Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси ташаббуси билан Самарқанд давлат университети ва Италиянинг Флоренция университети профессорлари ўртасида узумчилик йўналишида ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш бўйича Зоом платформаси орқали мулоқот ташкил этилди.

    Унда СамДУ халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Мухтор Носиров, Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори, доцент Тошпўлат Ражабов, Флоренция университети профессорлари Жованни Маттии ва Паола Домицио ҳамда Ўзбекистоннинг Италиядаги фахрий консули Леонардо Комуччи иштирок этди.

    Мулоқотда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасида турли жабҳаларда ўзаро алоқалар тобора ривожланиб бораётгани, жумладан, таълим соҳасидаги ҳамкорликка ҳам  қизиқишнинг ортиб бораётгани қайд этилди.

    Шунингдек, икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий ва амалий ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжуд эканлиги таъкидлангани баробарида Ўзбекистонда узумчилик ва виночиликнинг тарихий анъаналари, бу соҳада сўнгги йиллар давомида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, яқин ва ўрта истиқболдаги вазифалар тўғрисида батафсил фикр юритилди.

    Бугунги кунда мамлакатда кадрлар тайёрлаш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, ўзаро ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бориш, узумнинг маҳаллий навларини яхшилаш, вино ишлаб чиқаришнинг илғор тажрибаларини ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

    Бу борада Самарқанд давлат университетининг тажрибаси ва амалга оширилаётган дастурлар тўғрисида тақдимот ўтказилди. Узумчилик ва энология соҳасида кадрлар тайёрлашда СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти муҳим ўрин тутиши билдирилди.

    Флоренция университети қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат факультети профессори Жованни Маттии мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларга жиддий қизиқиш билдириб, Самарқанд давлат университети билан узумчилик соҳасида амалий ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.

    Томонлар университетлар ўртасида талаба ва профессор- ўқитувчилар алмашиш, илмий ишларда ҳамкорлик қилиш ва ўзаро илмий сафарларни ташкил этишга келишди.

    Маълумот учун: Флоренция университети 1321 йилда ташкил топган бўлиб, бугунги кунда 60 мингдан зиёд талаба 130 йўналиш бўйича таҳсил олмоқда. Университетнинг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат факультети Италияда узумчилик ва виночилик йўналиши бўйича етук кадрлар тайёрлайди.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.