Технологик тараққиёт ва маънавий масъулият
Рақамли технологиялар шиддат билан ривожланаётган, сунъий заковат имкониятларидан кенг фойдаланилаётган ҳозирги замонда таълим ва тадқиқот, тарбия ва касбий маданият олдига қўйилаётган вазифалар ҳам ўзгариб бормоқда. Самарқанд давлат университетининг сунъий интеллект ва рақамли технологиялар факультети декани, техника фанлари доктори Файзулла Назаров билан суҳбатимиз шу хусусда бўлди.
— Университетдаги энг ёш ва энг замонавий факультетнинг шаклланиш тарихи ва бугунги фаолият хусусида қисқача тушунча берсангиз?
Факультет тарихи 1972 йилда амалий математика факултетининг ташкил этилишидан бошланади. Ўша даврда ҳисоблаш техникаси амалиётга эндигина кириб келаётган йиллар эди. Факультет жамоаси олдига математик илмни ҳақиқатда мавжуд ҳаётий масалаларни амалда ҳал этишга хизмат қилдириш вазифаси қўйилган.
Йиллар давомида факультет номи бир неча бор ўзгарди, ҳар бир ўзгариш ортида ўқув режаларини, илмий йўналишларни ва моддий-техник базани замон талабига мувофиқ янгилаш турган. 2025-йилда факультет қайта ташкил этилиб, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар факультети деб номланди. Кадрлар тайёрлаш 5 бакалавриат йўналиши, 6 магистратура мутахассислиги ҳамда 4 докторантура ихтисослиги бўйича олиб борилади. Докторантура ихтисосликлари орасида яқинда очилган рақамли технологиялар ва сунъий интеллект йўналиши бугунги кунда дунёдаги энг долзарб йўналишлардан бири ҳисобланади.
Таълим жараёнини замонавий талаблар асосида ташкил этиш мақсадида факультетда сунъий интеллект, киберхавфсизлик, математик моделлаштириш ва робототехника йўналишлари бўйича тўртта илмий-амалий лаборатория ишлайди. Факултет ҳузуридаги ИТ-Инновацион марказ ва “СамИТ” хусусий корхонаси орқали талабалар ҳамда ёш тадқиқотчиларнинг стартап лойиҳалари қўллаб-қувватланади. Ўқув жараёни замонавий компютер билан жиҳозланган компютер синфлари ва аудиторияларда олиб борилади. Ҳар ойда хакатонлар, дастурлаш танловлари ўтказилади, “Бир миллион дастурчи” каби республика миқёсидаги лойиҳаларда фаол иштирок этамиз. Факультетда ахборот хавфсизлиги, сунъий интеллект, дастурий таъминот ва математик моделлаштириш йўналишлари бўйича тўртта илмий мактаб шаклланган. Қисқача айтганда, рақамлаштириш ва ҳисоблаш математикаси билан бирга ўсиб келган факультет бугун республиканинг етакчи сунъий интеллект марказларидан бирига айланиб бормоқда.
— Илмий тадқиқот натижалари ва дастурий ишланмалар амалиётга қай даражада татбиқ этилмоқда ҳамда жойларда янги ахборот технологияларининг самараси сезилаяптими?
Юқорида айтганимдек, факультетимизда сунъий интеллект, киберхавфсизлик, математик моделлаштириш ва робототехника лабораториялари ишлаб турибди. Уларда олиб борилаётган тадқиқотлар илмий ҳисобот ёки мақола ёзиш билан тугамайди. Ҳамиша амалда қўлланиладиган дастур ёки қурилма ишлаб чиқилиши талаб қилинади. Сунъий интеллект йўналишида тадқиқотчиларимиз тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиёт учун машинавий ўқитиш моделларини ишлаб чиқмоқда. Шу моделлар асосида дастурий воситалар ишлаб чиқилиб, қурилмаларга жойлаштирилади. Тиббиётдаги ишларимиз бунинг аниқ мисоли. Тери касалликларини аниқлаш бўйича тадқиқот республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд вилоят ҳудудий филиали билан ҳамкорликда амалга оширилиб, натижалари амалиётга жорий этилмоқда. Қандли диабетни эрта аниқлаш бўйича тадқиқот эса академик Ёлқин Тўрақулов номидаги республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд ҳудудий филиали билан биргаликда олиб борилмоқда. Яъни модел лабораторияда эмас, шифохонада синовдан ўтмоқда. Бундан ташқари, ўзбек тили учун табиий тилни қайта ишлаш (NLP) моделлари тадқиқ қилинмоқда. Бу тилимизнинг рақамли макондаги келажаги учун зарур йўналиш.
Киберхавфсизлик лабораториясида серверлар ва ахборот тизимларининг ҳимоя даражасини текшириш, криптобардошли алгоритмлар яратиш, сунъий интеллект ёрдамида киберхавфларни олдиндан аниқлаш бўйича самарали натижалар қўлга киритилди. Талабаларнинг машғулотлари учун 100 дан ортиқ онлайн масала ечиш платформалари шакллантирилган. Бу ерда мутахассис назарий билим билан чекланмай, реал ҳужум ва ҳимоя шароитида ишлашни ўрганади.
Математик моделлаштириш ресурслар ва жараёнларни бошқариш, мураккаб масалалар ечимини ва натижаларини башорат қилиш имконини беради. Робототехника йўналишида эса ишлаб чиқариш ва турмушда қўлланиладиган ускуналарни такомиллаштириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Энди татбиқ масаласига келсак. Илмий натижани амалиётга олиб чиқишнинг энг самарали механизми бизда ИТ-Инновацион марказ бўлди. Марказда ёш дастурчилар тайёрланмоқда, бугунги кунга қадар 100 дан ортиқ дастурий восита ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган. Тадқиқотчиларимиз spinoff корхонасини ташкил қилишмоқда. Марказнинг алоҳида сервер қурилмаси мавжуд. Энг қувонарлиси шуки, бу ишларни ёш тадқиқотчилар бажармоқда. Лабораторияларимиздаги ишланмаларга қарасангиз, улар мамлакатимиз халқ хўжалиги учун керакли эканлигини англайсиз.
Шу сабабли факултетимизда тайёрланаётган PhD ва DSc илмий даражаларига даъвогарлик тадқиқотларининг нуфузи анча юқори. Бу республика илмий доираларида эътироф этилган. Ишларимизнинг самараси ҳақида нима ҳам дердим. Буюртмачи ишланмадан воз кечмай, аксинча уни кенгайтиришни сўраса, демак натижа бор.
— Ахборот технологиялари замонавий янги йўналиш бўлиб, университетнинг халқаро нуфузини кўтаришда алоҳида ўрин тутади. Факултетнинг халқаро ҳамкорлик йўналишидаги фаолиятида нималарга эътибор берилмоқда?
Бугунги кунда университетнинг халқаро нуфузи кўп жиҳатдан айнан рақамли йўналишлардаги ҳамкорлик орқали ўлчанмоқда, десак муболаға бўлмайди. Факултетимиз АҚШ, Малайзия, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Жанубий Корея, Германия, Исроил ва Беларус олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда. Уларнинг аксарияти дунё илм-фанининг забардаст таянчи ҳисобланади.
Ҳамкорлик фақат таълим ва тадқиқот муассасалари билан чекланмайди. Соҳанинг етакчи компаниялари, жумладан Исроилнинг киберхавфсизлик бўйича жаҳонга танилган “Check Point Software Technologies” компанияси ҳамда дастурий таъминот ишлаб чиқиш соҳасидаги “EPAM” компанияси билан ҳам алоқалар йўлга қўйилган. Бу талабаларни бевосита халқаро меҳнат бозори талабига мос тайёрлаш имконини беради.
Ҳамкорликда учта асосий йўналишга урғу берилмоқда.
Биринчидан, таълим дастурларини трансформация қилиш. Хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ўқув режалари, фан дастурлари ва баҳолаш тизимини халқаро стандартларга мослаштирмоқдамиз. Сунъий интеллект, киберхавфсизлик, дастурий инжиниринг каби йўналишларда контент жуда тез эскиради, ҳамкорлик эса дастурларни доимо янгилаб туриш имконини беради. ЭПАМ билан ҳамкорлик эса амалий кўникмаларни шакллантириш, талабаларга реал лойиҳалар бўйича ишлаш тажрибасини орттириш имконини бермоқда.
Иккинчидан, қўшма илмий тадқиқотлар ва янги ИТ ишланмаларни амалга ошириш. Ўзбекистон-Ҳиндистон сунъий интеллект ва машинали ўқитиш қўшма маркази фаолият юритмоқда. Марказ сунъий интеллект, блокчейн, биоинформатика, бизнес-таҳлил йўналишларида қўшма тадқиқотлар олиб бориш, халқаро илмий анжуманлар ташкил этиш, тадқиқотчиларимизнинг мақолаларини нуфузли журналларда чоп этишга кўмаклашиш билан шуғулланади. “Check Point Software Technologies” билан алоқаларимиз киберхавфсизлик лабораториямизга жаҳон амалиётидаги энг замонавий ечимларни олиб кириш имконини берса, Россия квант маркази билан ҳамкорлик университетимиз учун драйвер йўналиш сифатида белгиланган квант технологиялари соҳасида муҳим аҳамиятга эга.
Учинчидан, тадқиқотчиларимизнинг халқаро илмий муҳитга интеграциялашуви. Хорижий ҳамкасблар билан биргаликда ёзилган мақолалар, халқаро илмий-тадқиқот лойиҳалари ва грантлар, хорижда малака ошириш ва стажировкалар ёш олимларнинг илмий салоҳиятини кўтаради.
— Келажакда жамият ҳаётида сунъий заковат ва ахборот технологиялари мутлақ асосий ўринни эгаллаб оладими ва бу инсонлар фаолиятига қандай таъсир қилиши мумкин?
Менимча, “мутлақ асосий ўрин” ибораси бу ерда бироз бошқача маъно касб этади. Сунъий интеллект инсоннинг ўрнини эмас, муҳитнинг ўрнини эгаллайди. Иқтисодий адабиётда бундай технологиялар умумий мақсадли технологиялар деб аталади: улар бирор алоҳида тармоқни эмас, барча тармоқларни бир вақтда ўзгартиради. Тарихда буғ машинаси, электр энергияси ва интернет шундай рол ўйнаган. Бугун биз электрни алоҳида мўжиза деб ҳисобламаймиз, аммо усиз ҳеч бир соҳа ишламайди. Сунъий интеллект ҳам кўринмас, лекин ҳамма жойда мавжуд инфратузилмага айланиб бормоқда. Унинг инсон фаолиятига таъсирига бир томонлама эмас, атрофлича қараш керак.
Аввало шуни айтиш лозимки, технология касбни эмас, касб таркибидаги айрим вазифаларни ўзгартиради. Бухгалтер калкулатор пайдо бўлгач йўқолмади, унинг меҳнати ҳисоблашдан таҳлилга кўчди. Дастурчи ҳам йўқолмайди, аммо унинг фаолият маркази код ёзишдан тизим архитектурасини лойиҳалаш, масаланинг қўйилишини тўғри шакллантириш ва натижани верификация қилишга томон силжийди. Шу ўринда бир ҳақиқатни очиқ айтиш керак: меҳнат мазмуни асосан такрорланувчи, алгоритмлаштирилган амаллардан иборат бўлган соҳаларда бу ўтиш оғриқли кечади. Шунинг учун кадрларни қайта тайёрлаш тизимини бугундан лойиҳалашимиз зарур, чунки уни кейин шакллантириш анча қимматга тушади. Иккинчи жиҳат меҳнат унумдорлигининг кескин ошиши билан боғлиқ. Бугун бир ёш тадқиқотчи ўн йил олдин бутун бир илмий гуруҳ бажарган ҳажмдаги ишни уддалай олади. Лекин бу ўсиш ўз-ўзидан юзага келмайди. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, технологиянинг самараси фақат унга ҳамроҳ бўлган ташкилий ва таълимий ўзгаришлар амалга оширилгандагина намоён бўлади. Аҳолиси ёш ва иқтидорли мамлакат учун сунъий интеллект ривожланган давлатларга тенглашиш воситаси бўлиши мумкин, аммо бу имконият ўз-ўзидан натижага айланмайди.
Мени энг кўп ўйлантирган масала эса когнитив боғлиқлик муаммоси. Агар талаба масалани мустақил шакллантириб, мустақил ечим топишга уринмай тайёр жавоб олишга ўрганса, унинг тафаккури ривожланмайди. Калкулатор ҳисоблаш кўникмасини бироз сусайтиргани рост. Бугунги техникавий имкониятлар фикрлаш жараёнининг ўзига бевосита дахл қилмоқда. Бу мутлақо бошқа масала. Ечим технологияни тақиқлашда эмас, таълим методикасини қайта қуришда. Яъни билимни такрорлашга асосланган ёндашувдан таҳлил, тузиш ва баҳолаш босқичларига урғу берувчи моделга ўтиш зарур. Талаба жавобни эмас, жавобнинг тўғри ёки нотўғрилигини асослай олиш кўникмасига эга бўлиши керак.
Хулоса қилиб айтсам, сунъий интеллект жуда кучли восита, аммо ҳар қандай модел ўз моҳиятига кўра олдиндан берилган мақсад функциясини оптималлаштиради. Бу функцияни ким, қандай мезонлар асосида ва кимнинг манфаатини кўзлаб белгилаши эса ижтимоий ва ахлоқий масала. Машина «қандай қилиш» кераклигини ҳисоблаб бера олади, «нима учун қилиш» кераклигини эса фақат инсон ҳал қилади. Айни шунинг учун жавобгарлик инсоннинг зиммасида қолади.
— Сунъий заковат ва инсон тафаккури рақобати нималарга олиб келишини тасаввур қилиш мумкинми? Илмий ва бадиий ижодда сунъий заковатнинг кенг қўлланилиши ҳамиша ҳам ўринли бўладими?
Мен бу муносабатни “рақобат” тушунчаси билан изоҳлашга унчалик мойил эмасман, чунки рақобат бир жинсли, ўлчовлари мос келадиган майдонда юз беради. Бу ерда эса табиати бутунлай бошқача икки ҳодиса ҳақида гап кетмоқда. Сунъий интеллект, моҳиятига кўра, ўқитиш тўпламидаги маълумотлар тақсимотини статистик жиҳатдан яқинлаштирувчи тизим. У мавжуд қонуниятни топади ва уни умумлаштиради. Инсон тафаккури эса бошқача манбадан озиқланади, яъни яшаб кўрилган тажриба, сезги, масъулият ҳисси ва ахлоқий танловдан. Булар бир-бирининг ўрнини босмайди, шунинг учун буни рақобат эмас, меҳнат тақсимоти деб қараш тўғрироқ бўлади. Илмий ижодга келсак, сунъий интеллектнинг фойдаси шубҳа уйғотмайди. У адабиёт шарҳини тезлаштиради, катта ҳажмдаги маълумотни таҳлил қилади, гипотеза вариантларини таклиф этади, мураккаб ҳисоб-китобларни енгиллаштиради. Бугун тадқиқотчи ўзи учун янги бўлган соҳага анча тез кириб бора олади, бу эса фанлараро изланишлар учун катта имконият очади.
Аммо шу билан бирга жиддий хавф ҳам мавжуд. Генератив моделлар учун ишонарли, лекин ҳақиқатга мос келмайдиган жавоб бериш тасодифий нуқсон эмас, балки уларнинг ишлаш тамойилидан келиб чиқадиган хусусият. Модел ўзининг жавоби тўғри ёки нотўғрилигини билмайди, у фақат эҳтимоли юқори бўлган матнни шакллантиради. Шу сабабли у мавжуд бўлмаган манбани келтириши, олинмаган натижани бор деб кўрсатиши мумкин. Агар тадқиқотчи буни текширмасдан қабул қилса, фаннинг асосий пойдевори, яъни текширилувчанлик ва такрорланувчанлик тамойили шикастланади. Шунинг учун мен шогирдларимга доим айтаман: сунъий интеллект сизга восита бўлиши мумкин, аммо жавобгарликни у кўтармайди. Илмий натижа учун тадқиқотчи ҳамиша масъул.
Тайёр матн олиш осонлашгани илмий ҳалоллик масаласини ҳам кескинлаштирди. Менимча, бу ерда икки йўналишда иш олиб бориш керак. Биринчи навбатда, сунъий интеллектдан фойдаланилган бўлса, буни очиқ кўрсатиш маданиятини шакллантириш лозим, зеро халқаро нуфузли нашрлар аллақачон шундай талабни жорий этган. Шу билан бирга, илмий ишни баҳолашда урғуни матннинг ўзига эмас, олинган янги натижага, ўтказилган тажрибага ва ишлайдиган маҳсулотга қаратиш зарур. Чунки ишлайдиган қурилмани ёки жорий этилган дастурни сунъий интеллект тадқиқотчининг ўрнига ясаб бермайди.
Бадиий ижод масаласида мен анча эҳтиёткорман. Сунъий интеллект шеърнинг шаклини, вазнини ва қофиясини мукаммал даражада эплайди, чунки булар формал хусусиятлар бўлиб, улар статистик жиҳатдан ўзлаштирилади. Лекин шеър инсоннинг шахсий тажрибасидан, унинг ички ҳолатидан туғилади. Тизим эса фақат унинг ташқи кўринишини ҳосил қилади. Бадиий асарда ғоя, мантиқий боғланиш ва ҳаётий асосланган фикр бўлиши керак, менимча. Буни сунъий заковат эплай олмайди.
Шунинг учун саволингизга жавобим қуйидагича: ҳар доим ҳам ўринли бўлавермайди. Сунъий интеллект ижодкор учун асбоб бўлиб хизмат қилса, бу ижобий ҳодиса. Аммо у ижодкорнинг ўрнига ўтирса, санъатнинг мазмуни йўқолади.
Ниҳоят, миллий нуқтаи назардан яна бир муҳим жиҳат бор. Бугунги йирик моделлар асосан инглиз тилидаги корпусларда ўқитилган, ўзбек тили эса манбалар ҳажми чекланган тиллар қаторига киради. Бу шунчаки техник номутаносиблик эмас. Агар биз ўз тилимизда, ўз маданий контекстимиз(маданиятимиз руҳи) асосида рақамли контент ва моделлар яратмасак, келажакда тилимиз ва тафаккуримиз рақамли маконда ўзга қолипларга мослашишга мажбур бўлади. Факултетимизда ўзбек тили учун табиий тилни қайта ишлаш тадқиқотларига алоҳида эътибор қаратаётганимиз бежиз эмас, зеро бу техник масаладан кўра кўпроқ маданий мустақиллик масаласидир.
— Қайси масалалар Сизни кўпроқ ўйлантиради ва уларнинг ечими нимада деб ҳисоблайсиз?
Мени бир неча масала жиддий ўйлантиради ва уларнинг ҳар бири, аслида, олдимизда турган устувор вазифа.
Биринчи навбатда, талаба тайёрлаш сифати. Таълим тизими экстенсив ўсишдан интенсив ривожланишга ўтаётган бир пайтда эътиборни сонга эмас, сифатга қаратиш зарур. Бунинг учун талабани биринчи курсданоқ лабораторияга ва реал илмий лойиҳага жалб қилмоқдамиз, чунки тадқиқотчи фақат тадқиқот муҳитида шаклланади. Устоз-шогирд тизимини ҳақиқий илмий раҳбарлик даражасига кўтариш, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаб, улар учун алоҳида таълим траекториясини яратиш ҳам шу вазифанинг таркибий қисми.
Иккинчи йўналиш илмий натижани маҳсулотга айлантириш билан боғлиқ. Лабораторияларимизда тайёр қурилма ва дастурлар бор, ИТ марказда 100 дан ортиқ дастурий восита яратилиб, амалиётга жорий этилган. Эндиликда мақсад ана шу кўламни республика эҳтиёжи даражасига етказиш. Бунинг йўли тадқиқотни бошиданоқ буюртмачи билан биргаликда режалаштириш, спинофф корхоналар ва стартапларни кўпайтириш, натижани патентлаш ва тижоратлаштиришда. Илмий иш ўзининг амалий қўлланиш нуқтасини олдиндан билиши керак.
Ёш олимлар учун шароит яратиш масаласи ҳам доимий эътиборимизда. Кадрлар ҳаракати табиий жараён, аммо университетда қоладиган тадқиқотчи учун қизиқарли илмий масала, муносиб меҳнат шароити ва аниқ ўсиш истиқболи бўлиши шарт.
Ниҳоят, рақамли саводхонлик ва рақамли ахлоқ маданиятини юксалтириш. Технология жамиятга у билан боғлиқ билим ва кўникмадан тезроқ кириб бормоқда, шу сабабли фойдаланувчиларга шахсий маълумотни ҳимоя қилиш, ахборот манбасини текшириш кўникмаларини сингдириш зарур. Бу фақат техник эмас, балки маърифий вазифа, факултетимиздаги киберхавфсизлик ишлари, мусобақалар ва очиқ таълим платформалари айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Умуман олганда, мен келажакка умид билан қарайман. Сўнгги йилларда эришилган натижалар факултетда яратилган шароитлар ва устозларнинг ёшларга тўғри йўл кўрсатгани самарасидир. Бизнинг вазифамиз эса ёшлардаги қизиқишга шароит ва аниқ йўналиш беришдан иборат.

