Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети ўқитувчи ва талабалари томонидан 60-сон ихтисослаштирилган кўзи заиф кўрувчи болалар мактабида Мафтункор ранглар жилоси номли санъат кўргазмаси бўлиб ўтди. Бундан асосий мақсад, ўқувчи ёшларни тасвирий санъатга қизиқтириш ва уларнинг иқтидорини намоён этишдир.

    - Бугунги санъат кўргазмасизда 50 дан ортиқ ранг-тасвир, қаламтасвир, графика, 40 дан ортиқ амалий санъат кўргазмаси билан иштирок этяпмиз, - дейди санъатшунослик кафедраси ўқитувчиси Самандар Муранов. – Асосий эътиборимизни мактаб ўқувчиларининг санъатга бўлган қизиқишини оширишга қаратганмиз. Кўриб турибмизки, ижодкор, иқтидорли ўқувчилар талайгина. Ажаб эмас, ушбу мактабдан моҳир рассом ва ижодкорлар етишиб чиқса. Олдимизда бу каби кўргазмаларни тизимли равишда йўлга қўйишни мақсад қилдик.

    - Бугун мактабимизда қувончли кун. Самарқанд давлат университети ўқитувчилари ва талабалари томонидан ўтказилаётган санъат кўргазмасидан нафақат ўқувчилар, балки биз ўқитувчилар шодмиз, - дейди Санобар Ботирова. – Болаларнинг хурсандчилиги санъатга бўлган қизиқишидан далолат беради. Бу каби кўргазмаларнинг ташкил этилиши ўқувчиларнинг санъатга бўлган муҳаббатини янада оширишга  хизмат қилади.

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими,

Шавкат Акрамов олган суратлар.