Оғир металлар билан ифлосланишнинг атроф-муҳитга таъсири

Самарқанд давлат университети аналитик кимё кафедраси ассистенти Дилнавоз Ҳамраева “Оғир металлар миқдорини аниқловчи ион-селектив электродлар яратиш” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Мазкур мавзу бўйича 15 га яқин мақолалари республика ва халқаро нашрларда чоп этилган.
– Бугунги кунда дунёда атроф-муҳитнинг оғир металлар билан ифлосланиш муаммоси долзарб тусга кириб бормоқда, - дейди Дилнавоз Ҳамраева. - Шу сабабли бугун илм-фанда оғир металларнинг ултрамикро миқдорини аниқлаш имконини берадиган кўплаб физикавий ва физик-кимёвий тадқиқот усуллари мавжуд, аммо бу усуллар оғир металларнинг аниқ миқдорини аниқлаш имконини беролмайди. Тадқиқотда дунё миқёсида атроф-муҳитнинг асосий ифлослантирувчиси бўлиб ҳисобланаётган оғир металлар мониторингини олиб боришни мақсад қилиб олинган. Бунда қимматбаҳо, заҳарли симоб электрод ўрнини босадиган, экологик тоза, маҳаллий хом-ашёлардан тайёрланган янги ион-селиктив электродларни яратиш ҳамда кансероген ва заҳарли металларни аниқлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва атроф-муҳит мониторинги муаммоларига бағишланган илмий ишларда бир қатор металлар табиат ва инсон учун зарарли эканлиги айтиб ўтилган. Шу сабабли, металларнинг хавфлилик синфига оид батафсил маълумотларни ўрганиш ҳамда текшириш муҳим аҳамиятга эга. Қайд этилган натижаларга кўра кўпгина оғир металлар тўғридан-тўғри инсон организмига ўтиб унинг нормал фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, чучук сув ҳавзаларида сув таркибида оғир металлар миқдорининг ортиб бориши ичимлик сувининг ифлосланишига ҳам сабаб бўлади. Энг катта экологик хавф атроф-муҳитнинг оғир металлар билан ифлосланиши муаммосидир. Шунинг учун ҳам оғир металлар миқдорини аниқлашга қаратилган мазкур тадқиқот кимё учун ҳам, инсон ва атроф-муҳит муҳофазаси учун ҳам муҳим ҳисобланади.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.