Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси Аббосбек Равшанов 11 йилдан бери шашка спорти билан шуғулланади. У бугунга қадар 2 карра Жаҳон ва Осиё чемпиони бўлишга улгарган.

    Рус тилида эркин сўзлаша олади. Шашка спорт тури бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси.

    - Биз ўқиган мактабда кўплаб шашка бўйича чемпионлар етишиб чиққан. Бу хабарни эшитгач, мен ҳам шашкага қизиқа бошлаганман, - дейди Аббосбек Равшанов. - Мураббийим Амрилло Абдуллаев менга тўғри йўл кўрсатиб, неча йиллардан бери устозлик қилиб келадилар.

    Фаолиятим давомида Тошкентда ўтказилган Жаҳон кубогида Россиялик рақибим билан ўйинимиз энг қизиқарлиси сифатида ёдимда қолган. Ўшанда партия 5 соат давом этганди. Кулгулиси, биз дуранг қайд этганмиз. Ўша ўйиндан кейин ўз устимда кучлироқ ишлашим кераклигини, асосан, тактик юришларни кучайтириш шашкада устунлик беришини тушуниб етганман.

    Устозларимизнинг ёрдами билан халқаро даражадаги гроссмейстерлар тез-тез мулоқотда бўлиб, улар билан партиялар ўйнаб турамиз. Охирги марта Андрей Валюк, Дмитрий Мельниковлар билан мастеркласс ўтдик. Мен улардан ҳам яхши нарсалар ўрганаман. Умуман олганда, ҳар бир ўйин бу дарс. Шашка худди ҳаётга ўхшайди - ҳар бир дона омон қолиш учун курашади. 

    Инсон муваффақиятга эришиши учун ундан кўп нарса талаб қилинмайди. Муваффақиятли инсонлар бу – дангасалигини енга олган инсонлардир. Худо ҳаммамизни такрорланмас бир истеъдод билан яратади. Ўз устида ишлаб, меҳнат қилган инсонгина уни юзага чиқара олади.

    Мен Самарқанд давлат университети талабаси эканлигимдан фахрланаман. Чунки менга машғулотларда эркин шуғулланишим учун университетимизда барча имконият ва шароитлар мавжуд.

    Маълумот учун Аббосжон Равшанов айни кунларда сентябрда Қирғизистонда ўтказиладиган Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Шунинг билан бирга у Самарқанд шаҳар 2-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида тренер-ўқитувчи сифатида фаолият олиб боради.

 

Отабек Саъдуллаев,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.