Самарқанд давлат университетига Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Агостино Пинна ташриф буюрди.  Мартабали меҳмонни Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов қабул қилди.

    Ташрифдан асосий мақсад ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишдир.

    Самарқанд давлат университети ва  Италиянинг Болония, Пиза, Флоренция университетлари бир неча йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. СамДУ археология кафедраси ва Болония университети профессор-ўқитувчилари ўртасида кадрлар алмашинуви йўлга қўйилган.

    Учрашув давомида СамДУ ректори Рустам Холмуродов турли йўналишлар бўйича малакали кадрлар тайёрлашда Италиядаги нуфузли университетлар мутахассисларини жалб қилиш таклифини билдирди. Айниқса, агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда СамДУ Ботаника боғини янада ривожлантириш борасида хорижий тажриба муҳимлигини таъкидлади.

    Шунингдек, Италия ва Ўзбекистон муносабатлари, таълим тизими, маданияти ва архитектурасига бағишланган фотокўргазмани  СамДУ да ташкил қилиш бўйича фикр алмашилди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати