Анжуманни Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди:

    "- Мен Мавлон Жўрақулов ҳақида ўйлаганимда кўз олдимда сокин аллома, донишманд раҳбар, меҳр-оқибатли инсон намоён бўлади.

    1999 йилда СамДУ га ректор бўлганимда Мавлон Жўрақуловнинг оқилона маслаҳатлари ва таклифлари менга жуда қўл келган. Англаганим, домла бутун умри ўтган Самарқанд давлат университетини жуда яхши кўрар экан. У киши университетдаги ҳар бир ўзгаришни, яхшиликни хурсандчилик билан кутиб оларди. Ўз навбатида салбий ҳолатларга муросасиз ҳам эди. Домла ҳаётини университетсиз тасаввур қила олмасди. У киши сўнгги нафасигача университет ҳақида ўйлади".