Самарқанд давлат университетининг Биокимё институтига Хитой Фанлар академияси Микробиология институти вице-президенти Фу Гао ҳамда Жежеанг университети вице-президенти Хиаоминг Ли бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Нуфузли меҳмонларни Самарқанд давлат университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори Акмал Аxатов ҳамда илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов кутиб олдилар.

    Ташриф давомида Самарқанд давлат университети билан Хитойнинг етакчи илмий ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Учрашувда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар, магистрантлар ва докторантлар алмашинувини йўлга қўйиш, замонавий лабораторияларни ривожлантириш ҳамда халқаро грантлар доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

    Хитой делегацияси аъзолари Биокимё институти Ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедраси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Меҳмонларга институтда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, замонавий лабораториялар ҳамда халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

    Ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири сифатида Ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедраси лабораториясига Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий илмий асбоб-ускуналар совға қилинди.

    Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон–Хитой илмий алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришдилар.