикаси ва люминесценция соҳалари белгиланган.

Марказнинг асосий вазифаси  перовскит тузилишли ва гибрид перовскит материалларини лойиҳалаш, синтез қилиш ва турли органик ҳамда полимер модификациялар асосида яратишдан иборат. Шунингдек, ушбу материалларнинг электр, магнит ва оптик хусусиятларини ўрганиб, уларни амалий квант технологияларида қўллаш имкониятлари аниқланади.

1990 йилдан бошлаб дунё бўйлаб кезишни бошладим. Дастлаб Москвада, узоқ вақт давомида Япониянинг турли шаҳарлари Окадзаки, Осака, Токио, Киото, Италиянинг Болоньядаги нанотехнологиялар марказида, кейин яна кўплаб жойларда. Айни вақтда Америка ва Самарқандда.

2001 йилда Рей ва Нобель мукофоти лауреати Алан Мак Диармид билан биргаликда Далласда (Техас) Нанотехнология институтини яратдик.

Японияда ўта ўтказувчанликни, Италияда фуллеренларни, Америкада фотон кристалларни, кейин углерод нанонайчаларини ўрганишга тўғри келди. Умуман олганда, мен йўналишларни ўзгартирдим, янги материаллар яратдим, материалшунослик, муҳандислик билан шуғулландим. Энди квант фани пайдо бўлганида, Аллоҳнинг Ўзи мени Ватанимга қайтарди. Самарқанд орқали Ватаним мени қучоқ очиб қабул қилди. Дарбадар ўғилнинг қайтиши содир бўлди.

Самарқанд квант марказининг 7 та бўлимини ташкил этдик. Айни пайтда кучли экспериментал лабораториялар Самарқанд Квант марказида яратилган.  Бу ерда янги халқаро фотоника бўйича лаборатория ҳам ташкил этилмоқда.

Биз иқтидорли, ёш тадқиқотчиларимизни Америка, Германия ва бошқа мамлакатлардаги барча лабораторияларга юборишимиз керак. Айнан шу йўл билан биз олимлар учун Самарқанд Квант маркази эшикларини очамиз. Нобель мукофоти лауреатлари, энг юқори даражадаги олимлар келиб, маъруза ўқишади.

Мен шунингдек, Самарқанд давлат университетида назарий физика бўйича Нобель мукофоти лауреати, мусулмон Абдус Саламан халқаро маркази филиалини ташкил этишни орзу қиламан. Ўшанда у ерга Осиёнинг турли бурчакларидан тадқиқотчилар, магистрантлар ва ёш олимлар ёзги ва баҳорги мактабларда маърузалар тинглаш учун келади.

Чунки бизга кимёгар керак. Самарқандда Абдус Саламан марказининг филиали борлигини бутун дунё билиши керак. Бу орзу. Умид қиламанки, барчасига биргаликда эришамиз.

Биз дарҳол Корея билан ҳамкорликни бошладик. Бир нечта воркшоплар ўтказдик. Ўзбекистон физиклар кенгаши раиси, академик, фан арбоби Қодир Ғуломов кўмагида, ҳамда Корея физиклар жамияти президенти Суклин Хонг кўмагида Тошкент ва Самарқандда бир нечта анжуманлар бўлди.

“Учлик иттифоқи” дастурини тузаяпмиз. Дастур Ўзбекистон, Корея ва Америка ўртасида бўлади. Бу орқали тадқиқотчилар алмашинуви изчил йўлга қўйилади.

Ўтган йили мен бир нечта тадқиқотчиларни Измирдаги машҳур Туркия технология институтига олиб бордим. Бу Америкадаги Калтеч ёки Массачусетс технология институти билан бир хил даражада. У ерда тадқиқотчилар билан бирга бир ой давомида ишладик, квант нуқталарини синтез қилдик. Кейин биз туркиялик Сердар Хожа билан ҳам алоқа ўрнатдик.

Бугунги илм-фан тараққиётини Германиясиз  тасаввур қилиб бўлмайди. Ральф Хегер Дрезденлик профессор Тошкентда, Паркентда қуёш печида ишлаган. Ҳозир Самарқанд университетида дарс беради ва Самарқанд квант маркази таркибига киради. У дунёда ягона бўлган қуёш симуляцияси станциясини йиғади, унда биз 3000 даража ҳароратда дунёда ҳали мавжуд бўлмаган янги материалларни синтез қиламиз.

Қуёш лабораториясининг Самарқанд бўлимида карбон, графен ва графайн материаллари синтезланади.

Доимий илмий ҳамкоримиз Россия билан катта режаларимиз бор. Россия квант маркази 9 нафар стажёримизни қабул қилди. Самарқанддан яна 7-8 нафар физик фотоника соҳасида экспериментал фан билан шуғулланади.

Электроника дунёни эгаллаб олди. Бизнинг барча компьютерларимиз электроника, микрочиплар асосидаги қурилмалар ҳисобланади.

Кейинги босқичда фотоника лабораториясини ташкил қиламиз, у ерга бутун дунёдан мутахассисларни таклиф қиламиз.

Бу бизнинг истиқболдаги режаларимиздир.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида муҳандислик таълимига бағишланган катта йиғилиш ўтказишидан олдин Рустам Холмуродов билан бирга Самарқанд вилояти ҳокими ҳузурида бўлдим. Учрашув давомида квант марказимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб бердим. Хусусан, квант материаллари квант нуқталари ва нанонуқталар фақат келажакнинг назарий компьютерлари учун эмас, балки аниқ муҳандислик қурилмаларида амалда қўлланиши кераклигини таъкидладим.

Бу ғояни тушунтириш учун Самарқанддаги “Samglass” заводини мисол келтирдим. У ерда бинолар учун ойна ишлаб чиқарилади ва икки ойна орасига қўшимча қатлам жойлаштирилган триплекс шишалар тайёрланади. Биз айнан шу технологияни янги босқичга олиб чиқишни таклиф қилдик.

Квант марказимиз олимлари аллақачон перовскит квант материаллари асосида квант нуқталарини яратишга эришди. Энди шу материаллардан фойдаланиб, энергия ишлаб чиқарувчи триплекс ойна тайёрлашни режалаштирмоқдамиз. Бундай ойна келажакда қуёш батареяси вазифасини бажаради.

Ишлаш тамойили қуйидагича: қуёш нури дераза орқали хонага киради, нурнинг тахминан 70 фоизи ичкарига ўтади. Дераза бироз қоронғилаштирилган бўлиб, хонада салқин ва қулай муҳит сақланади. Қолган 30 фоиз энергия, айниқса инсон саломатлиги учун зарарли ултрабинафша нурлар, квант материаллари томонидан ютилади. Натижада экситон квант ўтишлари юз беради ва энергия люминесценция жараёни орқали қайта нурланади. Бу нур хонага эмас, балки шиша четлари бўйлаб тарқалади. Шу чет қисмларга жойлаштирилган ихчам, юқори самарали қуёш батареялари ушбу энергияни электр токига айлантиради.

Бундай батареялар қиммат бўлиши мумкин, аммо улар жуда кичик тахминан бир сантиметр кенгликда бўлади. Шунинг учун катта майдон талаб қилинмайди. Энг муҳими, электр энергияси ишлаб чиқариш учун томлар ёки кенг ер майдонлар керак бўлмайди оддий биноларнинг деразалари ўзи энергия манбаига айланади.

Бу технологиялар устида биз АҚШда ҳам ишлаганмиз ва келгусида америкалик ҳамкорлар билан биргаликда лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқдамиз. Бу ташаббус мамлакатимизда илғор муҳандислик ечимларини жорий этиш бўйича қўйилаётган вазифаларга ҳамоҳангдир.

Ўзбекистонга айнан шундай инновацион технологиялар зарур. Бугун дунёда кўплаб илғор ечимлар мавжуд, аммо биз улар ҳақида ҳар доим ҳам етарлича хабардор эмасмиз. Шунинг учун олимларимиз ва физикларимиз нафақат фундаментал тадқиқотлар билан, балки квант технологияларини кундалик ҳаётда қўллаш, жамиятимиз учун муҳим масалаларни ҳал этадиган амалий қурилмалар яратиш ҳақида ҳам ўйлашлари лозим.

Бизга тоза сув, энергия ва озиқ-овқат хавфсизлиги жуда муҳим. Энергияни газ ва нефт ёқиш орқали эмас, балки янги, экологик манбалардан олиш вақти келди. Шу мақсадда “ақлли” иссиқхоналар лойиҳасини ҳам таклиф қилдик.

Бу иссиқхоналар махсус полимер плёнка билан қопланади. Унинг таркибига квант нанонуқталари қўшилади. Мазкур плёнка қуёш нурининг спектрини ўсимликлар учун энг фойдали шаклга келтиради. Натижада кўчатлар тезроқ ўсади, яхши гуллайди ва ҳосилдорлик ошади. Энг муҳими, иссиқхонани иситиш учун газ ёқишга эҳтиёж қолмайди.

Бу энергия тежалишига, экологик зарар камайишига ва аҳоли учун иқтисодий енгиллик яратилишига хизмат қилади. Чунки барча ҳам қиммат энергия ресурслари учун катта маблағ тўлай олмайди. Янги квант муҳандислик технологиялари ушбу муаммоларга замонавий ва самарали ечим бўлиши кутилмоқда.

Учрашув давомида ҳоким ушбу ғояларни диққат билан тинглаб, лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Биз янги технологиялар орқали энергия, қишлоқ хўжалиги ва экологик барқарорлик масалаларини ҳал қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.

Кўпчилик: “Қачон ўзбек квант компьютери яратилади?” деган саволни беради. Биз бу масалага реал ёндашамиз. Ўзбекистонда квант компьютери ишлаб чиқариш режамиз йўқ. Сабаби, квант компьютери жуда мураккаб ва ниҳоятда қиммат технология бўлиб, уни яратиш учун юзлаб миллион доллар сармоя талаб этилади. Бундай лойиҳаларни ҳозирча дунёнинг саноқли давлатларигина амалга оширмоқда.

Бироқ, бу биз квант технологиялари соҳасида ортда қоламиз, дегани эмас. Аксинча, биз бошқалардан ҳам муҳимроқ йўналишга квант алгоритмлари яратишга эътибор қаратмоқдамиз. Чунки квант компьютерини яратиш мумкин, аммо уни самарали ишлатадиган алгоритмларсиз у тўлиқ қийматга эга бўлмайди.

Бу борада биз буюк аждодимиз Муҳаммад ал-Хоразмий меросидан илҳом оламиз. У киши алгоритм тушунчасини яратган пайтда дунёда компьютер умуман мавжуд эмас эди. Аммо айнан алгоритм ғояси кейинчалик замонавий ҳисоблаш техникасининг асосига айланди.

Бугун Ўзбекистонда Тошкент ва Самарқанд илмий мактабларига мансуб кучли математиклар жамоаси шаклланган. Улар аллақачон ўзбек квант алгоритмларини яратиш устида иш бошлаган. Квант алгоритми бу янги авлод квант компьютерлари учун мўлжалланган дастур бўлиб, у шундай муаммоларни еча оладики, оддий суперкомпьютерлар бундай ҳисоб-китобларни бажариш учун юзлаб йил вақт сарфлайди.

Биз айнан шундай мураккаб илмий масалаларни қўйиш ва уларнинг алгоритмик ечимларини ишлаб чиқишни мақсад қилганмиз. Квант компьютерларидан фойдаланиш масаласида халқаро ҳамкорликка таянамиз. Россиялик ва хитойлик ҳамкорларимиз бизга ҳисоблаш ресурсларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этадилар, биз ўз навбатида квант алгоритмлари соҳасидаги илмий ишланмаларимизни улар билан баҳам кўрамиз.

Ўзбекистон квант технологиялари ривожида ўз йўлини, изламоқда танламоқда. Мақсадимиз қиммат қурилмаларни яратиш эмас, балки уларни ақл-заковатини белгилайдиган илмий ечимлар ишлаб чиқишдир.

Мен ва физик ҳамкасбларимнинг асосий вазифаси квант компьютерининг энг муҳим таркибий қисми квант кюбитларни яратишдир. Келажакда бошқа илмий марказларда қуриладиган квант компьютерлари учун асос бўладиган “ғиштчалар”ни тайёрлаймиз. Ана шу фундаментал элементлар ўзбек квант кюбитлари бўлади.

Мирзо Улуғбекнинг машҳур “Зижи Жадиди Кўрагоний” асари номидан келиб чиқиб, яратиладиган миллий квант ишланмамизни “Кюбит Кўрагоний” деб аташ ғоясини илгари сурмоқдамиз.

Машҳур физик Пётр Капица ҳақиқий олим айни пайтда муҳандис ҳам бўлиши кераклигини таъкидлаган ва бу ғояни амалда рўёбга чиқариб, Москва физика-техника институтига асос солган эди.

Бугун мен ҳам Самарқанддаги муҳандислик-физикаси институти таркибида фаолият юритар эканман, айнан шу тамойилга амал қилиш яъни фундаментал илмни амалий муҳандислик билан уйғунлаштиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганман.

2023 йилда менга Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвонини берди. Бу мукофот менга жуда кўп ҳақиқатларни англатди. Мен аввало, Ватаним учун керак эканман. Гарчи ундан узоқда яшаган бўлсам ҳам, Ватаним мени унутмади. Нафақат унутмади, балки  улуғлади. Мени топди. Қайтадан кашф этди. Юрагимдаги соғинч чўғини оловга айлантирди. Буни Янги Ўзбекистон Меъмори Президент Шавкат Мирзиёев амалга оширди.

Мен четга чиқиб кетган инсонни қутлаган юртимдан, Юртбошидан қарздорман. Аллоҳдан сўрайман менга яна ҳеч бўлмаганда 30 йил умр берсин. Билимимни халқим бахти саодати, юксалиши йўлида сарфлайман. Аллоҳ мени Мирзо Улуғбек асос солган Самарқанд давлат университетига  бежиз олиб келмади. Самарқандда туғилиш бахт. Самарқандда яшаш бахт, Самарқанд заминида мангу қўним топиш  шараф.

 

Анвар ЗОҲИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби.

Самарқанд давлат университети Фахрий профессори.