Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон География жамияти, Россия географ-ўлкашунослар жамияти (АРГО), Қирғизистоннинг Ўш давлат университети билан ҳамкорликда “Марказий Осиё ва қўшни минтақалардаги трансчегаравий ҳудудлар: ҳамкорлик имкониятлари ва муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Конференцияда 80 дан ортиқ олим 100 дан зиёд тезис ва мақолалари билан қатнашди.

    Анжуманни Самарқанд давлат университети ўқув ишлари бўйича проректори Аҳмаджон Солиев кириш сўз билан очиб, конференциянинг ишига омад тилади.

    Мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси ҳамда қўшни Марказий Осиё давлатлари ва бошқа хорижий мамлакатларда олиб борилаётган трансчегаравий ҳудудларнинг барқарор ривожланишига бағишланган географик тадқиқот тажрибалари, долзарб муаммолари ва истиқболли йўналишларини муҳокама қилишни ўз олдига мақсад қилиб олган. Шунингдек, географик тадқиқотлар борасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, иқтидорли ёш олимларни ўзаро алмашинув доирасида истиқболли йўналишларга жалб қилиш, шу билан биргаликда трансчегаравий экологик муаммоларга халқаро миқёсда ечим топиш масалалари муҳокама этилиши кўзда тутилган.

    Маълумот учун, ушбу конференцияда 10 га яқин хорижий давлатлар: Россия, Хитой, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Белоруссия, Украина, Молдавадан 30 профессор-ўқитувчи ўз маърузалари билан иштирок этди.

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.