Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига Франциянинг Пуате университети Марказий Осиё олий таълим муассасалари бўйича координатори Лича Бажини бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

    Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўлими координатори Мухтор Носиров билан олиб борилган музокараларда икки тарафлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, мавжуд алоқаларни янада кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.

    - Самарқанд давлат университети Осиёнинг энг қадимий ва нуфузли олий ўқув юртидир, - дейди Лича Бажини. – Яна бир бизни боғлаб турадиган тарафи шундаки, Самарқанд давлат университетига 1420 йилда асос солинган бўлса, бизнинг университетимиз 1431 йилда ташкил этилган. Бу ҳам икки университет ўртасида илиқ муносабатларнинг шаклланишига хизмат қилади. Ҳозирда биз талабаларда француз тили кўникмаларини ошириш юзасидан келишувга эришдик. Ҳамкорлигимизнинг кейинги босқичларида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, биргаликда илмий тадқиқотлар олиб боришни режалаштирганмиз.

    Шунингдек, СамДУ роман-герман тиллари кафедраси француз тили ўқитувчилари билан учрашув ўтказилди. Талабалар учун маҳорат дарси ташкил этилди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.