Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультетида Италиянинг Болонья университети билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ёзги мактаб” лойиҳаси доирасида учрашув бўлиб ўтди.

    Давра суҳбатини факультет декани, доцент Тошпўлот Ражабов кириш сўз билан очди.

    Тадбирда Болонья университети профессори Морено Тоселли Италия таълим тизими, агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида амалга оширилаётган янгиликлар, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича Италия тажрибаси ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдирди. Италиялик профессорнинг таъкидлашича, Самарқанд ва Болонья битта иқлим минтақасида жойлашган ва бу икки университетнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлиги мақсадли ва манфаатли бўлишига хизмат қилади.

    - Университетларимиз ҳамкорлигида ташкил этилган ёзги мактаб лойиҳаси доирасида биз Самарқандда бўлиб турибмиз, - дейди Болонья университети профессори Диана Дижойя. – Самарқанд давлат университети охирги 5 йилда жуда ҳам тез ривожланганини кўриш мумкин. Асосий мақсадимиз агробиотехнология соҳасини ривожлантириш бўлганлиги сабабли шу соҳанинг янги мактаби Самарқандда яратилаётганига гувоҳ бўлдим. Бу йўналиш ҳозирги кунда дунё бўйича долзарб. Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз доирасида ҳали яна кўплаб лойиҳаларни амалга оширамиз.

    - Самарқанд менда жуда ажойиб таассурот қолдирди, - дейди Болонья университети докторанти Зуффи Вероника. – Қадимий илм маскани ҳисобланган ушбу шаҳарда ҳозирги кунда ҳам фанларнинг ривожланишига берилаётган эътибор кўриб, қувонасан киши. Айниқса, Самарқанд давлат университетининг агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги, археология йўналишида таҳсил олувчи талабалар мулоқот қилиш менга алоҳида завқ бағишлади. Уларнинг билим олишга ва чет тилларини ўрганишга бўлган хоҳиши жудаям кучли.

    Маълумот учун, Самарқанд давлат университети ва Болонья университети ўзаро ҳамкорлик доирасида халқаро мева-узумчилик мутахассислиги бўйича магистратура қўшма таълим дастурини очишни режалаштирмоқда.

    Шунингдек, мазкур мактаб доирасида Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг Италиянинг Болонья университетига ташрифи кутилмоқда.

Отабек Саъдуллаев,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.