Амалий ишлар даври

Европалик олимлар СамДУ га ташриф буюрди...
Самарқанд давлат университетига Литванинг Витаутас Магнус университети делегацияси ташриф буюрди. Бундан кўзланган асосий мақсад қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича кадрлар тайёрлаш, ҳамкорликда илмий лойиҳаларни йўлга қўйишдир. Шунингдек, СамДУ халқаро таълим дастурлари факультети талабаларини қўшма таълим дастурлари асосида икки йил муддатга Литвада ўқишига эришиш масалалари кўрилди.
- Самарқанд давлат университетига илк бор ташриф буюришим, - дейди делегация раҳбари профессор Астрида Масеикиене. – Университетингиз билан ҳамкорлик қилиш менга мамнуният бағишлайди. Витаутас Магнус университети 1922 йилда ташкил этилган бўлиб, Ҳарвард модели асосида фаолият олиб боради. 81 давлатдаги 800 дан ортиқ олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз. Бизнинг университетда ўзбекистонлик олти нафар талаба таҳсил олмоқда. Университетимиз Халқаро Европа рейтингида (QSEESA) 61-ўринни эгаллаб келмоқда…
- Литвадан ташриф буюрган делегация Erasmus mobility дастурида Самарқанд давлат университетини ҳамкор сифатида қатнашишга, яъни лойиҳаларда иштирок этиш таклифини билдирди, - дейди СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори, профессор Акмал Ахатов. – Қолаверса, талабаларимизга қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўргазмада, озиқ-овқат хавфсизлиги, агро-эко каби конференцияларда қатнашиш таклифлари илгари сурилди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Самарқанд давлат университетининг зоология музейида бўлишди. Бу ердаги қимматбаҳо ва ноёб экспонатлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.