Самарқанд давлат университети биология факультети магистри Бахтинисо Дониёрова “Олачипор карракнинг баъзи биологик хусусиятлари” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Мазкур мавзу бўйича бир қатор мақолалари республика ва халқаро нашрларда чоп этилган. Илмий раҳбари ботаника кафедраси доценти Зебинисо Номозова.

    – Дунё бўйлаб доривор ўсимликлардан фойдаланиш кундан-кунга сезиларли даражада ортиб бормоқда, - дейди Бахтинисо Дониёрова. - Замонавий қишлоқ хўжалигида фармацевтика саноати учун доривор ўсимлик турларидан олинадиган хомашё билан таъминлаш муҳим ҳисобланади. Истеъмол қилинадиган умумий дори воситаларида табиий ўсимликлардан тайёрланган дори воситалари 50-60 фоизни ташкил қилади. Ана шундай ўсимликлардан бири олачипор каррак ҳисобланади. Олачипор каррак қимматбаҳо доривор ўсимлик бўлиб, ундан озиқ-овқат, фармацевтика саноатида фойдаланилади. Шу билан бирга олачипор каррак ўсимлиги гулидан асал ҳам олинади. Ўртача 1 гектар майдондаги каррак 50-70 кг асал беади. Ўсимликнинг кимёвий таркиби ҳозирги вақтга қадар жуда кам ўрганилган.

    Ҳозирги вақтда олачипор каррак ўсимлиги мевалари ноёб кимёвий таркибга эга бўлиб, ўзида силимарин деб номланган флаволинганлар мажмуасини мужассамлаштиради. Ушбу флаволинганлар ўткир жигар касалликларида ишлатилади. Шунингдек, унинг мевалари таркибидаги мой яра ва куйган жойларни тез битказувчи ва қайта тикловчи восита сифатида тиббиётда қўлланилади. Табобатда каррак хомашёси ўткир сурункали гепатит, сирроз ва ўт йўлларининг шикастланишларини даволаш учун ҳамда яллиғланишга қарши восита сифатида ишлатилади. Уруғларидан тайёрланган дамлама гепатит ва ўт қопи касаллигида яхши ёрдам беради. Шунингдек, талоқ ва бавосил касалликларида ҳам фойдали ҳисобланади. Каррак мойидан қолган кунжара одатда ташлаб юборилмайди ва иккиламчи қайта ишлаш учун хомашё бўлиб хизмат қилади. Расторопша меваларининг бошланғич экстракти асосида узоқ босқичли тозалашдан сўнг гепатопротектор фаоллигига эга бўлган – Легалон, Силимар, Карсил, Фосфонсиале каби дори воситалари олинади. Шунингдек, олачипор карракни манзарали ўсимлик сифатида кўчалар ва боғларни кўкаламзорлаштириш учун ҳам экиш мумкин.

 

Ирода Бекмуродова

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.