САМАРҚАНД ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИНИНГ ТЎРТТА ИЛМИЙ ЛАБОРАТОРИЯСИГА СИНОВ ЛАБОРАТОРИЯСИ МАҚОМИ БЕРИЛДИ
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг Деформацияланувчи қаттиқ жисм механикаси, Азиз Санжар номидаги замонавий анализ усуллари, Агробиотехнологиялар трансфери ҳамда Виварий (биофизиологик ва биокимёвий тадқиқотлар) илмий лабораториялари Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан "Маъқуллаш тўғрисида гувоҳнома" га эга бўлди ҳамда уларга илмий тадқиқот синов лабораторияси мақоми берилди.
Мазкур юксак эътироф лабораторияларда олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг методик жиҳатдан тўғри ташкил этилгани, анализаторлар ва асбоб-ускуналарнинг метрологик сезгирлиги ҳамда ўлчов талабларига тўлиқ жавоб бериши, лаборатория хоналарининг белгиланган меъёрларга мослиги, атроф-муҳит шароитлари талаб даражасида эканлиги, шунингдек, лаборатория ходимларининг юқори малакага эгалиги туфайли қўлга киритилди.
Ушбу гувоҳнома асосида мазкур лабораториялар қишлоқ хўжалиги соҳасида экин майдонларининг агрокимёвий, агрофизикавий ва агроекологик ҳолатини баҳолаш, қурилиш соҳасида ғишт, бетон, металл ва арматураларнинг қаттиқлиги ҳамда зичлигини аниқлаш, фармацевтика ва озиқ-овқат саноатида кимёвий (элементлар таркиби) ва биологик таҳлилларни амалга ошириш, шунингдек, чорвачилик соҳасида биофизиологик ва биокимёвий тадқиқотлар ўтказиш ҳуқуқига расман эга бўлди.

