УНИВЕРСИТЕТГА ГРЕЦИЯ ЭЛЧИСИ ТАШРИФ БУЮРДИ...
Греция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси П. Севелеки Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов қабул қилди.
Учрашув аввалида П. Севелеки ва делегация аъзолари университетнинг илмий салоҳияти, инфратузилмаси ва халқаро алоқаларни ривожлантириш имкониятлари билан танишдилар.
Мулоқот давомида Биокимё институтининг илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, замонавий илмий ёндашув ва технологияларни таълим жараёнига татбиқ этиш, илмий ишланмаларни амалиёт билан боғлаш, ёш олимлар ва иқтидорли талабаларни илмий фаолиятга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Греция элчиси П. Севелеки университет профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талабалари ҳамда тадқиқотчилари билан учрашди. Учрашувда Греция ва Ўзбекистон университетлари ўртасидаги академик ҳамкорликни ривожлантириш, эллинизм даври тарихи ва археологияси, замонавий археологик тадқиқотлар, олимлар ва тадқиқотчилар ўртасида тажриба ва билим алмашиш, қўшма илмий тадбирлар, маърузалар ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини ташкил этиш имкониятлари, шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг академик алмашинувини йўлга қўйиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.




