Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида қомусий олим Тўрақул Зеҳний таваллудининг 130 йиллигига бағишланган “Тўрақул Зеҳний ва тожик тили, адабиёти ҳамда маданияти масалалари” номли халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

    Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов, Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Тожикистон Фанлар Академияси витсе-президенти Муҳаммад Абдураҳмон Наврўз, Тожикистон Таълим Академияси президенти Саломиён Муҳаммаддовуд, Тожикистон Илм ва фан академияси Абуабдуллоҳ Рудакий номидаги тил ва адабиёт институти директори Боймурод Шарифзода ва илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

    Тадбирни Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов кириш сўз билан очиб, иштирокчиларга омад тилади.

    Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичга кўтарилганини, икки қардош халқ дўстона муносабатларининг истиқболи сифатида ушбу конференция ўтказилаётганини таъкидлади.

    - Самарқанд Марказий Осиёнинг қадимий илм, маърифат ва маънавият масканидир, - дейди Тожикистон Фанлар Академияси витсе-президенти Муҳаммад Абдураҳмон Наврўз. – Бугунги ўтказилган конференцияда қомусий олим Тўрақул Зеҳний илмий-адабий меросини ўрганиш, уни ёшлар орасида тарғиб қилиш каби бир қатор масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, биз Самарқанд давлат университети билан кейинги йилларда талабалар ва тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш учун келишиб олдик.

    Тадбирда сўз олган иштирокчилар “Тўрақул Зеҳний ва тожик тилшунослигининг ХХ аср бошлари муаммолари”, “Тўрақул Зеҳнийнинг бадиий санъатлар тадқиқидаги ўрни”, “Қалб ва кўз чироғи” каби мавзуларда маъруза қилди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.