Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат ташриф буюрди.

    Мартабали меҳмонларни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов кутиб олди.

    Икки томонлама олиб борилган музокараларда Ҳиндистоннинг бир қатор университетлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, IT мутахассислари тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, туризм тармоғини ривожлантириш ҳамда археология соҳасида тадқиқотлар олиб бориш бўйича ҳам келишувларга эришилди.

    -Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўлими томонидан шу кунга қадар Ҳиндистоннинг 15 га яқин университетлари билан алоқалар йўлга қўйган, - дейди СамДУ ректори Рустам Холмуродов. – Бугунги кунда университетимизнинг бир қатор факультет ва бўлимларида ҳиндистонлик олим ва профессорлар фаолият олиб боради. Хусусан, инглиз тили кафедраси мудири, профессор Равиндер Гаргеш, трансформация маркази директори, профессор Моҳд Назиш Хон, табиий ва аниқ фанлар кафедраси профессори Кристо Анант шулар жумласидан. Мамлакатларимиз ўртасида йўлга қўйилган алоқалар туфайли Самарқанд давлат университетининг Топ-1000 талик халқаро рейтингдан ўрин олиши, янги методология намуналари асосида талабаларга сифатли таълим бериш, ҳамкорликликда илмий тадқиқотлар олиб бориш йўлида олимларимизнинг бирга меҳнат қилаётгани биз учун қувонарли ҳодиса.

    -Самарқанд азал-азалдан илм-фан маркази бўлиб келган, - дейди Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат, - Мамлакатларимиз орасидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган ушбу кўҳна алоқалар бардавом бўлишига ишонаман. Ўйлайманки, илм-фан ва таълимдаги ҳамкорлигимиз улкан муваффақиятлар эшигини очади ва икки мамлакат таълим тизимининг келгуси тараққиёти учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар