ИЛМГА ЧЕГАРА ЙЎҚ
Бухоронинг содда ва матонатли Қоракўл тупроғида ундирган илм ниҳолини Самарқанд давлат университетидек улуғвор маърифат масканида давом эттираётган инсон — СамДУ полимерлар кимёси ва кимёвий технология кафедраси мудири, профессор Нормурод Файзуллаев билан сокин изланишлар, устозлик бахти ва олимнинг инсоний масъулияти ҳақида қалб суҳбати.
— Домла, Бухоронинг чекка бир гўшасида улғайиб, камол топиб, эндиликда Шарқнинг ҳақиқий илмий тамаддун бешиги, асрий маърифат маскани бўлмиш Самарқанд давлат университетида йирик илмий мактабга — полимерлар кимёси ва кимёвий технология кафедрасига раҳбарлик қиляпсиз. Эришилган марралар юксаклигидан туриб ўтган йиллар, ўтган умр довонлари хусусида нима дея оласиз?
— Инсон улғайган замин, муҳит хусусияти унинг феъл-атворига, алалоқибат, тақдирига таъсир қилади. Қоракўлнинг ёзи иссиқ, қиши қаттиқ, тупроғи шўрхоқ бўлса-да, одамлари жуда матонатли ва меҳнаткаш. У ерда мен сувсизлик ва қийин шароитда ҳам илдизини ерга чуқур отиб, ҳаёт учун курашадиган ўсимликларни кўриб улғайдим. Илм ҳам худди шундай — у машаққат ва сабрнинг қаттиқ қатламларини тинимсиз меҳнат билан ёриб чиқувчи сокин кучдир.
Самарқанд мен учун шунчаки харитадаги тарихий шаҳар эмас. Бу замин асрлар давомида башарият тафаккурини олдинга ҳаракатлантирган, маърифат оловини ёққан муқаддас тупроқдир. Мирзо Улуғбек академиясида пойдевори қўйилган ўша буюк илмий анъаналарнинг совумас учқунлари бугун бизнинг замонавий лабораторияларимизда янгича шаклда яшашда давом этмоқда. Самарқанд давлат университетида мана шу ворисийлик занжирининг кичик бир ҳалқаси бўлиш, ёш тадқиқотчиларнинг кўзидаги илмга бўлган ташналикни кўриш мен учун ҳам катта шараф, ҳам елкамдаги оғир ва муқаддас масъулиятдир.
— Яқинда Сиз дунё кимёгарлари орасида катта нуфузга эга бўлган, Scopus тизимининг энг юқори Q1 тоифасига мансуб «Chemical Methodologies» халқаро журналининг таҳрир ҳайъати аъзолигига қабул қилиндингиз. Шунингдек, Стэнфорд университети томонидан эълон қилинган дунёнинг энг яхши 2% олимлари («World's Top 2% Scientists») рўйхатидан жой олдингиз. Олимлик мақомининг бундай юксак эътирофлари, аслида, қандай заҳматлар меваси?
— Илм-фан — бу жуда чексиз ва машаққатли йўл. Бу йўлда босиб ўтилган ҳар бир қадам, эришилган ҳар бир кичик натижа, аслида, биргина инсоннинг меҳнати маҳсули эмас. Илмда якка тартибдаги муваффақият бўлмайди. Бугун ҳаётимизда акс-садо бераётган ютуқлар ортида мени тарбиялаган, қўлимга илк бор қалам тутқазган улуғ устозларимнинг сокин ўгитлари, лабораторияда тунларни кунларга улаб, янги кимёвий жараёнлар устида бирга изланаётган фидойи ҳамкасбларимнинг пешона тери ва, албатта, барчамизга илм бешиги бўлган Самарқанд давлат университетининг бағрикенг илмий муҳити ётибди.
Шу боис, бу натижалар менинг шахсий зафарим эмас. Бу — Самарқанд кимё мактабининг, Самарқанд давлат университети илмий салоҳиятининг жаҳон майдонидаги ўзига хос эътирофидир. Буни мақтаниш учун тилга олаётганим йўқ, асло... Мен фақат бир нарсани — бугун бизнинг содда хоналарда олиб бораётган камтарона изланишларимиз халқаро мезонларга мос кела бошлаганини, дунё бизни эшитаётганини кўрсатиш учунгина айтяпман. Бу ютуқлар бизни фақатгина янада камтар бўлишга ва янада кўпроқ меҳнат қилишга ундайди, холос.
— Самарқанд давлат университети бугун нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда Шарқ Ренессансининг илмий маёғи ва муҳташам илм салтанати сифатида эътироф этилади. Сиз ва жамоангизнинг мана шундай халқаро ютуқлари ушбу улуғвор масканнинг жаҳон миқёсидаги нуфузини юксалтиришда қандай аҳамият касб этади?
— Самарқанд давлат университети шунчаки бир таълим муассасаси эмас, бу асрий анъаналар ва замонавий инновациялар ўзаро сингишиб кетган муҳташам тизимдир. Ушбу халқаро ютуқларнинг асл аҳамияти шундаки, улар бугунги кунда Самарқанд давлат университетининг жаҳон миқёсидаги олий нуфузини, хусусан, QS ва Times Higher Education каби нуфузли халқаро рейтинглардаги мавқеини тубдан юксалтиришда энг муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Кафедрамизда олиб борилаётган ҳар бир тадқиқот, хорижий нашрларда чоп этилган ҳар бир китоб ва илмий мақола университетимизнинг дунёдаги энг кучли олий таълим муассасалари қаторидан мустаҳкам ва муносиб ўрин эгаллашини таъминлашга қўшилган амалий ҳиссамиздир.
— Бугун мамлакатимизда олимларнинг ижтимоий мақомини юксалтириш, уларга эркин илмий муҳит яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Юртимизда янги Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган бир пайтда бу эътибор сизга қандай куч бахш этмоқда?
— Юртимиз олимларининг жаҳон саҳнида бундай юксак марраларни забт этиши ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Буларнинг замирида охирги йилларда илм-фан соҳасига, олимларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик ётибди. Илм аҳлига кенг имкониятлар эшиги очиб берилгани, давлатимиз раҳбари томонидан олим мақомининг бу қадар юксалтирилгани қалбимизда Ватанга бўлган садоқат ҳамда масъулият ҳиссини янада мустаҳкамлайди. Бизга билдирилган ушбу юксак ишонч кундалик изланишларимиз учун энг қудратли маънавий кучга айланди.
— Олим сифатида сизни кўп ўйлантирадиган энг муҳим асосий масала нима? Илмий янгиликлар назария текислигида қолиб кетмаслиги учун нима қилиш керак?
— Ҳақиқатан, бу масала олимларни доимо ташвишга солади. Илмий ишлар фақат қоғозларда, халқаро журналлар саҳифаларида ёки рейтинг кўрсаткичларидагина қолса, ундан не наф? Илм фақатгина қоғозда яшаса, у жонсиздир. Кимё ҳаёт ва иқтисодиёт мавжудлигининг ўзига хос шаклидир. Демак, лабораторияларда туғилган ҳар бир янги полимер формула, ҳар бир технологик ишланма юртимиз иқтисодиётига, саноатига, халқимиз фаровонлиги ва давлатимиз равнақи учун хизмат қилувчи жонли кучга айланиши шарт. Бизнинг илмдан асл муддаомиз ҳам, давлатимиз раҳбарининг талаби ҳам, халқимиз олдидаги масъулиятимиз ҳам мана шундадир.
— Бугун ҳамкасбларингиз ва шогирдларингиз олиб бораётган илмий тадқиқотлар кўлами, йўналиши ва аҳамияти хусусида қандай фикрдасиз?
— Илм ва тафаккур — узлуксиз ва кенг кўламли жараён. Бугун ёш тадқиқотчиларимиз, шогирдларимиз жаҳон андозалари даражасидаги илмий мезонларни бевосита ўрганмоқдалар. Дунё тан олган нуфузли базаларга кириш, хорижда, хусусан, Россия ва Қозоғистонда илмий китобларни чоп этиш улар учун эришиб бўлмас армон эмас, балки одатий иш режасига айланди. Уларнинг қалбида Ўзбекистонда туриб ҳам дунё илм-фани чўққиларини забт этиш ва Ватанга садоқат билан хизмат қилиш мумкинлигига бўлган ишончни кўриш мен учун устоз сифатида энг олий бахт ва ҳаётимнинг энг ширин мевасидир.
Мен бир оддий ҳақиқатга сўзсиз ишонаман: илмнинг ватани, чегараси йўқдир, лекин олимнинг албатта муқаддас Ватани бор.
— Сизга бу машаққатли ва шарафли йўлда ҳамиша камарбаста бўлиб келаётган инсонларга айтар сўзингиз...
— Бизнинг эркин илмий изланишлар олиб боришимиз, жаҳон билан интеграциялашувимиз ва СамДУ нуфузини глобал рейтингларда кўтариш йўлида доимо заҳмат чекаётган раҳбарларимиздан миннатдорман. Уларнинг юксак эътибори, тадқиқотлар йўналишини тўғри белгилаганлиги бизга янги илмий марраларни забт этишда улкан куч ва қанот бахш этмоқда. Шу ўринда олимларнинг, илм кишиларининг заҳматли меҳнатини доимо тўғри тушунган, қўллаб-қувватлаган оилаларининг маънавий мададини ҳам таъкидлаш керак, албатта.
Билдирилган юксак ишончни оқлаш, Президентимиз бошлаб берган буюк ислоҳотларнинг илмий пойдеворини мустаҳкамлаш ва жонажон халқимизга оз бўлса-да реал фойда келтириш мен учун ҳаётнинг энг олий мазмунидир. Зеро, бизнинг изланишларимиз қоғоздаги формулалардангина иборат эмас. Уларнинг замирида давлатимиз равнақи ва муқаддас Ватанимиз байроғини жаҳон илм-фани чўққиларида мағрур ҳилпиратишдек эзгу ва улуғвор бурч ҳамда мақсад мужассамдир.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати

