Самарқанд давлат университетининг 20 нафар талабаси ўқишини Томск давлат университетида (Россия) давом эттиради…

Самарқанд давлат университети халқаро таълим дастурлари факультети 8 бакалавриат йўналишида мутахассисларни тайёрлаб, 2+2 таълим дастури бўйича Россия, Исроил, Жанубий Корея, Хитой каби давлатлардаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб келмоқда.
Ушбу факультетнинг иқтисодиёт ва рақамли иқтисодиёт таълим йўналишидаги илк қардирғочлари ҳисобланган 20 нафар талаба халқаро таълим дастурлари бўйича ўқишини Томск давлат университетида (Россия) давом эттиради. Ўқишини муваффақиятли тамомлаган талаба иккала университетнинг ҳам бакалавр дипломига эга бўлади.
- Самарқанд иқтисодиёт коллежини иқтисод тармоқлари йўналиши бўйича тамомлаганман, - дейди СамДУ халқаро таълим дастурлари факультети талабаси Фарангиз Боқиева. – Келажагимни шу соҳада кўрганлигим боис ушбу йўналиш бўйича Самарқанд давлат университетида ўқишга қарор қилдим ва бунга эришдим. Икки йил давомида етарлича билим-малакага эга бўлдим. Эндиликда ўқишимни қолган икки йилини Томск давлат университетида давом эттираман. Бизга бу имкониятни яратиб берганлиги учун Самарқанд давлат университетига миннатдорлигимни билдираман…
- 4 йил давомида иккита университетининг дипломига эга бўлиш мен учун улкан шараф, - дейди талаба Жаҳонгир Бобомуродов. – Икки йил давомида замонавий таълим технологиялардан фойдаланган ҳолда билим ва кўникмага эга бўлиб, чет тилларини ўргандик. Бу бизнинг келажак пойдеворимиз учун муҳим аҳамият касб этади. СамДУ да олган билимларимизни мустаҳкамлаш учун яна ўқишимизни икки йилини Россияда давом эттирамиз. Насиб қилса яна икки йилдан кейин юқори малакали мутахассис бўлишимга ишонаман…
- Кун сайин ёшларимизга берилаётган имкониятларни кўриб, инсоннинг қувонгиси келади. Фарзандим энди чет элда ўқийди, деб бемалол ғурурланиб айта оламан, - дейди талабанинг отаси Азамат Турсунов. – Бугун фарзандимнинг тўғри танлов қабул қилганлигига яна бир карра амин бўлдим. Иккита университетда ўқиб, малакали мутхассис ҳамда юртимиз учун муносиб кадр бўлишига ишонаман…
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.