Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига янги ўқув йилида грант асосида талабаликка тавсия этилган ёшларнинг ота-оналарига Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродовнинг Ташаккурномаларини топшириш давом этмоқда.

    Мактаб, маҳалла ва оила. Ушбу уч муқаддас даргоҳ бугун ёшларимизнинг таълим ва тарбия маскани ҳисобланади. Донишмандларимиз айтганидек, ёшликда олинган билим, тошга чизилган нақшга ўхшайди. Бугун фарзандларини илмга йўналтириб, уларга таълим-тарбия бераётган ота-оналар ҳам  илм-фан  ҳомийларидир.

    Самарқанд давлат университетида бошланган ушбу лойиҳада ҳам ёшларни илм олишга ундаш, ота-оналар ўртасида фарзандини ўқитишни тарғибот қилиш, айнан шундай зиёли оилаларни маҳаллага ўрнак сифатида кўрсатиш ва шу орқали илм-маърифатни оммалаштириш мақсад қилиб олинган.

    СамДУ инсон ресурсларини бошқариш факультетига грант асосида қабул қилинган оқдарёлик Давлатбек Асатов тумандаги 28 мактабда таҳсил олган. Ота-онасининг фарзандларини ўқитиб, илмли қилишга бўлган иштиёқи ва ўз қизиқишлари билан Давлатбек банк иши ва аудити йўналишига давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилди.

    Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродовнинг ташаббуси билан фарзандини илмли қилиб, яхши тарбия билан вояга етказган Давлатбекнинг ота-онаси Актам Жўраев ва Малика Жўраевалар Ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Маҳалла аҳлига ўрнак олса арзийдиган оила сифатида кўрсатилиб, фарзандларини илмга йўналтирганлари учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.

    - Фарзандларимиз ўқиб, давлатимизга хизмат қиладиган инсон бўлишини ният қилганмиз, - дейди Давлатбекнинг онаси Малика Жўраева. – Ҳар бир ота-она учун фарзандининг кичкина ютуғи ҳам катта хурсандчилик бағишлайди. Ўғлимга ҳозирдан шундай эътибор билан қараётган университет раҳбариятига раҳмат. Илоҳим жамиятимизда зиёли ёшлар, илм-фанни қўллаб-қувватлайдиган мана шундай инсонлар кўпайсин.

Отабек Саъдуллаев

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.