Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига Корея саноат технологиялари институти президенти Нак-Кю Ли бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

    Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов билан ўтказилган учрашувда икки томонлама мақсадли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, сўнгги технологиялар асосида таълим жараёнларини ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.

    Хусусан, қишлоқ хўжалиги технологиялари, машинасозлик, нодир металлар билан ишлаш соҳаларида кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама этилди.

    Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов янги ташкил этилган Муҳандислик физикаси институтига дунёнинг барча мамлакатларидан, хусусан, Кореядан ҳам салоҳиятли тадқиқотчиларни жалб қилиш, институтда замонавий интеграция жараёнларини жадал олиб бориш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Агротехнология, иқтисодиёт, замонавий IT технологиялари, муҳандислик физикаси каби замонавий фан соҳаларида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.

    Тадбир якунида дўстона алоқаларнинг рамзи сифатида эсдалик совғалари топширилди.

Отабек Саъдуллаев,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.