Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети филология факультетида атоқли адабиётшунос олим Абдусалом Самадов хотирасига бағишланган “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

    Мазкур конференция Самарқанд давлат университети, Ўзбекистон Республикаси Тожик миллий-маданий маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Турон” Фанлар Академияси ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда ўзбек ва тожик халқлари илмий жамоатчилиги, профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

    Тадбирни Самарқанд давлат университети бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси, профессор Шавкат Маҳматмуродов очди. Шундан сўнг, СамДУ ўқув ишлари бўйича проректори профессор Аҳмаджон Солиев, Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов, Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзодалар сўзга чиқиб Абдусалом Самадовнинг илмий-педагогик фаолияти, қардош халқлар адабиётини ўрганишда тутган ўрни ҳақида маъруза қилди.

    – Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстона алоқалар чуқур илдизга эга, - дейди Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода. - Бугунги анжуман абадий дўстлигимизнинг ўзига хос катта бир адабий тармоғига асос солган арбоб Абдусалом Самадов хотирасига бағишланиши бежиз эмас. Халқлар ўртасидаги адабий дўстлик муносабатлари маънавий кўприк сифатида миллати, тили, жойлашган ҳудудидан қатъи назар, халқларимизни бир-бири билан яқинлаштиради ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлайди. Конфернсиянинг “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” дея номланишига ҳам сабаб шу аслида.

 

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.