ҲАМКОРЛИКДА ЯНГИ ЙЎНАЛИШ
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Хитой Халқ Республикасининг Сиан нефть университети билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида Сиан нефть университети филиалини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланди.
Ушбу битимга эришиш мақсадида ўтказилган онлайн музокараларда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Акмал Аҳадов, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Ҳаким Хушвақтов ҳамда бошқа масъул раҳбар ва мутахассислар иштирок этдилар.
Онлайн музокаралар давомида Ўзбекистон Республикасида нефть-кимё ва муҳандислик йўналишлари бўйича замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга, халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош бўлган малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янги босқичга кўтариш, хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари илғор тажрибасини таълим жараёнига кенг жорий этиш, шунингдек, улар билан барқарор ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Пировардида Хитой Халқ Республикасининг Сиан нефть университети билан эришилган келишувлар асосида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Сиан нефть университети билан ҳамкорликда қўшма олий таълим муассасасини ташкил этиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик битими лойиҳаси тайёрланиб, томонлар ўртасида имзоланди. Шунингдек, Сиан нефть университети филиалини ташкил этишга доир ташкилий-ҳуқуқий тайёргарлик ишлари, инфратузилмани шакллантириш, кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнини йўлга қўйиш босқичлари ва уларнинг амалга ошириш муддатлари келишиб олинди.




