Хотира

    Шундай инсонлар борки, улар билан мулоқот қилиш кишига алоҳида қувонч бахш этади, қалблари бой, кўзларидан доим яхшилик нури ёғилиб туради.

    Самарқанд давлат университети рус филологияси кафедраси доценти Ҳикмат Абдуллаев ана шундай инсонлардан эди. Олим ўз умрини илмга, ёшлар тарбиясига бағишлади.

    Ҳикмат Абдуллаев Самарқанд давлат университети талабалалигидан то кафедра мудирлигигача бўлган босқичларни бирма-бир босиб ўтган.

    Олим ушбу давр мобайнида ўзининг очиқкўнгиллилиги, самимийлиги туфайли жуда кўплаб дўстлар орттиради, шогирдлар етиштиради.

    Ҳикмат Абдуллаев 1987 йилда атоқли рус тилшуноси, филология фанлари доктори, Москва  давлат педагогика институти профессори В.В.Бабайцева илмий раҳбарлигида “Валентные свойства о глагольных существительных современного русского языка” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилади.

    Рус тилининг ҳақиқий жонкуяри сифатида у мамлакатимизда рус тили тараққиётига муносиб ҳисса қўшди, ҳар қандай  рус тили ихлосмандларига, рус тилини ўрганмоқчи бўлган ҳар бир инсонга ўз қалби очиб, сидқидилдан ўргатди.

    Олим рус тили муаммолари бўйича ёзган 200 дан ортиқ илмий мақолалари халқаро ва республикамизнинг нуфузли нашрларида чоп этилиб, жамоатчиликнинг эътибор марказида бўлиб келган. Ҳозир ҳам Ҳикмат Абдуллаевнинг илгари сурган фикрлар юзасидан илмий жамоатчилик орасида турли давра суҳбатлари ва илмий мунозаралар ташкил этилади.

    2022 йил 1 январь, ўз таваллудига 4 кун қолганда, 73 ёшида, ажойиб инсон, моҳир нотиқ, ўқитувчи, ғамхўр ота – Ҳикмат Абдуллаев бу ёруғ дунёни тарк этди.

    Ҳикмат Абдуллаев ниҳоятда зукко, ҳар қандай вазиятни ижобий ҳал қила оладиган қобилиятга эга бўлган инсон эди. Бугун устознинг йўлини фарзандлари давом эттиряпти. Уларнинг барчаси турли давлат ташкилотларида халқимизга хизмат қилмоқда. Биз у кишининг тимсолини, очиқкўнгиллилигини, ажойиб фазилатларини фарзандлари тимсолида кўрамиз.

    Самарқанд давлат университети рус филологияси кафедрасининг ҳақиқий жонкуяр ўқитувчиси, филология фанлари номзоди, доцент Ҳикмат Абдуллаевнинг хотираси у кишининг фарзандлари, яқинлари, шогирдларининг қалбида ҳамиша барҳаёт бўлиб қолади.

 

Азамат Пардаев,

Самарқанд давлат университети

филология факультети декани, профессор.

Раъно Абдуллаева,

СамДУ рус филологияси кафедраси ўқитувчиси.