Бугун Самарқанд давлат университети ўзбек тили ўқитиш методикаси кафедраси доценти, эл ардоғидаги шоира Жумагул Сувонованинг туғилган куни

Айни дамда 61 ёшни қарши олаётган шоира 1961 йил 5 май куни Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. 1989-1994 йиллар мобайнида Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган.
Жумагул Сувонованинг шу кунга қадар “Тиллақош”, “Йиғлаётган оҳу”, “Мен сиғмаган дунё”, “Оловли фасл”, “Одамқуш қўшиғи”, “Тупроқ иси”, “Жонимдаги из”, “Музаффар ёғдулар”, “Шамол йўли”, “Тараннум” номли шеърий ҳамда “Умр карвони”, “Қирмиз қизнинг қиссаси”, “Дарбадар” номли ҳикоялар тўпламлари нашр этилган. Бир қатор шеърлари Ҳиндистон, Америка каби давлатларда чоп этилган антологияларда жаҳон шеърияти намуналари қаторида дунё юзини кўрган. Хусусан, 2016 йил Америкада чоп этилган “The Uneasy nights” (Оромсиз оқшомлар) номли шеърлар китоби шулар жумласидан. Шунингдек, олима сифатида “Усмон Азим шеъриятида бадиий тафаккур” номли монография ҳамда “Ҳозирги адабий жараён ва поетик услуб муаммоси”, “Кечинмалар поетикаси ва услубий маҳорат қирралари” каби китоблар муаллифи.
Ушбу сана муносабати билан университет жамоаси Жумагул Сувоновани самимий муборакбод этиб, узоқ умр, бахт-саодат ҳамда сиҳат-саломатлик, серқирра ижодига баркамоллик, юксак парвоз ва янги муваффақиятлар тилайди.
Самарқанд давлат университети
Фахрийлар кенгаши.