Самарқанд давлат университети тадқиқотчиси Францияда тил малакаларини ошириш бўйича стажировка дастурида иштирок этмоқда...

Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўлими услубчиси Зарифа Эшмуродова айни вақтда Франциянинг Клермонг Оверн университетидаги CAVILAM – Оммавий ахборот воситалари ва тилни амалий ёндашув асосида ўрганиш марказида ташкил этилган стажировка дастурида иштирок этмоқда. Мазкур дастурнинг мақсади чет элликларга француз тилини ўргатишга қаратилган бўлиб, ҳар йили 120 мамлакатдан келган 4 мингдан ортиқ тадқиқотчиларни қабул қилади. Биз тадқиқотчи билан боғланиб, ушбу дастурдаги иштироки билан қизиқдик.
- Клермонг Оверн университети қошида ҳар йили мунтазам равишда хорижликларнинг француз тилидаги билимини чуқурлаштириш мақсадида мана шундай дастурлар амалга оширилади, - дейди Зарифа Эшмуродова. - Ушбу дастур хорижий тилларни ўқитишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан француз тили ўқитувчиларига педагогик стажировка ўташ учун ташкил қилинган. Унда тил курслари дарслари билан биргаликда Франция гастрономияси, вино саноати, маданияти, Франция шаҳарлари, тарихий обидалар бўйлаб саёҳатлар ташкил қилинади. Ҳар бир тил курси бошланишидан аввал, стажёрлардан 4 та компетенция бўйича француз тилидан тест синовлари олинади. Натижаларга қараб, стажёрлар А1, А2, B1, B2 ва C1 даражали гуруҳларга бўлинади ва дарслар шу даражалар асосида ташкил қилинади. Мен ушбу дастурнинг C1 даражали гуруҳида малака оширмоқдаман.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати