Самарқанд давлат университети: Академик ва ёшлар учрашуви ўтказилди

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети тарих факультетида тарих фанлари доктори, академик Дилором Юсупова билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда тарих факультети тарихшунослик ва манбашунослик кафедраси ўқитувчилари ва талабалар қатнашдилар. Салкам 60 йилдан буён шарқ муаллифларининг қўлёзма асарлари тадқиқи билан шуғулланиб келаётган олима шарқ халқларининг ёзма меросини манбали ўрганиш, тарихий қўлёзмалар билан ишлаш, нодир қўлёзмалардан нусха олиш ва шарқ қўлёзмаларининг литографик нашрлари илмий тавсифи масалалари юзасидан билдирган фикрлари талабалар учун ниҳоятда фойдали бўлди.
Академик Дилором Юсупованинг Самарқанд давлат университети таянч кутубхонасида сақланаётган қўлёзмалар каталогини яратиш бўйича билдирган амалий таклифи манбашуносликнинг нодир намуналари муҳофазаси соҳасида муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин.
Шунингдек, олиб борилган савол-жавоб, мунозаралар талабалар учун шарқ манбашунослиги тарихи ҳақидаги саволларга тўғридан-тўғри академикдан жавоб олиш имконини яратди.
– Бугунги учрашув мен учун таассуротларга бой бўлди, - дейди тарих факультети талабаси Жамшид Очилов, - таниқли академик Дилором Юсуповадан жуда кўп фойдали нарсаларни ўргандим. Учрашув давомида олиманинг айтган ҳар бир гапини ёзиб боришга ҳаракат қилдим. Сабаби, у киши узоқ йиллик тадқиқотлари натижалари ва унинг жаҳон илм-фани тарихидаги аҳамияти ҳақида, шунингдек, дунёнинг машҳур музейларида сақланаётган нодир қўлёзмалар ҳақида қимматли маълумотларни айтиб ўтдилар. Хусусан, Лондоннинг Британия музейида сақланаётган шарқ қўлёзмаларининг тошбосма нусхалари, машҳур тарихчилар Мирхонд ҳамда Хондамир асарларининг нодир нусхалари ҳақидаги маълумотлар мен учун янгилик бўлди.
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.