Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети бугунги кунда дунёнинг 190 дан ортиқ университетлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, университет Озарбайжоннинг Баку давлат университети билан илмий-амалий алоқаларни йўлга қўйган.

    2017 йилда СамДУ да Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси қошидаги Ҳайдар Алиев номидаги маданият марказининг бевосита ёрдами билан Озарбайжон миллий маданият маркази ташкил қилинган. Марказдаги китоблар, мусиқа асбоблари Ҳайдар Алиев номидаги маданият маркази томонидан тақдим этилган. Марказ бугунги кунда талабаларга икки халқ ўртасидаги қардошлик алоқалари, Озарбайжонда таълим олиш имкониятлари ҳақида маълумот бериб келмоқда

    - Ўзбекистон ва Озарбайжон мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг абадий давом этишига тилакдошман, - дейди Озарбайжон миллий маданият маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари, Самарқанд давлат университети ўқитувчиси Одилбек Мирзаев. – Икки мамлакат раҳбарларининг халқларимиз ўртасидаги алоқаларни янада яқинлаштириш йўлида олиб бораётган ишлари таҳсинга сазовор. Кеча бўлиб ўтган Ҳайдар Алиев номидаги янгиланган кўча ва унинг ёдгорлиги очилиш маросимида мен ҳам иштирок этдим. Урф-одатлари, маданияти ва тили бир-бирига жуда яқин бўлган икки халқ вакиллари бир жойга жамланди. Халқларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш мақсадида олиб борилаётган амалий ишлар таъкидланди. Ҳайдар Алиевнинг Озарбайжонни юксалтириш йўлидаги хизматлари эътироф этилди. Тадбир жуда ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.

    Университетимизда ҳам икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида турли бадиий кечалар, давра суҳбатлари ва тадбирлар ташкил этилади. Хусусан, яқинда ўтказилган Низомий Ганжавий таваллудининг 880 йиллиги бунинг ёрқин исботи, десак муболаға бўлмайди.

Отабек Саъдуллаев,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.