Нилуфар Омонова, Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультети талабаси, “Келажак бунёдкори” медали соҳибаси, “MIT академия” ўқув маркази раҳбари:

    - Бугунги учрашув ҳаётимда муҳим ҳодиса бўлди. Муҳтарам Президентимиз билан мулоқотда Ўзбекистонда IT, ахборот технологиялари соҳаларини ривожлантириш, ёш дастурчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, келгуси режалар менда жуда катта таассурот қолдирди. Жумладан, IT соҳасида фаолият юритаётган қизларни рағбатлантириш мақсадида энди уларга ҳам Зулфия номидаги Давлат мукофоти берилишини жуда қувончли ҳодиса.

     Кўпчилик қизларнинг  дастурчи бўлиши,  IT  ни ўрганиши ўғил болаларга қараганда қийин, деб ҳисоблайди. Бунга сабаб, биринчидан атроф-муҳит таъсири бўлса, иккинчидан аксарият қизлар ўзининг кучига ишонмаслиги. Кўп мактаб битирувчилари, тенгдошларим билан суҳбатлашганимда, “Дастурлаш қийин, мен қиз бола бўлсам, қўлимдан келармикан?” деган гапларни эшитаман. Лекин ўзимнинг мисолимда уларга тушунтираманки, агар инсон ўз кучига ишонса, астойдил ҳаракат қилса, албатта кўзлаган натижасига эришади.

    Маҳбуба Салимова, Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультети талабаси, “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танлови ғолиби:

    -Бугун  IT мутахассислари билан бирга ўтказилган мажлисда Ўзбекистонда IT соҳаси билан боғлиқ қатор муаммолар ва таклифлар кўриб чиқилди. Мен  бундай катта йиғилишда биринчи марта қатнашишим. Жуда самимий руҳда ортиқча расмиятчиликларсиз бўлиб ўтди. Президентимиз ҳар бир вилоят вакилларидан таклифлар қабул қилиб, суҳбат ўтказди. Жумладан, Самарқанд вилоятидан берилган таклифга асосан, вилоятда дастурчи қизлар сонини кўпайтириш ва уларда IT соҳасига қизиқишни ошириш бўйича топшириқлар берди ва бу ишларни амалга оширишда Самарқанд мактабига таяниб ишлашни таъкидлаб ўтди. Ишончим комилки, яқин кунлар ичида йиғилишда айтиб ўтилган барча таклифлар амалда бажарилиб, Ўзбекистоннинг IT салоҳияти янада ошади. Албатта бунда мен ҳам ўз ҳиссамни муносиб равишда қўшишга ҳаракат қиламан.

 

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати